Guardian тақиқланган ўзбек поп қўшиқчилари ва Гугушани солиштирди

Image caption Гулнора Каримованинг ватанпарвалик мавзусини четлаб ўтадиган қўшиқлари Ўзбекнаво томонидан муҳокама этилмаган

Британияда чоп этиладиган Guardian рўзномасининг шанба кунги сонида Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси қатор санъаткорларнинг лицензияларини бекор қилгани ҳақида мақола чоп этилган.

Шу ҳафта Ўзбекнаво томонидан чиқарилган буйруқда Дилфуза Раҳимова, Отабек Муталхўжаев, Дилшод Раҳмонов, шунингдек, Уммон ва Манго гуруҳларининг қўшиқлари "миллий қадриятлар ва менталитетга зид" эканлиги ҳақида айтилган.

Яна қатор қўшиқчилар огоҳлантирилиб, ижодларидаги камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгиланган.

Гардиан ёзишича, Ўзбекистонда ҳаётнинг ҳамма жиҳатлари узоқ муддатдан бери қудратда бўлиб келган Президент Ислом Каримов раҳбарлиги остида қаттиқ назорат қилинади. Унинг қизи Гулнора Каримова ҳам турли саҳналарда тез-тез кўриниш бериб туради ва у ҳам қўшиқчилик соҳасида ўз интилишларига эга.

Январь ойида у франциялик машҳур актёр Жерар Депардье билан бир клипни суратга туширди. Бундан ташқари Гугуша тахаллуси остида икки албом ҳам чиқарган. Ўз маданий фаолиятининг таркибий қисми сифатида у халқаро мода ва заргарлик буюмлари кўргазмалари иштирок этиб туради.

Қўшиқчиликдан махрум қилинган хонандалардан фарқли ўлароқ, Гулнора Каримованинг асосан муҳаббат ҳақида бўлган ва ўз шеърлари асосида яратилган қўшиқлари инглиз тилида куйланади. Гугушанинг қўшиқларида ҳам ватан ва ватанпарварлик мавзуси мавжуд эмас.

У томонидан чиқарилган охирги "Ҳаддинг сиғдими" клипида Гугуша стулда ўтирган ярим яланғоч эркак ўнгида тургани тасвирланган, дея айтилади Guardian рўзномасидаги мақолада.

Ўзбекистондаги ташкилотлар томонидан санъат ва санъаткорларнинг фаолиятига аралашиш биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

Бир мунча муддат аввал давлат телевидениесида рэп қўшиқчилиги "ахлоқий бузуқлик"ка олиб келувчи "ёвуз йўналиш" эканлиги айтилган ҳужжатли филм намойиш этилганди.