Президентнинг муҳожирлар ҳақидаги гапларига Би-би-си ўқувчилари қандай муносабат билдиришмоқда?

Image caption Президент Каримов Ўзбекистонни деярли чорак асрдан буён идора этиб келади

Президент Каримовнинг хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида билдирган фикрларига Би-би-си ўқувчилари турлича муносабат билдиришмоқда.

Ўтиб бораётган ҳафтада Жиззах ва Сирдарё вилоятларига сафар қилган президент Ислом Каримов хорижда меҳнат қилаётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаган ва уларни "тиламчилар"га тенглаштирганди.

Ўзбекистон президентининг меҳнат муҳожирлари ҳақида билдирган бундай фикрлари 20 июн куни Ўзбекистон Телевидениеси орқали намойиш этилди.

"Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканади, ки ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!" - деб айтган Жиззах вилоятига сафари чоғида вилоят фермерлари ва фаоллари билан учрашган президент Каримов.

Би-би-си электрон почта манзилига келган мактубларнинг аксари меҳнат муҳожирларининг ўзларидан.

"Жуда хунук гап қилибдилар, муҳтарам Президентимиз. 5-6 миллион ўзбек мухожир ишчи десак, шундай ишчиси йўқ оила Ўзбекистонда йўқ ҳисоби," - деб ёзади ўзини "Кетмончи" деб атаган ўқувчи.

"Ўзбек" исмли ўқувчи эса айнан муҳожирлар туфайли Ўзбекистон иқтисодий инқирозда эмаслигини ёзади.

"Нега муҳожирлар дангаса экан ва нега ўртоқ Каримов муҳожирлардан жирканар экан?! Ахир муҳожирлар кўтариб турибди-ку иқтисодий тангликни! Дангаса одам узоқ юртларга бориб, оиласини боқиш учун қанча қийинчиликларга бардош бериб юрмайди" - деб ёзади "Ўзбек".

Би-би-си веб саҳифасининг яна бир ўқувчиси эса ўз фуқаролари ҳақида бундай фикр билдирган раҳбар, агар ўзга давлатда бўлса, ўз сиёсий келажагига "нуқта" қўйган бўларди, деган фикрни билдирган.

"Агар дунёдаги бошқа бирорта давлат президенти "мен ўз фуқароларимдан жирканаман," - деса, ўша вақтнинг ўзидаёқ сиёсий ҳаётига нуқта қўйилади," - деб ёзади у.

Би-би-сининг Фейсбукдаги сафҳифасига ўз фикрини қолдирган Азимбай Атаниязов эса президент Каримовдан бошқа фикрни кутиб бўлмаслигини ёзган.

"Қизиқ гап бўпти-ку, ҳа. "Пўлат қандай тобланди" дан руҳланиб ўсган авлод вакилидан бошқача гап чиқиши қийин" - деб ёзган Азимбой Атаниязов исмли Фейсбук ўқувчиси.

Фейсбук саҳифасида ўз фикрини қолдирган тожикистонлик шоир Ҳасан Ғаюб эса "Президент Каримов ҳақиқий ҳаёт реалликларидан узилиб қолган!" - деган хулоса билдирган.

Ҳасанбой Тошбоев исмли Би-би-си ўқувчиси Каримов чиқиши ҳақидаги гаплар уйдирма деган фикрда.

"Бу, менимча, бўлмаган гап. Ўзбекистон фуқароларини президентга қарши қилиш учур ўйлаб топилган," - деб ёзади Ҳасанбой Тошбоев.

Умид Холлиев исмли Би-би-си ўқувчиси эса президент Каримов фикрига тўла қўшилишини таъкидлаган.

"Мен ҳозир ҳафтада 5 кун 4 соат учун 150 долларга ишчи топа олмаяпман. Яна тушлик мени ҳисобимдан. Ҳамма Россияга кетган қолганлари ҳақиқатда "дангасалар". Мен буни икки карра ишонч билан айтаман. Уйида бекор ўтиради аммо 150 долларга 4 соат ишламайди," - деб ёзади Умид Холлиев.

Шахнозахон исли ўзбекистонлик фейсбук аъзоси эса президент фикрини қўллаб-қувватлаган: "Тўғр айтилган гап. Шу ердаям ҳеч ким очдан ўлгани йўқ! Ишлаган тишлайди, бизам ривожланиб тараққий этиб олайлик кўчаларимизни супуртириб пул тўлаймиз ҳали... Ўша кунлар келишини кутиб яшайман!" - дея умид билдиради Шахнозахон.

Даврон Насимов исмли фейсбукдаги Би-би-си гуруҳи аъзоси Шахнозахонни фикрига қуйидагича муносабат билдирган:

"Адашасиз Шахнозахон. Бизда ўғирлаётган, давлатни талон-тарож қилаётганлар албатта яшаяпти. Оддий аҳолини эса ҳукумат фақат эзишни билади. Мажбурий пахта меҳнати шулардан бири мисол. Қамоқхонадан фарқи йўқ-ку бизда!"

"Жаноб Каримовни вазифаси бунақа гапларни гапирмасдан халқини иш билан таъминлаб қўйишдир," - деб эътироз билдирган Тошкентдан Жасур. - "Каримовдан шунақа гаплар эшитсак уни қўл остидагилар бундан баттар қилади."

"Мен бугун РОССИЯ ва хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир муҳожирни бугунги куннинг ҚАҲРАМОНИ, деб биламан. - деб ёзади Шер Назаров исмли Би-би-си ўқувчиси. - "Улар у ерда ишлашга мажбурлар... Бизни бутун дунёга ШАРМАНДА қилаётганлар эса бизнинг амалдорлардир."

Владивостокдан ўзини "Супер дангаса" деб атаган Би-би-си ўқувчиси эса президент Каримов гапларини рус сиёсатчиси Владимир Жириновский қарашларига муқоиса қилади:

"Ростанам меҳнат муҳожирлари бизнинг қаҳрамонлардир. Жириносвкий "гастербайтер" деб атади. "Дангаса" бунинг ўзбекчасими?"

Бу мавзуда батафсилроқ