Москвада фаррошлар норозилик билдиришмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ойлаб иш ҳақи ололмаётган фаррошлар яна норозилик билдиришмоқда.

- Текинга ишлаш жонимизга тегди, - дейди қўзғолончи фаррошларнинг “раҳбари” Абдували - Аҳволимиз тобора танглашиб бораяпти. 3 ойдан бери эртаю кеч ишлаймизу, иш ҳақидан дарак йўқ!

Бу Замоскворечье ҳудуди меҳнат муҳожирларининг илк норозилик чиқишлари эмас. Бундан аввал ҳам бир неча бор ойлик талаб қилиб ўтказган иш ташлашлари ва норозиликлар самарасиз кечганди.

Ўтган гал фаррошларни ўзлари иштирок эта олишмади. Иш берувчиларнинг дўқ-пўписалари уларни чўчитган эди. Қолаверса, улар хужжатсизликлари туфайли полиция ходимлари билан юзма-юз келишга юраклари дов бермаганди.

Саноқсиз ваъдалар, сарсонгарчиликлар ва танглик бу гал фаррошларнинг сабр косасини тўлдирди.

Меҳнат муҳожирлари учун ёрдамга Меҳнат Қашшоқлиги Иттифоқи фаоли Никита Ечков ва ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Акмал Баратовлар етиб келди.

- Бизнинг ташкилотимиз меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек эзгу ишга бел боғлаган, - дейди Н.Ечков. – Улар ҳам россияликлар сингари 8 соат ишлашга, улар қатори яхши маош олишга, яхши шароитларда яшашга, меҳнат таътили ёки даволаниш учун вақт ажратишга тўла ҳуқуқлилар. Бу ҳуқуқларни тиклаш учун жамоатчилик асосида курашишга қарор қилдик.

Қўзғолон уюштирган фаррошларнинг ойлик маошлари 11 минг рублни ташкил этади. 20 нафар ўзбекистонликлардан иборат жамоа пойтахт марказидаги анчайин катта ҳудудни тозалигига жавобгар.

- Бизни қандай ишлашимизни маҳаллий аҳолидан сўраб кўринглар, - дейди Мақсуд. – Ҳамма ёқни тозалаб, обод қилиб юрибмиз. Аммо ишимизга яраша жавоб олмаётганимиз алам қилади!

- Уч ойдан бери маош олмаётган бўлсангиз, қандай тирикчилик қилаяпсизлар?, - дея сўраймиз фаррошлардан.

- Қўшимча ишларни қилиб тирикчиликка пул топаяпмиз, - деди Абдували. Бўш вақт топиб юк ташиймиз, бировларнинг хизматини қилиб кун кўраяпмиз.

Унинг айтишича, фаррошлар учун ажратилган ётоқхонада яшашади, шароитларини эса юмшоқроқ қилиб айтганда “қулай” деб бўлмайди. Абдувалининг ўзи қарийб 10 йилдан бери Москвада, айнан шу ишда.

- Ойлаб маош берилмаслик ҳолатлари аввал ҳам такрорланганми?

- Ҳар йили шу аҳвол, - дейди фаррош. – Ҳатто ўтган йили шунчалик чалкашмовчилик бўлдики, ўртада бир ойлигимиз берилмай қолиб кетди. Тониб туриб олишди.

Йигитлар ишга расман жойлашмаганликлари туфайли ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб эта олмайдилар. Талаб этишганда эса, ваъдадан бошқа ҳеч бир натижа бўлмайди.

- Ўтган галги иш ташлашимизни суратлари билан “Мой район” газетаси чоп этди. Газетани олиб бошлиғимизни ҳузурига кирсак, кўриб устимиздан кулди, - дейди Абдували.

Сўзларининг исботи сифатида Абдували иш берувчига қўнғироқ қилиб, қачон иш ҳақи берилишини сўради. Алексей исмли иш берувчидан қуйидаги гапларни эшитдик:

- Эртага ёнларингизга ўтаман, Абдували. Лекин пул бўлмаслиги аниқ, фақат гаплашгани бораман. Ойликни эса, ҳаракат қилаяпмиз...

Фаррошларни ишга ёллаган “Венера” фирмаси раҳбарияти ҳам, ҳукумат ҳам фаррошлар меҳнатига беписанд қараётгани кундек равшан. Йигитларга ёрдамга чоғланган Никита ва Акмал улардан керакли маълумотларни олишди.

- Фаррошларни ноқонуний ишлаётганликда айблаб, иш ҳақи беришни рад этмасликлари учун аввало йигитларнинг хужжатларини тартибга келтирамиз, деди Акмал Баротов. - Аввалги иш ташлашларда ҳам полиция йигитларни ФМХ билан қўрқитиб тарқатиб юборган.

Меҳнат муҳожирлари бу гал ортга чекинмасликларини айтишмоқда. Афсуски, бу Москвадаги биргина ҳолат. Баъзан бундай вазиятларда осонгина таслим бўлиб уйга кетишни ихтиёр этаётганлар ҳам бор.

- Чарчадим. Барибир пул бермайди, – деди уйга қайтаётган меҳнат муҳожири. – Ўзимизда ҳам ҳаёт яхшимаслигини биламан, лекин бошқа нима иложим бор?!

Нима учун бошқа иш топиб қўя қолмайсизлар, деган саволимиз эса яна хужжатлардаги муаммолар билан изоҳланди.

Қолган йигитлар эса иш ҳақларининг кечикиб бўлса-да, тўланишидан умидворлар.