"Эркин бўлмаган матбуот қандай қилиб тараққиётга хизмат қилади?"

Image caption Ўзбекистон матбуоти тарқатадиган хабарлар қаттиқ расмий назорат қилинади.

27 июнь - Ўзбекистонда 1993 йил 24 июнда чиқарилган президент фармонига кўра Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида байрам қилиб келинади.

Байрам муносабати билан жойларда тадбирлар ташкил қилинган ва илғор журналистлар тақдирланган.

Ўзбекистоннинг расмий марказий нашрларидаги мақолаларга назар ташласак, бир-биридан деярли фарқ қилмаслигини кўриш мумкин. Уларда матбуот соҳасидаги эришилаётган ютуқлар ҳақида хабарлар берилган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонунчилик фаолиятини ёритишда журналист маҳорати масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтганини ёзади.

Ушбу тадбирда қатнашганлар Президент Каримов раҳнамолигида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини одамларга етказишда, оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлашганини билдиради агентлик.

Шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати томонидан парламент фаолиятини ёритувчи журналистлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, парламент фаолиятини ёритишда фаол иш олиб бораётган бир гуруҳ журналистлар тақдирланганини маълум қилади.

Миллий Университетда Матбуотчилар куни муносабати билан ўтказилган тадбирдан хабар берган "Халқ сўзи" рўзномаси профессор-ўқитувчилар, журналистлар ва талабалар соҳа ривожи учун давлат томонидан барча шарт-шароит муҳайё этилганини таъкидлашганини урғулайди.

Дастлаб чиққан пайтлари ҳар қандай муаммони очиқ-ойдин айта олган, дастлабки мустақил "Ҳуррият" газетининг сайти матбуот муаммоларига алоҳида эътибор қаратмаган.

"Правда востока" рўзномаси Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига асосан келтиришича, республикада рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари сони 1305тага етган.

Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар сони эса 210тадир.

"Правда востока"да мустақиллик йилларида фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат тузишда матбуотга катта эътибор берилаётгани ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ислоҳотларда фаол қатнашаётгани таъкидланади.

Юқоридаги интернет нашрларида асосан юрт ободлиги , аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги улкан ютуқларнинг мадҳини ўқиш мумкин.

Ўзбек журналистикасининг бугунги аҳволи, мамлакатдаги муаммолар матбуотда қанчалик акс этаётгани ҳақида гапиришни сўраганларимизнинг аксарияти рад жавобини беришди.

Бизга интервью берган журналистлардан бири эса ўз исмини айтишимизни хоҳламади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги фақат сўзда.

"Цензура йўқлиги қайта-қайта таъкидлансада, журналистлар аввало ўзларидан қўрқишади. Сабаби ўз фикрини очиқ айтишга, агар у танқидий бўладиган бўлса, ҳаракат қилган журналистга осон бўлмайди. Ҳукумат қоғозда цензурани йўқотган бўлиши мумкин, лекин амалда бутунлай тескариси. Тўғри сўзни айтган журналист камида ишидан ажралиши мумкин. Бундай пайтда иш топиш ҳам қийин. Айниқса ёмонотлиқ бўлиб қолгач. Мисол учун, ўзим ишлайдиган газетада ҳам кўрган-билганим, ўйлаганим ҳақида эмас, ёлғон ёзишга, мақташга мажбурман, дейди у. Журналистика юқоридан туриб бошқарилади, эркин эмас. Телевидение, радио, газета-журналда ким ҳақида ёзиш-ёзмаслик ҳақида оғзаки буйруқ берилади. Ким айтгани номаълум- вазирликдан, аппаратдан дейилади. Ҳатто қайси сўзни, қайси исми-шарифни ишлатиш-ишлатмаслик таъкидланади. Бунинг нимаси эркин матбуот ва у қандай тараққиётга хизмат қилиши мумкин? Бугун ўзбек журналистикасининг муаммоси бу – эркинликнинг йўқлиги "- дейди тошкентлик журналист.- Шунинг учун одамлар расмий газеталарни, давлат телевидениесини кам кўришади, одамлар шоу- бизнес ёритилган нашрларни кўпроқ ўқишади. Чунки у ерда озроқ бўлса ҳам ҳақиқат ёзиляпти, дейди суҳбатдошимиз.

Фаоллар Ўзбекистонда айни пайтда бирорта ҳам мухолиф сайти ёки нашри йўқлигини, интернет назорат қилиниши, ахборотлар чекланиши, мамлакат ичкарисидаги ҳукуматга мухолиф фикрдаги журналистлар эса таъқиб этилиб, бир қанчаси ҳибсга олинганига эътибор қаратиб келишмоқда.

Куни кеча АҚШ сенаторлари Ислом Каримовдан қамоқда сохта айбловлар билан қамалиб, соғлигини йўқотган Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид каби журналистлар ва ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновни озод қилишга чақиришган эди.

Ўзбек журналистларига етишмаётгани фақат билим ва савиями?

Ўзбекистон ичкарисидаги ва ҳатто, ҳукумат нашрларида ишлайдиган журналистлар ҳам бугун деярли ҳар бир нашрда ички цензура мавжудлигини айтишади.

Президент Каримовнинг онда-сонда, аксариятнинг ишонишича, журналистларни ёлғондакам жасурликка чақириқлари ҳам вазиятни ўзгартираётгани йўқ.

Исмини ошкор этишни истамаган журналистга кўра, Ўзбекистонда матбуотни уч даврга бўлиб ўрганса, манзара бироз ойдинлашади, биринчи давр бу - Шўро Ўзбекистони матбуоти, унда матбуот ғоя ташувчи восита эди.

Қайта қуриш даврида эса, Ўзбекистонда исёнкор матбуот ўртага чиқди...

Бугунги матбуот эса...

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди