Кечирим сўрашга мажбур бўлган юлдузлар қаерга бораётганларини билмайдиларми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Америкалик машҳур қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопес вакили тарқатган баёнотга кўра, Лопес хоним Туркманистондаги абгор инсон ҳақлари вазияти ҳақида хабардор бўлганида Президент Бердимуҳамедов туғилган кунига бормаган бўлар эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган куни муносабати билан ташкил қилинган базмда қўшиқ куйлагани учун Женнифер Лопесни танқид қилганлар.

29 июн куни Президент Бердимуҳамедовнинг 56 ёшга тўлиши катта байрам қилиб нишонланган.

Базму-зиёфат Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилида, Туркманбоши шаҳри яқинида барпо этган "Овоза" курорт ҳудудида бўлиб ўтган.

Жаноб Бердимуҳамедовнинг 56 ёшга тўлиши кунида Женнифер Лопесдан ташқари Россиядан Филипп Киркоорв, Сати Казанова, Ани Лорак, шунингдек, Туркия ва Ливандан санъаткорлар борганлар, улардан айримлари Twitter орқали хабарлар тарқатишни бошлаганлар.

Инсон ҳуқуқлари учун жамғармаси - HRF 30 июн куни эълон қилган баёнотда Лопес хонимни танқид қилган.

У Туркманистон президенти базмида қатнашиб Amnesty International ташкилотининг Мексика хотин-қизлари ҳуқуқларининг ҳимоячисидек унвонини обрўсизлантирди, дейилади HRF баёнотида.

Концертда Женнифер Лопес оқ рангдаги Туркман миллий кийимида саҳнага чиққан ва "Туғилган кунингиз билан, мистер президент" деган қўшиқни куйлаган.

Бироқ Женнифер Лопес жаҳон миқёсида танқидларга тутилган илк юлдуз эмас.

'Happy birthday Mr President'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2011 йили Ҳолливуднинг машҳур актёрлари Ҳиллари Свонк ва Жан-Клод Ван Дамм, скрипкачи Ванесса Мэй Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг 35 ёшга тўлиши муносабати билан Грозний шаҳрида ташкил қилинган базмда иштирок этишди.

Ван Дамм ўзининг сўзларини "Мен сизни яхши кўраман мистер Қодиров!", деб тугатди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Свонк хоним эса "Туғилган кунингиз билан табриклайман, мистер президент", деб айтган.

Инсон ҳақлари ташкилотлари собиқ Чечен дала қўмондони бўлган Рамзан Қодировни ўзининг танқидчиларини таъқиб этишда ва Чечен исёнчиларига қарши курашда инсон ҳақларини поймол этишда айблаганлар.

"Шарманда бўлдим. Мен қаерга бораётганимни билишим керак эди, яхшироқ ўрганишим керак эди", деб айтган кейинроқ Ҳиллари Свонк.

Қаддофийлар даврасидаги базмлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қаддофийлар оиласи Ливияни бошқарган замонларда машҳур юлдузлар давраларни безаган базму-зиёфатларни кўп бора ташкил қилган.

2005 йилдаги Венеция кинофестивали ўтаётган кунларда уюштирилган хусусий концертда америкалик рэппер 50 Cent қўшиқ куйлаган.

Италиядаги 2007 йилда бўлиб ўтган тор доирадаги тадбирда канадалик поп-юлдуз Нелли Фуртадо куйлаган.

2008 йилнинг охирги кунларида Кариб ҳавзасидаги авлиё Бартоломей оролида Қаддофийлар ташкил қилган янги йил зиёфатга Мерайя Керини таклиф қилишган.

Кейинги йил худди ана шундай зиёфатда Бейонсе қўшиқ айтган.

Балки бу поп-юлдузлар собиқ Британия бош вазири Тони Блейрнинг баёнотига қулоқ тутиб зиёфатларда қатнашгандирлар.

Жаноб Блейр полковник Қаддофийнинг халқаро майдонга қайтаётгани билан олқишлаган ва 2004 йил Ливия пойтахти Триполига бориб, марҳум Қаддофий билан қўл бериб кўришган эди.

Аммо 2011 йилдаги Ливиядаги норозиликлар қонли бостирилиши ортидан кўплаб юлдузлар Қаддофийдан олган пулларини хайрия ташкилотларига бериб юборганлар.

"Мен содда бўлган эканман ва қўшиқ айтишга ким буюртма берганини билмаган эканман. Бу барча санъаткорлар учун сабоқ. Биз огоҳ бўлишимиз керак ва бизнинг шоуларимизга ким буюртма бераётгани борасида кўпроқ масъулиятлироқ бўлмоғимиз лозим", деган Мерайя Кери.

Фуртадо 1 миллион долларни хайрияга берган.

Бейонсе маблағини зилзиладан жабр кўрган Ҳаитини тиклаш ишларига берган.

50 Cent пулларини UNICEFга ҳадя қилган.

Бойқотларни бойқот қилган Стинг

2010 йил Стинг Ўзбекистон Президенти Гулнора Каримова ташкиллаштирган концертда куйлаган.

Каримов репрессив режимни бошқаради.

БМТ ҳисоботларида Ўзбекистонда қийноқлар "систематик" қўлланилиши қайд этилган.

Бу мамлакатда қонуний мухолиф партия йўқ ва матбуотни давлат қаттиқ назорат остига олган.

Концертдан кейин Стинг Тошкентдаги концертни UNICEF ташкиллаштирган деб ишонганини айтган.

Бироқ Guardian рўзномасига кўра, UNICEF жамғармаси концерт ташкиллаштирганини рад этган.

Машҳур қўшиқчи Стинг эса Тошкентдаги тадбирда иштирок этганидан пушаймон бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yves forestier getty images

"Мен Ўзбек президентининг инсон ҳуқуқлари, шунингдек атроф-муҳит соҳасида обрўси абгорлигидан яхши хабардорман. Мен бунга қарамасдан ижро этишга қарор қилдим. Мен шунга ишонч ҳосил қилдимки, маданий бойқот фойдасиз амалгина эмас, балки контрпродуктивдир. Чунки тақиқланган давлатлар ғоя ва санъатнинг очиқ тижоратини янада кўпроқ ўмарадилар ва оқибатда янада ёпиқ, паранаоид ва ихоталанган давлатга айланади", деган Стинг.

Бунга жавобан Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Маррей ўзининг блогида ёзган эди: "Ваҳший режимни мадҳ қилиш учун махсус ташкил қилинган тадбирдаги ижроси учун унга 1 миллион доллар тўлашган. У ақлдан озган одамми?"

2012 йил октябрида Тошкентда Гулнора Каримова ташкил этган Style.uz ҳафталиги доирасидаги тадбирларда иштирок этгани учун туркиялик машҳур кино юлдузи Холит Эргенч танқид қилинган.

Туркия ва ўзбекистонлик фуқаро жамияти фаолларидан ташкил топган Истанбулдаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти "Муҳташам аср" сериалида Усмонли Турклари Императори Султон Сулаймон роли билан машҳур бўлган Холит Эргенчнинг "ўзбек диктаторининг қизини дастаклаши санъатга ҳақорат" эканини айтган.

"Ҳақиқий санъаткорлар озодлик ҳаракатлари ва инсон ҳақларини дастаклашади", дейилган гуруҳ тарқатган баёнотда.