Франция: Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулк 'хатланган'

  • 3 Июл 2013
Image caption Гулнора Каримова Оврўподаги таътилини тўхтатиб, Тошкентга қайтишга мажбур бўлгани айтилади

Тошкентдаги "Фонд Форум"га яқин манбаъ Би-би-сига француз полицияси Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулкни хатлаганини тасдиқлади.

Манбаънинг билдиришича, 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилган.

Франсуз полицияси Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амал қилгани айтилади.

Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.

Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".

'Фавқулодда вазият'

Тошкентдаги манбаънинг Би-би-сига маълум қилишича, рейд уюштирилган кунлар Гулнора Каримова Оврўпо мамлакатларидан бирида оиласи билан дам олаётган бўлган.

Рейдлар борасидаги хабарни эшитгач, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

"Ҳозирда у мазкур рейдлар юзасидан адвокатлар ёллашга ҳаракат қилмоқда", - деб айтди ушбу манбаъ.

Ҳодисани яқиндан тадқиқ қилган Organized Crime and Corruption Reporting Project нинг Би-би-сига айтишича, мулкни сотиб олиш учун Гулнора Каримова 95 фоиз улушга эга бўлган икки махсус ширкат таъсис этилган.

"Мазкур икки ширкат "Invest Studio" ва "InvestService Group" Швейцария ва Швецияда тергов остида бўлган ва Каримованинг яқин ҳамкорларидан саналган Алишер Эргашев томонидан бошқарилган", дейди Би-би-си манбаълари.

Швейцария ва Швецияда тергов қилинаётган жиноят ишлари доирасида ўзбекистонлик Гулнора Каримовага яқин шахсларга нисбатан айблов эълон қилинган, аммо Каримова хонимнинг ўзи гумондор эмас, деб ишонилади.

Бу мавзуда батафсилроқ