Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хорижий сармоядорлар камнамо Ўзбекистонда Хитойнинг яшаб қолаётгани сабаби нима?

Хабарларга кўра, Хитой Ўзбекистон билан Сирдарёда уяли телефонлар ва улар учун қўшимча қисмлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очган.

Лойиҳа 3 миллиондан ортиқ долларни ташкил қилиши айтилади.

Маҳсулотлар UZTE бренди остида сотувга чиқарилади. Режага кўра, корхона йилига 100 мингга яқин смартфонлар ишлаб чиқариши мумкин.

Яқинда Хитойнинг "China Coal Technology & Engineering Group" компанияси Сурхондарё вилоятида тошкўмир қазиб олиш тизимини модернизация қилиш тендерида ютиб чиққани ҳақида ҳам хабар берилганди.

Қиймати 101,3 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида уч йил ичида Бойсун ва Шарғун тош кўмир конлари кўмир ташиш тизимини модернизация қилиш режаланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2018 йилгача Ўзбекистонда кўмир ишлаб чиқариш 900, 000 тоннагача ошиши лозим.

Лойиҳа учун Кореянинг Эксимбанки 89 миллион доллар кредит ажратиши ва қолган маблағ "Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти томонидан берилиши айтилади.

Булар - Ўзбекистон ва Хитой ўртасида йўлга қўйилган ўнлаб бизнес лойиҳаларининг сўнггилари.

Бошқа тарафдан, Ўзбекистонда сармоя муҳити абгорлиги кўпда танқид остига олинаркан, кўплаб хорижий тадбиркорлар бу мамлакатга камнамо бўлиб қолишган.

Зеромакс, МТС билан боғлиқ можаролар, кичик ва ўрта тижоратлар ҳамон қоғозбозлик ва коррупция каби йирик муаммоларга юз тутгани сармоядорларни чўчитиб қўйгани ҳақида тез-тез гапирилади.

Аммо, шундай бир вазиятда ҳам Хитойнинг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда сармоядор сифатидаги роли кучайиб бораётганига сабаб нима?

Биз ушбу саволни иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайновга бердик.