Амирсаидхон Усмонхўжаев: 'шўро ҳукумати муфтий Бобохоновлар билан ҳисоблашар эди'

Image caption Амирсаидхон Усмонхўжаев кўп йиллар бобоси, тоғаси ва акасининг ёнида юриб, уч муфтий ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тўплаб келган

Амирсаидхон Усмонхўжаев - Ўрта Осиёнинг биринчи муфтийси, таниқли дин уламоси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг 37 набираларидан бири.

1944 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Ўрта мактабни тугатиб, Халқ хўжалиги институтида таҳсил олган.

1961 йилдан бошлаб савдо соҳасида хизмат қилган.

1977-79-йилларда Ўзбекистон Давлат савдо ва матлубот кооперациясининг раиси лавозимида хизмат қилган.

1984-1986 - йилларда Москвадаги СССР Министрлар Кенгаши қошидаги Халқ Хўжалиги Академиясида таҳсил олган.

1986-1990-йилларда Ўзбекистон савдо вазирининг ўринбосари бўлган.

Ҳозирда Бобохоновлар сулоласи тарихини ўрганиш ва диний-маънавий меросини тарғиб қилиш билан машғул.

2007 йил ноябрида Нижний Новгород вилояти муфтийси Умар Ҳазрат Идрисов ташаббуси билан Россияда "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси таъсис этилган ва жамғармага Амирсаидхон Усмонхўжаев раис этиб тайинланган.

2008 йилда Москвада унинг "Жизнь муфтиев Бабахановых: Служение возрождению ислама в Советском Союзе" номли биринчи китоби чоп этилади.

Ушбу китоб 2011 йилда Тошкентда "Динимиз фидойилари" номи билан нашр қилинган.

Китобга Россиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири ва Бош вазири Евгений Примаков сўзбоши ёзган.

Ҳозирда "Ислом маърифатчилари авлоди тарихидан" номли навбатдаги китоб устида ишлаётганини айтади.

Амирсаидхон Усмонхўжаев 2008 йилда Муфтий Бобохоновларнинг диний-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишдаги хизматлари учун Россия Муфтийлар кенгашининг "Ал-Фахр" ордени билан тақдирланган.

Бобоси- Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг асосчиси, биринчи раиси, айни пайтда Ўрта Осиёдаги беш жумҳуриятнинг муфтийси бўлган.

1945 йилда Эшон Бобохон ташаббуси билан Бухородаги "Мирараб" мадрасаси қайта очилган.

1957 йилда Эшон Бобохон 99 ёшида вафот этганидан сўнг, ўрнига ўғли Зиёвуддин Бобохон муфтийликка тайинланади ва 25 йил давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларига раҳбарлик қилади.

1971 йилда унинг ташаббуси билан Тошкентда собиқ Иттифоқдаги биринчи Ислом институти - Тошкент Олий Ислом Маъҳади очилади.

1982 йил декабрида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 74 ёшида вафот этишидан сал аввал, унинг ўғли Шамсиддин Бобохон муфтийликка тайинланган.

1989 йилгача муфтийлик лавозимида ишлаган.

1994 йилдан 2003 йилда 66 ёшида вафот этгунига қадар Ўзбекистоннинг аввал Миср, кейин Саудия Арабистони, шунингдек, Иордания, Қувайт, Баҳрайн ва Жазойирдаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб хизмат қилган.

Assalomu Alaykum. Mening savolim agar qandaydir provakatsion xarakterga ega bo'lmasa, javob berishingizni so'rardim.

Nega Shamsiddin Boboxon o'g'li muftiylikdan ketkazilgan? Ungacha muftiylik merosiy bo'lib kela turib, nega aynan u 7 yildan so'ng Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf bilan almashtirilgan?

Bugungi kunda muftiy Boboxonovlar avlodi din sohasida naqadar peshqadam? Ya'ni bugungi dindor elita - muftiyat, masjid imomlari orasida Boboxonovlardan kimdir bormi?

Javob uchun oldindan rahmat. Voris Usmonli

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Горбачёв даврида 1986 йилда Коммунистлар партиясининг Марказий Қўмитаси “Исломнинг таъсирига қарши курашни кучайтириш ҳақида” қарор қабул қилган. Бутун собиқ Иттифоқ худудида бу қарорни бажарилиши қаттиқ назорат остида бўлган. Ўзингизга маълум бўлса керак, Ўзбекистонда Раъно Абдуллаева Марказқўмнинг мафкура бўйича котиби нима найрангларни кўрсатгани. Шамсиддинхон акам динимизнинг ривожи, диний кадрлар тайёрлаш масаласида мустақил фикрга эга эдилар. Халқаро Ислом анжуманларида қатнашиб юрган Шамсиддинхон акамлар Москвадаги раҳбарларига ушбу қарорнинг мусулмонларга ва динга қарши эканлиги, Ислом оламида қандай қабул этилгани ва Иттифоқ обрўйига салбий таъсир кўрсатмоқдалигини тушунтирганлар, ва қандай қилиб бу оғир вазиятдан чиқишни маслаҳат қилганлар. Иттифоқ Дин ишлари бўйича Кенгаш раҳбари бу маслаҳат Иттифоқ сиёсатига қарши деб топган ва “Юқори”(Кремл)га “ноқулай” муфтийни алмаштириш ҳақида ўз таклифини киритган. Таклиф маъқулланиб, алмаштириш масаласи ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, 1989 йил феврал ойида ижро этилган. Тарихдан маълумки, ҳар бир даврда мустақил фикрга эга бўлган яхши маслаҳатчилар ўз фикрида қолиб, четга чиқиб қолган. Лекин Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов Шамсиддинхон акамни улкан халқаро диний ва илмий тажрибасининг қадрига етиб, у кишига 1994 йилда масъул дипломатик вазифани ижро этишни топширдилар.

Бобохоновлар авлодидан дин соҳасида ҳеч ким йўқ, лекин барча собиқ республикаларда дин элитаси орасида Бобохоновлар шогирдлари кўпчиликни ташкил этади.

Ассалому алайкум, улуғ улмолар ҳақидаги фонднинг ташкил этилгани хайрли иш бўпти. Аммо нима учун Фонд Ўзбекистонда эмас, Россияда очилган? Ўзбекистонда уни рўйхатдан ўтказишга уриниб кўрдингларми?.

Шуҳратбек

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Ўринли савол. Муфтийларнинг шогирди, Нижний Новгород вилояти муфтийси Умар ҳазрат Идрисов, унинг ноиби Дамир ҳазрат Муҳетдинов, маданиятшунос Жаннат-Сергей Маркус 2007 йил май ойида Тошкентга келишган эди. Шу йили Умар ҳазрат Тошкент ислом маъҳадини тугатганига 20 йил тўлган экан. Шу сабаб билан улар Тошкент ва Бухоро шаҳарлардаги авлиёлар ва устозларини зиёрат қилишни ният қилишган экан. Авлодимиз дўсти Анвармирзо Ҳусаиновнинг – ўша даврда Россия муфтийлар кенгаши раиси маслаҳатчиси ташаббуси билан меҳмонлар Шамсиддинхон акамни хонадонига ташриф буюришди. Устозлар ҳаққига дуолар қилинди. Суҳбат чоғида мендаги шажара ҳақида сўз очилди, аждодбошимиз изларини топиш йўлида қилган ҳаракатларим ҳақида ҳикоя қилдим, тўплаб қўйган хужжатларимни, сувратларни кўрсатдим. Суҳбатим ва ҳужжатларим меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Умар ҳазрат мени Нижний Новгород шаҳрида ўтадиган исломшунослар конференциясига меҳмон сифатида таклиф этди ҳамда устозлари ҳақида китоб нашр этишга кўмак беришини айтди.

2007 йил, 14 майда Конференцияда мен сўзладим, Диний идора кутубхонасига Муфтий Бобохоновлар фаолиятига оид китоблар тақдим этиб, Умар ҳазратга топширдим. Менинг ахборотим конференция қатнашчилари учун янги маълумот бўлди. Умар ҳазрат устозларига бўлган ҳурматини баён қилиб, улар номи билан аталувчи жамғарма тузишни ташаббускори бўлди. 2007 йил ноябр ойида жамғарма Нижний Новгород шаҳрида расмий рўйхатдан ўтказилди, мени эса авлод вакили сифатида жамоатчилик асосида раис бўлишга таклиф этишди. Мен рози бўлдим.

Ўзбекистонда жамғарма очиш ҳақида масала кўтарилгани йўқ. Ўтган давр ичида жамғарма раиси сифатида мени Россия мусулмонларининг хар йилги форумларига, Россия давлат гуманитар университети, Шимолий Кавказ Ислом университети маркази ўтказган конференцияларга таклиф этишди. Жамғарманинг асосий мақсади маърифатчиликдир, мусулмонларга муфтийлар ҳаёти ва фаолияти ҳамда қолдирган маънавий мероси ҳақида ахборот бериб, исломий тушунчаларни, исломий мўътадил, тўғри йўлларни тарғиб этишдан иборат. Зарурият бўлса, кейинчалик Жамғарма фаолиятини кенгайтириш мумкин бўлар.

Ҳурматли Амирсаидхон ака! Зиёвуддин Эшон Бобохонов хақларида жуда кўп ва хўб хайрли ишларини амалга оширганлари ва Ўзбек халқининг буюк фарзанди бўлганларини таъкидлаш жоиз. Зиёвуддин қори акамларнинг шогирдлари Фозил қори Ёсин ўғли жаноблари хақида ҳам хотираларини абадийлаштириш бўйича бирор илмий китоб ёки бошқа ишларни амалга оширилмоқдами?.

Ходжиахмад Камалджанов

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Марҳум Фозил қори Ёсин ўғли уламо, Ўзбекистон Вазирлар Махкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, масжид имоми бўлганлар, ўзларидан яхши ном қолдирганлар. У кишининг фаолиятини ёритиб бериш вақти келиб қолар, иншааллоҳ!.

Ассалому алайкум муҳтарам Амирсаидхон ака. Қийин даврларда, дин-афюн деб қораланган вақтларда , албаттаки, ҳокимиятнинг уламоларга муносабати илиқ бўлмаган. Сизнинг бобонгиз, умуман, Бобохоновлар сулоласи шунга қарамай, анчайин хайрли ишларни қилганлар. Қандай йўл тутишган улар, қандай қилиб тил топишишган коммунистлар билан ва мафкура ҳамда дин ўртасида қандай мувозанат сақлаганлар, гапириб берсангиз. Раҳмат.

Муҳиддин.

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Шўро мафкураси халқимизни диндан, исломий мерос ва қадриятлардан айирган эди. Муфтий Бобохоновлар сулоласи 1943-1989 йилларда Шўро давлатида динимизни қайта тиклашга, диний кадрлар тайёрлашга, халқлар ўртасида дўстлик ўрнатишга хизмат қилди. Уч муфтий совет мусулмонлари етакчилари сифатида жаҳонда тинчлик учун курашчилар сафида бўлишган. Шу даврда шўролар хукумати мусулмонлари вакили сифатида улар Жаҳон Тинчлик Кенгаши аъзоси (Хелсинки), Совет Тинчлик Қўмитаси ҳайъат аъзоси (Москва), Осиё ва Африка халқлари бирдамлик ташкилоти ҳайъат аъзоси (Москва, Қохира), Дўстлик ва мадиний алоқалар Совет жамияти ҳайъат аъзоси (Москва) ҳамда шу ташкилотларнинг Ўзбекистондаги бўлимларига ҳайъат аъзоси этиб сайланишган. Хорижда эса, Масжидлар бўйича Олий Кенгаш (Макка), Жаҳон Ислом Конгресси (Карачи), Ислом ишлари бўйича Жаҳон Олий Кенгаши (Қоҳира) ва Ислом тамаддунини ўрганиш бўйича Иордания Қироллик Академияси аъзоси бўлишган. Совет давлатини жаҳондаги 80 га яқин Ислом ва араб давлатлари билан дипломатик ва иқтисодий алоқалар ўрнатилишида аҳамиятли ўрин тутишган. Муфтий Бобохоновларнинг жаҳон миқёсидаги обрўйи жуда юксак эди, бу билан шўро ҳукумати раҳбарлари ҳисоблашар эдилар. Шунга қарамасдан даҳрийлар сиёсати динимизга ва диндорларга тўсқинлик қилишга уринарди.

Assalomu alaykum hurmatli BBC mehmoni! Ziyovuddin Bobohonovdan keyin tayinlangan muftiylar, ularning faoliyati haqidagi fikrlaringizni bilmoqchi edim. Rahmat.

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Зиёвуддинхон Бобохоновдан кейин ўғлилари Шамсиддинхон Бобохонов Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси ва муфтийлик вазифасини етти йил мобайнида бажариб келганлар. Улардан кейин бўлган муфтийлар мустақил Ўзбекистонда Президентимиз томонидан динга ва диндорларга берилган эркинлик даврида фаолият кўрсатмоқдалар. Улар фаолиятига расмий баҳони 1992 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита беради.

Assalomu alaykum, bobolaringiz dinimiz uchun buyuk ishlarni qilishgani ko’rininb turibdi. Bugun ham dindor bo’lish osonmas. Diniy idoraning chizgan chizig’idan chiqsangiz bo’ldi, olib borib, qamashadi. Vahhobiy, Hizbu Tahrir deyishadi. Rossiya bilan O’zbekistondagi diniy erkinlikni qiyosan, qanday baholagan bo’lardingiz? Muslihiddin

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Россияда диний эркинлик берилгани билан диний аҳвол жуда ачинарли аҳволда. Бир неча минг ёш мусулмонлар хорижга диний билим олишга бориб келишди. Лекин қайси давлатнинг Ислом ўқув юртларида қайси ўқув дастури бўйича ўқиб қандай фикр-ғоя билан қайтганини хеч кимни қизиқтиргани йўқ. Уларнинг кўпчилиги асосли илм ва керакли тажрибага эга бўлмай туриб, янги ташкил этилган диний идоралар, масжидлар, 30 га яқин исломий ўқув юртлар ва исломий нашриётларда иш бошлашди. Натижада муфтийлар сони 73 га етди. Совет давлатида 4 та диний идора ва 4 та муфтий бўлган. Бугунги кунда Россия мусулмонлари орасида бирдамлик сезилмайди. Қарама-қаршиликлар жуда кўп, уларни Кавказ, Татаристон республикалари мисолида кўриб турибмиз.

Алҳамдуллилоҳ, Аллоҳга минг қатла шукурки, мустақиллик халқимизга исломий мерос ва қадриятларимизни кайтарди. Ўзбекистон диний ўқув юртларида илмли домлалар дарс ўтишмоқда. Имомларнинг малакасини ошириш Имом ал-Бухорий номли Халқаро Марказ 2007 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. Ҳар икки ойда 60 нафар имом малакасини ошириб бормоқда.

Юртбошимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарларида таъкидлангандек: “Бугунги кунда Ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Халқимиз маънавиятини шакллантиришга, ҳар бир инсоннинг Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”.

Мусулмонлар ва ёшларимизни хақиқий тарихий маълумотлар билан таништириш, уларнинг маънавий билимини тўлдириш, исломий тушунчасини ойдинлаштириш, хавф-хатарлардан огоҳ бўлдириш, тўғри йўлга йўналтириш диний ва дунёвий илмлар орқали амалга ошади. Баъзи бир бизнинг ёшларимиз исломий илмга ва тушунчага эга бўлмай туриб, фақат намоз ўқишни ўрганиб олиб, “хақиқий мусулмон” бўлдик, деб ғурурланиб юришибди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг саҳобаларидан Абу Ҳурайра (Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) айтганларки: “Бир соат дин илмини ўрганишим, кечаси билан намозда туришимдан кўнгиллидир”. Қолаверса, масжидга бориб намоз ўқиш билан мусулмончилик кифояланиб қолмаган. Қуръони Каримда илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир ояту ҳадислар жуда кўп учрайди. Шу қаторда олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани айтиб ўтилган.

Марҳум муфтий Бобохоновлар имомларга шундай насиҳат берганлар:

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон: “Имоматчиликнинг шарафи жуда юксак. Шунга яраша масъулияти ҳам оғир. Имом собитқадам, қатъиятли, шаънига доғ туширмаган одам бўлиши керак. Ўқимишли, илмли мутахассис сифатида кўп сонли диндорлар орасида Қуръони карим оятларининг маъноларини шарҳлаб, изоҳлаб, тафсир қилиб беради. Агарда имом заррача хато қилса, одамлар Қуръони Карим маъноларини тескари тушуниб қолишлари мумкин”.

Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон: “Агар халқ сизни ҳурмат қилишини, қилган хатти-ҳаракатларингиздан Аллоҳ рози бўлишини хоҳласангиз, аввал ўзингизни ҳурмат қилинг, ўз қадр-қимматингизни сақлай билинг, художўй бўлинг, хайрли ишларни амалга оширинг, инсон деган буюк номга доғ туширманг. Номаъқул ҳаракатлардан сақланинг. Ҳалимлик мусулмонни безайди”. Менинг фикримча, бу насиҳатлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Шамсиддинхон Бобохонов “Ҳеч бир давр динни нотўғри ташвиқот қиладиганлардан холи бўлган эмас. Бундай шахслар ўзларини ҳақиқий диндор олим, Қуръону ҳадисни яхши биладиган деб ҳисоблайдилар ва ибодатларни хотиржам бажариб келаётган мўминларни турли васвасалар билан чалғитишга ва уларни тшғри йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Умуман, хавфли ери шундаки, Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларни тўғри талқин қилиб, улардан ҳақиқий маъно ва ҳукмлар олиш ҳам мумкин ёки суистеъмол қилган ҳолда, улардан турли ғаразларда фойдаланиш ҳам мумкин”.

Совет даврида масжидлар сони республикамизда 100 га яқин эди. Мустақиллик даврида масжидлар сони янги қурилганлар ҳисобига 1955тага кўпайди. Янги масжидларда ишни юритиш учун тайёр олий исломий илмли имомлар йўқ эди. Шу сабабдан туманларда баъзи исломий тушунчага эга бўлмаган, диний ва дунёвий фикри-ғояси шакилланмаган ёшлар чала саводли имомлар даъватига учиб ваҳҳобийлар, Хизбут Таҳрир ва бошқа оқимларга билмай, адашиб кириб қолиб, ўзларини қийин аҳволга солиб қўйишган.

Assalomu alaykum, oilangizda yetishib chiqayotgan yosh din olimlari bormi? Umuman, sulolangizning davomchilari haqida gapirib bersangiz. Yana bir savol, savdo vazirining orinbosari bolgan ekansiz. Hozir savdoda juda ko’p cheklashlar bor, mol olib kelish, mol chiqarish qiyin. O’zbekistondagi savdo va biznesni yahshilash uchun nima qilish kerak, deb hisoblaysiz?.

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Авлодимизда исломий тушунчага эга бўлганлар, диний илмларга қизиқиши бўлганлар ҳам бор, лекин кейинчалик улар диний ташкилотларда иш олиб бориши ўзларига ҳавола. Савдо вазирлигидан кетганимга 23 йил бўлди. Шу даврда савдо юритишда янги кадрлар етишиб чиқди, янгича бизнес юритиш қоидалари ва қонунлари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда бизнес ривожланмоқда, уни яхшилаш бўйича таклифингиз бўлса, ўрнатилган тартибга риоя қилиб, тегишли ташкилотларга киритинг.

Amir aka! O'zbeklar diniy bilimlardan ko'ra dunyoviy bilimlarni egalllashi kerak degan fikrga qanday qaraysiz? Dunyoviy bilimlar bizni yoruqlikka chiqardi oxirgi 80 yil davomida. Afsuski dinga berilgan davrda o'zbeklar juda qashshoq bo'lishgan va Rossiyaning bosiqini oldida texnika masalasida ojiz qolishgan.

Bunyod

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Бизнинг юртимиздан етишиб чиққан мусулмон олимлари жаҳон илм-фанига асос солганлар. Афсуски, бу масала шўролар давлатида берк бўлган. Олимларимиздан қолган илмий ва маънавий мерос мустақиллик даврида ойдинлаштирилмоқда, ўрганилмоқда. Бугунги кундаги ёшларимиз турли хил илмий олимпиадаларда иштирок этиб, мукофотга сазовор бўлмоқдалар. Алҳамдулиллоҳ, бугунги кунда дунёвий билим олиш масаласида биз ҳеч кимдан кам эмасмиз.

Assalomu alaykum Amirsaidxon janoblari!1.Bobongiz Fazilatli ulamo shayx Eshon Boboxon(Alloh rahmatiga olsin)hazratlarining o'z uylarini O'rta Osiya va Qozog'iston musulmonlari diniy idorasiga bergan eski shahardagi uylari hozir ham mavjudmi?2.Boboxonovlar ajdodlari Ahli sunna va jamoani Shofiy mazhabiga amal qilgan degan gaplarga asos bormi? Odiljon Mahdumiy

Амирсаидхон Усмонхўжаев: 1. 1996 йилда Қорасарой кўча қайта таъмирланганда, бир қанча хонадонлар орасида бувамнинг уйлари ҳам бузилган.

2. Аждодларимиз Имом Аъзам мазҳабини ушлаб, Баҳовуддин Нақшбандий йўлида бўлишган. Ўз даврида катта бувам Абдулмажидхон ибн Юнусхон ва отам Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Нақшбандия Пири деб тан олинишган.

Assalomu alaykum. Uzr, bu jamgarma haqida Shayh Muhammad Sodiq nema fikrdalar? Ijobiymi eki salbiy?.

Fahriddin

Амирсаидхон Усмонхўжаев: Уларнинг фикрларини сўраган эмасман.

Би-би-си меҳмонининг фикрлари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Фикр ва мулоҳазаларингизни пастдаги боғланиш формаси орқали йўллашингиз мумкин.

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk

Бу мавзуда батафсилроқ