Ишсиз фуқаро давлатдан 8 миллион сўм товон пули талаб қилмоқда

Image caption Абдураззоқ Содиқов расмийларни ишсизлик билан боғлиқ рақамларни сохталаштиришда айблайди

Тошкентда ишсизлик бўйича бошланган биринчи маҳкамада даъвогар давлатдан 8 миллион сўм товон пули талаб қилган.

Пойтахтнинг Олмазор туманида яшовчи фуқаро Абдураззоқ Содиқов аслида бу пул камлиги, ўзига етказилган маънавий зарарнинг миқдори бундан анча кўп эканини айтади.

Шайхонтоҳур туманлараро маҳкамаси шу йилнинг апрелида киритилган даъво аризасини кўриб чиқишни бир неча марта кечиктириши ортидан, ниҳоят, маҳкама шу кунларда ўзининг илк мажлисини ўтказган.

Олмазор туманидаги "Бешқўрғон" маҳалласи фаоли Абдураззоқ Содиқов "Бандликка кўмаклашиш маркази" раҳбариятини ишсиз фуқароларни рўйхатга олишдан бош тортиш ва ишсизликка доир статистик маълумотларни қалбакилаштиришда айблайди.

'Қамоқда ҳам уч маҳал овқат текин...'

47 ёшли Абдураззоқ Содиқов 2012 йил декабригача Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университетнинг Ботаника боғида боғбонлик қилиб келган.

Ўзининг айтишича, раҳбариятга берган амалий таклифларига рад жавоби олгач, ишдан бўшашга қарор қилади.

31 декабр куни "Бандликка кўмаклаши маркази" уни аввалига иш изловчи сифатида рўйхатга олишдан бош тортади, аммо прокурорнинг аралашувидан сўнг рўйхатга олинади.

Бироқ марказ ишсиз фуқарога нафақа тўламайди.

"Фақат 3 ой ўтиб, апрел ойида компютер курсига қатнаш учун 59 минг стипендия беришди", - дейди уч фарзанднинг отаси.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентнинг Хадра майдонидаги бир ойлик компютер курсига қатнаш учун 300 минг сўм ҳаражат қилган.

Image caption Вилоятларда аҳвол янада ёмонлиги айтилади

Даъвогарнинг айтишича, "Бандлик маркази" унга бир ойда 13 минг 200 сўм нафақа тайинланишини айтган, аммо уни ҳам тўламаган.

"Марказ бошлиғи менинг Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири номига йўллаган шикоятимдан кейин "нафақа берилмоқда" деб ёзган жавобини ўз кўзим билан кўрдим. Аммо мен ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ", - дейди аризачи.

"Битта сигиримни ҳам сотиб, еб бўлдик. Чунки коммунал тўловларни тўлашим керак эди. Аёлим касал. Шундай бўлса ҳам, бутун оилани боқиш ҳозир унинг бўйнида".

"Қамоқда ҳам уч маҳал овқат текин, бу ёқда эса одамлар ишсиз, қорнига пул тополмаяпти", - дейди у.

Маҳкамада иштирок этган "Бандлик маркази" инспектори Умида Алимбекова аризачининг даъволарини рад этган.

"Бандлик хизмати вакили шундай манзарани чиздики, худди Ўзбекистонда биз жаннатда яшаётгандай", - дейди Абдураззоқ Содиқов.

Ишсизлар рўйхатга олинмайди

Амалдаги тартиб бўйича ишсиз фуқаро аввалига "иш изловчи" сифатида рўйхатдан ўтиши керак.

Бир ой давомида иш тополмаса, унга ишсиз мақоми берилиш керак.

Аммо бандлик марказлари фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олишдан бош тортиши айтилади.

Олмазор туман Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Би-би-сининг "Олмазор туманида қанча ишсиз ёки иш изловчи рўйхатдан ўтган?" деган саволига жавоб беришдан бош тортди.

Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, ишсизлардан рўйхатга олиш учун шунча кўп ҳужжат талаб қиланадики, амалда рўйхатдан ўтиш имконсиз.

"Мен ўзим маҳалла фаоли сифатида ўнлаб одамларни бандлик марказига жўнатганман. Энди эса, ўз тажрибамда синаб кўраяпман", - дейди у.

Маҳалла фаоли бандлик марказини маҳкамага тортишдан мақсади мамлакатдаги ишсизлик муаммосига эътибор қаратиш эканлигини таъкидлайди.

Шайҳонтоҳур туманлараро маҳкамаси даъвогарнинг Олмазор туман "Бандликка кўмаклашиш маркази" ҳисобчиси ва яна қатор масъул ходимларини маҳкамага чақириш ҳақидаги талабини қондирган.

Маҳкаманинг навбатдаги мажлиси 12 июл куни ўтиши кутилмоқда.

Расмий рақамлар

Ўзбекистонда иш изловчи ёки ишсиз сифатида рўйхатдан ўтишнинг қийинлигини расмий рақамлар ҳам тасдиқлайди.

Давлат Статистика Қўмитаси шу йил мартида эълон қилган рақамларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатда ишсизлик даражаси 4.9 фоиз ёки 628.2 минг кишини ташкил этган.

Шулардан фақат 9.4 минг кишигина иш изловчи сифатида рўйхатга олинган, холос.

Амалда мамлакатдаги ишсизларнинг ҳақиқий сони бир неча миллион деб ишонилади.

Ўтган ой Жиззах вилоятига сафари чоғида Президент Ислом Каримов Ўзбекистонда "ҳеч ким очидан ўлмаётгани ва кўчаларда тиланчилар қолмагани" ни айтган.

Президентнинг баёноти ортидан пойтахтнинг "Эски Жўва" бозорида тиланчилардан тозалаш амалиёти ўтказилгани хабар қилинган.

Президент хорижга иш излаб бораётганларни "дангасалар" деб таърифлаб, Москва кўчаларини супураётганлар "ўзбекни шарманда қилаётгани"ни айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ