Ўзбекистонда ғалла мавсуми ва ё 'фермерларни туянинг устида ҳам ит қопгани шуми?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўзбекистонда ғалла мавсуми қизғин паллага кираркан айрим туманларда уни ташишда ҳайдовчиларга ҳақ берилмаётгани айтилади.

Ҳаққини талаб қилувчи ҳайдовчилар, сиёсатга аралашмаслик билан дўқ пўписа қилинмоқда. Бу йилги ғалла мавсуми қандай бораётгани ва фермерларга нима қолаётгани борасида Ўзбекистондан юборилган мактуб

Айни пайтда Янгийўл туманида шахсий манфаатда ишлатиш учун бирорта “Зил” маркали ёки юкни ўзи тўкувчи машина тополмайсиз. Юк машиналарининг ҳаммаси ғалла ўримига сафарбар қилинган.

Қачонлардир давлатга қарашли автокорхоналар йўқолиб кетган, юк машиналарининг аксарияти хусусий бўлиб кетган бўлса-да, улар давлат ғалласини ташишга мажбур.

“Ғалла ўрими бошланиши билан машина билан ҳайдовчининг инон-ихтиёри ҳокимият қарамоғига ўтади. Комбайн тунги бирда ишдан тўхтаса, биргача даладан ғалла ташиймиз. Ҳеч қандай важ-карсонлар ўтмайди”, - дейди Зил машинаси ҳайдовчилардан бири.

Ҳайдовчиларга кўра ғалла ташиб берилгани учун машиналарга метан газ солиб берилади. Ишлагани учун ҳеч қандай маош ёзилмайди.

- Ўтган йиллар яхши эди. Бир неча марта бориб келгандан сўнг, тупроқ, шағал ташиб бир икки сўм ишлардик. Бу йил шу нарса ҳам йўқ.

Ҳайдовчилар: "Текинга ғалла ташимайман. Бу менинг шахсий машинам", деб айта олмайди.

Ҳокимдан: “Сен менинг ғалламни ташияпсанми ёки уйимга олиб бориб тўкдирдимми. Сен халқнинг, давлатнинг буғдойини ташияпсан. Сиёсатга аралашгинг келиб қолдими”, деган гапни эшитасиз.

Шунинг учун, элга келган тўй, деб ҳайдовчилар ғалла ташиши билан банд.

- Мабодо, машинангиз бузилиб, ёки балонлари тешилиб чиқолмай қоладиган бўлсангиз, туманда умуман юролмай қоласиз. ГАИларнинг қора рўйхатига тушасиз ва бир ой текин ишламаганигиз учун 11 ой тирикчилик қилолмайсиз, дейди ҳайдовчи.

Бироқ, халқники дейилаётган буғдой халққа текинга берилмайди. Ҳамма жойда бўлгани каби дўкондан ҳаққини бериб кейин олади.

Ғаллани ташиш учун фермернинг ҳисобидан ҳам шу пуллар олинади. Аммо, қаерга ва кимнинг чўнтагига кетиши номаълум.

Ҳамма жойларда ҳам бундай эмас. Мисол учун бошқа вилоятларда юк машиналарининг эгаси фермер билан шартнома тузади ва ҳар бир рейси учун пул олади.

Фермерга ҳам осон тутмаслик керак. Бугунги кунга келиб фермерлар давлат мажбуриятини бажарувчи ишчи бўлиб қолган холос.

Машҳур кинодагидек, “Фермер пахтани ўтоқ қил, фермер ғаллага сув қўй, фермер нимага чеканка қилмадинг. Фермер пахтани териб ол”.

Буғдой ўрилаётганда эса, фермер бир чеккада қолиб далани ҳоким, миршаб ва прокурор босиб кетади. Шартномада қанча ёзилган бўлса, ортиғи билан олиб кейин кетишади.

Президент Ислом Каримов неча маротаба телевизордан чиқиб: “Фермерлар дадил бўлинглар, орқаларингда ўзим турибман”, - деб далда беради.

Аммо, президентнинг муносабатини кўриб, ушбу гапларида жон борми ёки номига айтилдими, деган шубҳа пайдо бўлади.

Яқинда юртбоши Жиззах ва Сирдарё вилоятига бориб фермерлар билан ҳам учрашди. Уларга қимматли маслаҳатларини берди ва икки вилоятда ҳам режани бажармаган нечта фермер борлиги борасида сўради.

Эътибор беринг, мажбуриятни бажармаганлар ҳақида сўраяпти. Ҳа, фермерларнинг орқасида турган бўлса, дадил дадил: “Нечта фермер қарз бўлиб қолган”, деб сўрамайдими?

Жиззах вилоятидаги бир туманда қарздор бўлмаган кўпи билан 2 фермер чиқса керак. Режани бажарган тақдирда ҳам ҳукумат буғдой ва пахтани сотиб олаётган нарх шу даражада ерга урилганки, давлатдан сотиб олинадиган ёнилғи, ўғит, транспорт ва ишчиларнинг ҳаражатларни қопламайди.

Лекин, бундай ёқимсиз ҳолларни Юртбоши билмасликка олади, фермерлар эса қўрққанидан ҳам қўлини кўксига қўйиб: "Камчилик йўқ, Ислом ака. Сиз бошчилигингизда ҳаммаси яхши бўлаяпти", дейишга мажбур.

- Давлат томонидан берилган режани юз фоиз бажаргач, яна 10 фоиз ихтиёрий мажбурий равишдаги нормани бераман. Агар ҳосил яхши келса, қолган буғдой менга қолади, - дейди ҳар йили режани бажаришига қарамасдан, давлатдан 200 миллион сўм қарз бўлиб қолган фермер.

Бундан ташқари ҳоким ҳиммат қилса, сомонини йиғиб олишга изн беради. Агар ер катталар ўтадиган йўл ёқасида бўлса, сомон ҳам йиғиб олинмасдан ерни ҳайдатиб юборади.

Бу йил ёғингарчилик яхши бўлиб ўт сероб бўлгани учун сомоннинг ҳам нархи тушиб кетди. Бир дона прессланган сомон минг сўм.

Уни ҳам техникаси бўлмагани учун фермер ҳаммасига ўзи эгалик қилолмайди. Шаҳардан прессловчи техникаси бор тадбиркор фермернинг ерига келади. Ҳар 100 прессдан 40 тасини фермерга бериб қолган 60 тасини хизмат ҳаққи сифатида олиб кетади. Фермерни "туянинг устида ҳам ит қопади", деганлари шу бўлса керак.