"Биометрик паспорт талаб қилиниши қонунга зид"

Image caption Паспорт бериш жараёнининг самарасизлиги ва ёзнинг иссиқ кунларида соатлаб навбатда туриш кўп фуқароларни қийнамоқда

Ўзбекистон ҳукуматининг расмий хабар агентлиги билдиришича, нобиометрик паспортлар 2015 йил охиригача амал қилади, ҳамда ўқишга кириш ёки чет элга сафар қилиш учун биометрик паспорт талаб қилиниши қонунга зиддир.

Бу ҳақида ЎзА миллий ахборот агентлигига интервью берган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаев билдирган.

Ўзбекистон раҳбарининг 2009 йил 23 июнда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан мамлакатда аҳолига халқаро стандартларга жавоб берадиган биометрик паспортлар топшириш давом этмоқда.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон 2015 йил охиригача биометрик паспорт тизимига тўлиқ ўтади.

Аммо, Ўзбекистондан олинаётган кўплаб хабарларга кўра, янги паспорт олиш жараёни қоғозбозлик ва норасмий қўшимча тўловлар билан мураккаблаштирилган.

Одатда 9 кунда бериладиган паспорт сунъий талабнинг орттирилиши ва ресурсларнинг етишмаслиги натижасида камида бир ой деганда берилмоқда.

Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи аёл ёз мавсумининг иссиқ кунларида кўплаб одамлар сарсон бўлаётганини айтади.

"Очередга ёзилиш керак, кейин соатлаб кутиш керак. Баъзилар пул бериб очередга ёзилаяпти ва очереди келганда телефон орқали чақирилиб, келиб олиб кетишаяпти. Бошқалар жазирама иссиқда тикка туришибди, коридор одамга тўлиб кетган, ким нима қилаётганини ҳам билмайди, кабинетма-кабинет юриш керак. Ман кечки соат саккиз яримгача кутиб, кейин кетдим", - дейди у.

Суҳбатдош яқин орада чет мамлакатга чиқишга шайланаётгани, бироқ ОВИР визаси босиб берилиши учун янги биометрик паспорт олиши айтилганини билдирди.

Жаноб Тошхўжаевнинг айтишича, ўқишга кириш учун ҳужжат топширишга уринган талабалардан янги биометрик паспортни талаб қилиш ноқонуний амалдир.

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийлиги белгилаб қўйилган. Шунга асосан, олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан, бошқа таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқароларимиздан биопаспорт талаб қилиш ушбу фармон талабларига зиддир. Амалдаги нобиометрик паспорти ҳақиқий бўлган фуқаролар ўқув юртларига ўша паспорт асосида ҳужжат топширишлари, ўқишга киришлари мумкин", - дейди у.

Жаноб Тошхўжаев хорижга чиқиш учун авиакассадан чипта олгани борган фуқаролардан ҳам биопаспорт талаб қилинаётган ҳолатларни изоҳлар экан, бу каби талаблар ҳам қонунга зидлигини билдирган.

"Фуқароларнинг амалдаги нобиометрик паспортлари 2015 йил 31 декабргача ҳақиқий ҳисобланади ва фуқаролар амалдаги паспортлари асосида авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олишлари мумкин. Шунга кўра, паспортининг амал қилиш муддати тугамаган фуқародан авиакассадан чипта олишда биопаспорт талаб қилиш қонунга зид", - деб айтган расмий.

Ўзбекистон, Шимолий Корея ва Саудия Арабистони билан бир қаторда, ўз фуқароларидан чиқиш визасини талаб қиладиган саноқли мамлакатлардан биридир. Энг репрессив ва ёпиқ режимлардан бири деб кўрилган Куба жорий йил бошида чиқиш визасини бекор қилди.