Нега Ўзбекистонда деҳқончиликдан катта даромад олиш қийин?

Image caption Ўзбекистонда ҳўл ва қуруқ мева бошқа қўшни давлатларга нисбатан доимо арзон бўлади

Айни пишиқчилик пайти Ўзбекистонда мевалар нархлари қўшни давлатларга нисбатан бир неча баравар арзон бўлади.

Тошкентдан 800 чақирим масофадаги Олма отада килоси 5 доллар бўлган узумни Тошкент вилоятида деҳқонлар улгуржи нархда 18 центдан сотишга мажбур.

Мутахассислар Ўзбекистонда нарх наво экспортга қўйилган сунъий тўсиқлар туфайли ушлаб турилганини айтишади.

Фарғона водийси ва Тошкент вилоятидан узум, шафтоли, помидор ва бодринг каби маҳсулотларни олиб келиб, Жиззахда сотиш билан шуғулланадиган Масъуд нархлар тез-тез ўзгариб туришини айтади.

"Узумни 1000 сўмдан олаётгандик, бугун 1600 – 1800 гача чиқиб кетибди. Сабабини билмайман. Қизғишроғини 1500 дан берди, олиб келиб дўконларга топширдик. Шафтолини 1300 дан олдик", - дейди Масъуд.

Масъудга кўра, улар меваларни ўртада турган тужжорлардан олишади. У боғдан меваларни икки баравар арзонга олиш мумкинлигини айтади.

Мисол учун, сал олдинроқ 25 кило ўрикни боғдан 1 долларга олган.

"Водийдан ўрик ташидик, банан солинадиган қутини тўлдириб уч минг сўмдан олдик. Ичига 25 кило кетади. Қизларга дарахтдан тердириб оласиз, ҳар бир қиз кунига 20 минг сўмдан ишлайди", - дейди Масъуд.

Жиззахлик Зиёдилла ака олдин фермерларнинг қўлида ишлаб деҳқончилик қиларди. Фермер томонидан берилган ерга қовун, ошқовоқ экиб тирикчилик қилган. Аммо, етиштирган маҳсулотини "сув текин"га сотгани учун бу ишни ҳам йиғиштириб қўйганини айтади.

"Мен нима эксам, ўша йили арзон бўлади. Бир йили ошқовоқ эккан эдим. Килосини 160 сўмдан сотдим. Ўша йили ошқовоқ кўпайиб кетди. Ундан олдин қовун эккан эдим, қовун кўпайиб кетди. Кейин "борей" деб, деҳқончилик ҳам қилмай қўйдим", - дейди Зиёдилла ака.

Зиёдилла ака олти ой ишлаб, бир гектар ердан 6 тонна маҳсулот олган. Қилган даромади эса 800 минг сўмни ташкил қилган.

Деҳқоннинг айтишича, қовун, ошқовоқ каби маҳсулотларининг асосий харидори Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан келган харидорлар бўлган.

Ўзбекистонлик деҳқонлар етиштирилган ҳосилни ўта арзон баҳода сотишга мажбур эканликларини айтишади.

Бунинг бир неча сабаби борлиги айтилади.

"Шулардан бири - деҳқонларда ҳосилни чет элда сотиш имконлари йўқлиги," - дейди "Машварат-Маслаҳат" консалтинг фирмаси асосчиси, иқтисодчи Анвар Ҳусаинов.

"Ҳосилни Россия, Қозоғистон ёки Оврўпога етказиш учун махсус транспорт керак. Бу мевалар тез бузиладиган маҳсулот ҳисобланади. Уларни хорижга олиб бориш учун махсус транспорт воситалари керак. Совуқхоналарга эга бўлган темир йўл вагонлари ва юк машиналари керак. Аммо уларнинг нархи осмонда", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Транспорт воситаларидан ҳам ташқари деҳқонларнинг олдида турган асосисй муаммолардан бири бу - четга маҳсулот олиб чиқишда давлат томонидан қўйиладиган сунъий тўсиқлар.

Агар бирор маҳсулот нархи Ўзбекистонда кўтарилиб кетса, ҳукумат чегараларни ёпиш билан нархни туширишга ҳаракат қилади.

Тижоратчилардан бирининг айтишича, май ойида сотувга чиқадиган "Қўқон" гилосини улгуржи нархда 2500 сўмдан олиб келишган.

Аммо шу куни Россияга кетиши керак бўлган вагон қолдирилгани сабаб бир "Камаз" гилос бозорда 2000 сўмдан сотилган. Мева чегарадан тўсиқларсиз чиқиб турган вақтда гилос бозорда тўрт минг сўмгача сотилаётган эди.

Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов амалдорларда мевани хорижга чиқаришни тўхтатиш орқали ички бозорда нарх навони тушириш мумкин, деган нотўғри қараш шаклланиб қолганини айтади.

"Бу иқтисодий жиҳатдан жуда ҳам нотўғри фикр. Чунки деҳқон ўз меҳнатидан катта фойда оладиган бўлса, фойдасини осмонга олиб чиқиб кетмайди. Фойдасига ўзига янги механизация воситалари сотиб олади. Ерга берадиган ўғитларни сотиб олади. Янги иш ўринларини ташкил қилиб махсулотни икки-уч баробарга оширади", - дейди Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра, фермер ва деҳқонлар кам даромад кўраётгани боис, ҳаттоки, четдан олиб келинган ўғитни ҳам сотиб ололмайдиган даражага тушиб қолган.

Қоғозда деҳқонларнинг манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилот ва уюшмалар бўлса-да, амалда уларнинг манфаатларини давлат ва холдинг компаниялар олдида ҳимоя қилувчи бирорта ташкилот йўқлиги айтилади.