'Ҳукумат халқни газсиз яшашга кўниктирди, энди қувурларни кесса ҳам билинмайди'

Image caption Ўзбекистоннинг кўплаб қишлоқларида одамлар анчадан бери ўтин, тезак ё кўмир ёқишади

"Газ қувурларини кесиш икки ойча олдин бошланди" - дейди Хоразмлик ҳуқуқбон Ҳайитбой Ёқубов - "Маҳаллий ҳокимиятлар одамларга қишга тайёрланинг, ўтин-кўмирни ғамлаб қўйинг дейишаяпти".

"Узоқ йиллардан бери газсиз қолаётган ҳудудларни иккиламчи ёқилғи, яъни ўтин-кўмир билан таъминлаш тўғрисида буйруқ ҳам берилган"

Жаноб Ёқубовнинг айтишича, қувурлар кесилаётганини маҳаллий газ идоралари айнан қишга тайёргарлик, деб изоҳлашмоқда. Узоқ йиллардан буён газ келмагани боис, қувурларнинг кесилиш ё кесилмаслиги эса одамлар эътиборини унчалик тортмаётган кўринади.

Хоразмда сўнгги 10 йил давомида нафақат қишлоқ, балки шаҳарларда ҳам газ таъминоти ёмонлашиб келгани айтилади.

"Лекин баъзи пулдор ё амалдор одамлар бир неча чақиримдан қувур ётқизиб, ўзлари учун газ ҳам келтиришаяпти" - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Оддий одамлар эса йиллар давомида қўлидан келганича қишда исиниб, овқат пиширмоқда. Қурби етган кўмир ёки ўтин сотиб олади. Аммо бу ёқилғи қимматлиги боис, иложсиз инсонлар ё ғўзапоя, ё тезак ёқиб овқат қилиш ҳамда исинишга мажбурлар.

Ток таъминоти тузукроқ шаҳарларда эса одамлар электр иситгичлардан фойдаланадилар.

Газсиз қувурни кесди нима, кесмади нима?

Ўзбекистон жанубидаги қишлоқларда кўпчилик газ қувурлари кесилаётганидан хабарсизлигини айтишади. Аммо бу қувурлар шундоқ ҳам бўш эди, деб қўшиб қўядилар.

Бироқ айрим фаолларга кўра, бу айнан обдон ўйланган сиёсат бўлиши мумкин.

Image caption Ўтин ё кўмирга пули етмайдиган оилалар ё далада ғўзапоя йиғишади, ё тезак қуритишади ва ё кўчада ўтин теришади

"Бурноғи йили ишлатилмаган газ учун пул тўлагандик" - дейди Қашқадарёдан ҳуқуқбон Гулшан Қораева - "Газ беринглар десам, улар менга газ келмаса, қувурни кестириб ташлай қолинг деб айтишган".

"Менимча, одамларни газсиз яшашга бир неча йил давомида кўниктириб, мана шундай секин-аста қувурли газ таъминотидан воз кечилаётган бўлиши мумкин".

Бироқ бу воқелик ҳали бутун мамлакат бўйлаб давом этаётгани номаълум.

Журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳозир Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида бу жараёнлар секин-аста бошланган.

" Ҳозир давлатдан суюлтирилган газ сотиб олиб, қишлоқларни балонли газ билан таъминлайдиган ширкатлар ишлайди" - дейди журналист.

Бироқ суҳбатдошимиз аҳолининг сурункали газсиз қолиши жойларда илдиз отган коррупцияга боғлиқ, деб билади.

"Ҳукумат газ таъминотида чеклов жорий этган ва буни оқлаб бўлмайди" - дейди Абдураҳмон Ташанов - "Аммо ана шу чекловли газ ҳам газ тақсимлаш нуқталаридаги коррупция туфайли аҳолига етиб бормаяпти".

Газни Хитойга сотиб...

Ўзбекистон газ захиралари чорак асрдан сал кўпроққа етиши айтилади. Минтақанинг 300 йилга етадиган аксар газ бойлиги Туркманистон ҳудудида.

Шундай бўлса-да, бугун Ўзбекистон Россия ва Хитойга катта миқдорда газ сотмоқда. Мамлакат, шунингдек, Афғонистонга электр энергияси узатади.

Image caption Газ таъминоти фақат шаҳар жойларда қолган. Шунда ҳам қишда кескин тортилади

Аммо шундай ҳолатда ўз халқи учун газ ва электр таъминотида чекловлар жорий этган. Масалан, қишлоқ ҳудудларида электр ҳамон бир неча соатга ўлчаб берилади.

"Чироқчида биров ўлса ё тўй қилса электр токи берадиган қишлоқлар бор" - дейди қашқадарёлик Гулшан Қораева.

Газ эса совуқ кунларда аранг чой қайнатишга етиши мумкин. Қишда одамлар газни сўриб оладиган мосламаларни ҳам ишлатишга мажбур бўлишади.

Бироқ энди газдан ноқонуний фойдаланиш жиноят саналади ва одамлар жиноятчига айланиб қолмаслик учун совуқда қиммат ўтин-кўмир сотиб олиши зарур ёки ёзда тезак қуритиши шарт. Бу ҳам бўлмаса, бола-чақаси билан биргаликда совуққа чидаши керак.

Шундай ҳолатда кўплаб ўзбекистонликлар ички газ таъминоти билан мавжуд аҳволни ҳукумат сиёсати сифатида таърифлашади.

Би-би-си суҳбатлашган бир неча нафар ўзбекистонлик бир гапни такрорлашарди:

"Ўзбек халқига арзон-гаровга газ сотгандан кўра, Хитой ва Россияга тайёр валютага сотиб, катта фойда кўриш Ўзбекистон ҳукумати учун маъқул, шекилли".

Бу мавзуда батафсилроқ