Муфтиятнинг фидя рақамларига ишонилса аксар Ўзбекистон ярим оч яшамоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2013 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарорига мувофиқ, мусулмонлар бериши керак бўлган закот миқдори 200 минг сўм, фидя миқдори эса 8 минг сўм этиб белгиланган.

Закот миқдори 85 грамм тилло, фидя эса бир оч одамнинг бир кунлик овқати баробарида ҳисоблаб чиқилган.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов имзолаган қарорда таъкидланишича, бу йилги фитр садақаси миқдори бозорлардаги 2 килограм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг қарори мамлакатда 15 августдан бошлаб аҳоли иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президенти қабул қилган фармонга кўра, энг кам иш ҳақи ойига 91 минг сўмдан сал ошиқроқ, ёшга доир пенсиялар ва ногиронларга - ойига 179 минг сўм ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа деярли 110 минг сўм этиб белгиланган.

Ўзбекистон муфтийси ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу йилги фидя миқдори инфляция даражасини назарда тутиб, кўтарилган ва мамлакат ҳудудидаги ўртача ошхонада бир инсон қорнини тўйдириш учун етарли маблағ миқдоридан келиб чиқиб қарор қабул қилинган.

Абдулазиз Мансурнинг айтишича, бошқа томондан ойига 240 мингни ташкил қилиши мумкин бўлган маблағни тўлаш ҳам ҳамма учун осон бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун фидя берувчиларнинг ҳам моддий аҳволлари назарда тутилган.

Уламонинг айтишича, диний тарихий маълумотлар асосида фидя бир оч қолган одамнинг қорнини ўрта даражада тўйдириш учун лозим бўлган маблағдан келиб чиқиб белгиланади.

Шунингдек, уламонинг айтишича, шариат қонунларига мувофиқ инсон ҳаддан ташқари ўз нафсига берилмаслиги, ортиқча тўқлик ортидан тушмаслиги назарда тутилади.

"Инсондек яшашни истаймиз"

Муфтият ҳисоб-китобига таянилган ҳолда, агар бир кишининг бир кун тўйиб овқатланиши учун 8 минг сўм керак бўлса, унда бир одамнинг фақат озиқ-овқати учун ойига 240 минг сўм керак бўлади.

Ўзбекистонда оила боқаётган ва қўшимча сарф-харажатлари бисёр инсонлар бугун ўртача 250-300 минг сўм маош олишади.

Анчадан бери боғчада муаллималик қиладиган сирдарёлик Моҳира (исми ўзгартирилган) 300 минг сўмга яқин маош олади.

Эри ҳам давлат корхонасида ишлайди ва маоши 400 минг сўм атрофида.

Аммо улар қарамоғида тўрт нафар талаба ва ўқувчи фарзандлари ҳамда кекса ота-онаси бор.

Қарияларнинг 130-150 минг сўм атрофидаги нафақалари кечиктириб берилади.

Оила умумий даромади нафақалар билан қўшиб ҳисоблаганда, расман бир миллион сўм атрофида.

Бу маблағ 8 киши бошига тақсимланса, ойига ҳар бир киши учун 125 минг сўмдан тўғри келади.

Яъни, Ўзбекистон муфтияти ҳисоб-китоб қилиб чиқарган фидяга ишонилса, бу оила расман ярим оч кун кўрмоқда.

Шунда ҳам бу оила ўз даромадини фақат озиқ-овқатга сарфласа, бу ҳолатда кийим-кечак, дори-дармон олмалиги, автобусга чиқмаслиги ва уй солиғи ҳамда бошқа коммунал тўловларни тўламаслиги керак.

Агар бу сарф-харажатларни ҳам қўшиб ҳисобласак, расман бу оила ҳатто қорнини ярим тўйдириши ҳам имконсиз кўринади.

"Шу учун томорқада қўшимча сабзавот экамиз, бироз ёрдам бўлади. Аммо суғоришга сув топиш муаммо бўлиб қолди кейинги йиллари" - дейди Моҳира.

"Уйда сигир бор эди, сут-қатиқ, сариёғ чиқиб турарди. Аммо қайнотам касал бўлиб, уни даволатиш, дори-дармон олиш учун сигирни сотдик, бу ҳам етмай қарзга ботдик".

Суҳбатдошимиз Президент Каримовнинг Ўзбекистонда бугун ҳеч ким очидан ўлаётгани йўқ, деган гапини қисман тасдиқлайди, аммо инсон фақат очидан ўлмаслик учун яшамаслигини ҳам урғулайди.

"Ҳайвонлар очидан ўлмаслик учун яшашади, биз инсонмиз-ку, инсондек яшашни истаймиз" - дейди у - "Президент Каримов назарида энди очимиздан ўлмасак бўлди экан-да. Нима, ўзбек халқи орзу-ҳавас кўриши керак эмасми, фақат очидан ўлмаслик учун яшаши керакми?"

Суҳбатдошимиз қариндош ва қўшнилари ҳозир Россия ҳамда Қозоғистонда ишлашаётганини, айрим танишлари эса уч-тўрт йил буён Қирғизистон ва Тожикистонга қатнаб, савдо қилишганини айтади.

"Россия ва Қозоғистонда одамлар қандай яшашаётганини айтишса, бизга эртакдек туюлади" - дейди ҳозир ҳатто Тошкентга боришга ҳам қурби етмайдиган муаллима - "Ҳатто урушдан чиққан Тожикистон камбағалроқ бўлса ҳам, одамлар ишқилиб, ҳукуматни ва расмийларни бемалол танқид қилиб, кўнглидаги дардларини бўшатишлари мумкин экан".