Uzwebistonda бугун нима гап?

Интернет назорати кучайтирилади

1 июлдан бошлаб, Ўзбекистонда террорчилик, экстремизм, қатли-ом, бўлгинчилик, фаҳш ва уятсиз мазмундаги маълумотларни яратиш, эгалик қилиш ва тарқатиш тақиқланди. Хабарларга кўра, бу – Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 130-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ амалга оширилади. Янги ўзгартиришларга кўра, “бу каби маълумотларни Интернет ва odnoklasniki.ru, Whats App каби ижтимоий мулоқот тармоқларида ёзиш, сақлаш ва тарқатиш қатъиян ман этилади”. 12news.uz интернет нашрининг ёзишича, янги тартиб-қоидалар Ўзбек оммавий-ахборот воситаларининг оммабоп маданият ва “хорижий ахборот хуружлари”га қарши олиб бораётган кенг кўламли кампаниясининг бир қисми ўлароқ ўртага чиқмоқда. Яқинда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги зўравонлик, ёвузлик, бангиворлик, порнография ва бошқа зарарли маълумотларни тарғиб этувчи босма, аудио, видео маҳсулотлар ва электроник ўйинларни тарқатишга қарши қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.

Тошкент Давлат Юридик институти университет бўлади

Бу ҳақда Uzbekistan Today газетаси хабар берган. Аён бўлишича, бунга бирданига қарор қилинмаган. Билъакс, сўнгги йилларда институт босқичма-босқич университетга айлантирилган: Қабул меъёрлари меҳнат бозоридаги ҳақиқий талабга қараб мослаштирилган. Кадрларни тайёрлаш ҳуқуқи эса, кучли ўқитувчилар жамоаси ва лозим инфратузилмага эга бўлган ўқув юртларига берилган. Янги ўзгартиришлар асосида Ўзбекистон Миллий университети, Наманган ва Самарқанд Давлат университетларида юридик соҳада қабуллар тўхтатилган. Аммо Қорақалпоғистон Давлат университети ва Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университети ушбу ҳуқуқни сақлаб қолишган. Тошкент Давлат Юридик университетининг янги ректори этиб Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи муовини Есемурат Kаньязoв тайинланган.

Washington Post Рус-Ўзбек ресторани ҳақида

Рус-Ўзбек ресторани ҳақида эшитганимда, хаёлим бирданига ароқ ҳурмат қилиниб, унинг ҳалокатли оқибатларидан афсус чекувчи Россияга кетди. Борис Ельцин номи остида ароқ чиқарилармиди ёки шароб? Ёки бир шиша кучли империал ароғи? Рус ва Ўзбек таомларини тақдим этувчи Ballston ресторанида танлов хилма-хил. Спиртли ичимликлар сотиш учун лицензия олиш ҳаракатларининг ҳали ҳам кети кўринган эмас. Бироқ мен ўтган йили Бош ошпаз отаси Бахтиёр ака билан бирга ушбу ресторанни очган Иброҳим Раҳматуллаев билан сўзлашганим сари аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган она Ватани Ўзбекистонда спиртлик ичимлик билан боғлиқ вазият силлиқларидан бири эмаслигини англаб етдим. Тўғри, Ўзбекистон ўз вақтида Шўролар Иттифоқи Совуқ Уруш мустамлакасининг бир қисми бўлган. Буюк Пиво қачонлардир Буюк Ипак Йўлида жойлашган ушбу мамлакатга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймаган. Ўзбекона дастурхонда сиз палов, кабоб, сомса, манти, лағмон, дўлма, карам шўрва, кети узилмас чой, хулласи-калом, Хитою Яқин Шарқни намоён этувчи жаҳоннинг энг лаззатли таломларию ичимликларини топишингиз мумкин. Ўзбекона меҳмоннавозлик ароқни ҳам ўз ичига олиши мумкин, аммо Лениннинг арвоҳини кўриш даражасида ётволиб ичиш миқдорида эмас.

International Herald tribune бошқалари қаторида Хитой ва Россия ўртасидаги рақобат хусусида:

Марказий Осиёда Хитойнинг иқтисодий қудрати Россияни бир четга сурмоқда. Ўзининг пулига қурилаётган янги йўллар, темир йўллари ва қувурлари билан Хитой Марказий Осиёни ўз гирдобига тортиб бормоқда. Ўтган йили барча Марказий Осиё давлатлари Россия билан таққослаганда, кўпроқ Хитой билан олди-берди қилишган. Марказий Осиёни Хитой билан боғловчи 2009 йилда ишга тушган янги газ қувури сабаб расмий Пекин Россия-Хитой газ қувури қурилиши борасидаги музокараларда қатъий мавқеъда қолди. Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистонни Беларус ва Қозоғистон билан Божхона иттифоқига киритишга бўлган уринишлари, президент Владимир Путиннинг 2015 йилга қадар Оврўосиё Иттифоқи тузишга бўлган даъвати айнан Марказий Осиё давлатларида Хитойнинг таъсирини чеклашга қаратилган.

Ўзбекистон: Болаларга Исломни ўргатиш жиноят, рейдлар ва катта миқдордаги жарималар давом этмоқда

Маҳкама Forum 18 News Хизматига Тошкент минтақасида ўғли билан бирга мактаб ёшидаги болаларга “Қуръон”дан таълим берган мусулмон отахоннинг маҳкамага тортилганликларини тасдиқлаган. Агар, айбдор деб топилишса, Мирмуҳиддин ота ва унинг ўғли Сирожиддин уч йиллик қамоқ жазосига юз тутишлари мумкин. Болаларини уларга таҳсил учун олиб келган ота-оналарга эса, жарима солинган.

Бу мавзуда батафсилроқ