Гулнора Каримова Женевадаги дипломатик фаолиятини тугатди

  • 12 Июл 2013

Швейцария Ташқи Ишлар Вазирлигининг Би-би-сига билдиришича, Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги ваколатини тугатган.

Бу ҳақда Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонасини 2013 йилнинг 9 июл куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги хабардор қилган.

Швейцария Федерал Ташқи Ишлар вазирлиги бу борада бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Швейцариялик журналист Ив Штейнернинг ўз манбаъларига таяниб айтишича, Гулнора Каримова олдига танлов қўйилган: Швейцарияда қолиб маҳкамага тортилиш, ё-да кетиш йўли ила Швейцариядаги мол-мулкини сақлаб қолиш.

"Бу дегани энди Гулнора Каримованинг Швейцарияда дипломатик дахлсизлиги бекор қилинди" - деб изоҳлади швейцар журналисти.

Айни вақтда бу хабар чиқишидан сал аввалроқ БМТнинг Женевадаги қароргоҳи матбуот хизмати Гулнора Каримова ҳануз Ўзбекистон ваколатхонасининг раҳбари сифатида қайд қилинганлигини билдирганди.

Ўтган ҳафта француз полицияси мамлакатдаги Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулкни хатлагани ҳақида хабар келганди.

Гулнора Каримова ҳомийлик қилиши айтилган "Фонд Форум"га яқин манбанинг билдиришича, 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилган.

Франсуз полицияси Швейцарияда тергов қилинаётган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида амал қилгани айтилади.

Бу ишни бошқариш учун, Швейцариялик журналист Ив Штейнер манбаларига кўра, француз ҳаками Серж Турнэр (Serge Tournaire) тайинланган.

Швейцария прокуратураси Франция ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз сўровига биноан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига тегишли экани айтилган бир неча манзилга рейд уюштирганини тасдиқлаган.

Айтилишича, амалиётдан мақсад "ҳужжатларни қўлга киритиш бўлган".

Июн ойида эса Швециялик текширувчилар "Телиасонера" мобил телефон ширкатининг Ўзбекистондаги коррупцион фаолияти юзасидан ўтказилган журналистик текширувда ишлатилган Гулнора Каримова билан боғлиқ ҳужжатларни уларга тақдим этилишини сўрагандилар.

Ушбу дастурда "Телиасонера" тўғридан тўғри Гулнора Каримова билан музокаралар олиб борганлиги ҳақида ҳужжатлар тақдим қилиниб, ширкат ўзи учун ҳимоя йўлида Каримова хонимнинг хайрия ташкилотларига ҳақ тўлаганлиги даъво қилинганди.

Бу ҳужжатларда Гулнора Каримова шахсан ўзи ёзган дастхатлар борлиги айтилди. Миссия текширувга кўра, ҳудди ана шу ҳужжатларни текширувчилар талаб қилганлар.

Шу йил бошида эса Швеция Аппеляцион Маҳкамаси TeliaSonera мобил телефон ширкатининг Ўзбекистонда фаолият юритиш учун лицензия олиш жараёнида пора берганми йўқлигини текширган ва бу пора Швеция ҳудудида юз берган дея қарор қилганди.

Шундан сўнг Гулнора Каримовага яқин шахс томонидан бошқарилган, дея ишонилган Takilant ширкатига тегишли банк ҳисобларидаги миллионлаб доллар маблағ музлатиб қўйилиши ҳақда қарор чиқарилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ