Ўзбекистон Ҳаво Йўллари: чиптангиз бўлса, нега учолмайсиз?

  • 12 Июл 2013
Image caption Истанбул аэропортидаги ўзбекча тиқилинч

Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги манзарага ўзбек бозорларида ҳам гувоҳ бўлмаганман. "Э аравангни торт бу ёққа! Ман сандан олдин келганман!" деб бақирган аёлга жавоб сифатида бошқа аёл аравасини сал тортиб, куч билан уникига уради. "Сани орқангдаги ўнтаси сандан олдин келган. Ўзинг торт!" деб қичқиради бу ёшроқ жувон ҳам бўш келмай.

Аэропортнинг Ўзбекистон Ҳаво Йўллари йўловчилари регистрациядан ўтиши керак бўлган бу қисмида буткул хаос юзага келганди. Ҳали парвозга уч соатдан ошиқ вақт бўлишига қарамай, бир-бирини туртиш, сўкиш, қарғаш ва йиғлашлар авжига чиқаётганди.

Бир қатор бўлиб навбатга туриш ва тартиб билан регистрациядан ўтиш гўёки бу йўловчилар учун умуман ёт тушунча эди. Ҳижоб ўраган андижонлик опахон билан марғилонлик дўмбоқ савдогар қиз ҳам айтишувга тушиб кетишди. Ҳамма ёқ арава тўла юк. Ўзбек аёллари орасида битта-иккита кўринган эркаклар миқ деб товуш чиқармасди.

Ниҳоят регистрацияни очиш учун уч турк ходими етиб келди. Улар навбат илон изи тарзида бўлиши учун барьерларни ўрната бошладилар. "Аравангни торт" деган чақириқлар бефойда бўлар экан, уч ходимдан энг ёши бўлган турк йигит онаси тенгги ўзбек аёлларининг баҳайбат тўрваларини тепиб, уларни қўпол равишда итара бошлади. Нималар деб сўкарди ҳам. Унинг икки аёл ҳамкасби эса қиқирлаб кулишарди.

Қисқаси, ана томошаю, мана томоша... Баъзи хорижлик сайёҳлар тўхтаб, текин томошадан "ҳузур" олишарди.

"Шармандалик. Мана ўзбекнинг аҳволи. Мана ўзбекларни қандай уриб-тепишаяпти," - дейди Истамбулдаги қизини кўриб кетаётганини айтган 70 ёшлардаги онахон. У мазаси бўлмаётганини айтиб, кузатаётган қизидан сув олиб келишни сўрайди. Имиллаб, аравалар орасидан чиқа олмаётган қизи афтидан шок ҳолатида.

"Ўзлари айбдор. Қаранг, навбатга ҳам туришни билишмайди бу бозорчилар. Сурбетлар, тарбиясиз. Яна ҳижоб ўрайди", - дейди Тошкентга қайтишга умид қилаётган русийзабон бошқа аёл.

"Опалар, навбатга турсанглар-чи? Ҳаммангизда чипта бор, чиптада ўриндиқ жойи кўрсатилган, барибир чиқасиз-ку ўша самолётга", - дейман мен урушқоқ ватандошларимга.

"Қанақа чипта? Чипта бўлса ҳам, жой йўқ дейишади. Охирида қолсангиз, жойсиз қолиб кетасиз, самолётга чиқаришмайди", - дейди бошқа савдогар опа.

Наҳотки?

Бу даъволарни суриштириб кўрсам, хавотирлар асосли бўлиб чиқди. Аён бўлишича, бир парвозга ажратилган чипталардан бир неча баравар кўп чипта сотиш оддий ҳолга айланиб улгурибди.

Буни менга Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Тошкент аэропортида ишлайдиган икки айри манба тасдиқлашди. Албатта, иккови ҳам исми-шарифларини ошкор қилмаслигим шарти билан.

"Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг баъзи йўналишдаги қатновларида ҳамиша муаммолар бўлиб туради. Масалан, Истамбулдан Тошкентга учишда йўловчилар учолмасдан қолиб кетиши мумкин. Бунинг сабаби "сверхлимитная продажа", яъни керагидан ортиқ чипталар сотилади. Масалан, Боингда 300га яқин одам учади. Ҳозирги янги чиққан Эйрбасларда ҳам таҳминан 300га яқин одам кетади. Лекин, ҳамма чипталар сотилиб бўлгандаям, Ҳаво Йўлларига тегишли авиакассалар анча кўпроқ чипталарни сотадилар", - дейди суҳбатдошим.

Унинг айтишича, бу ҳолат одатда талаб катта бўлган йўналишларда рўй беради.

"Бангкок рейсидан бир мартанинг ўзида 30дан ошиқ йўловчи самолётга чиқолмай қолиб кетишди. Россия рейслари учун эса бу оддий ҳол - деярли ҳар куни чиптали одамлар ортда қолиб кетишади," - дейди у.

"Рейсдан қолиб кетишганидан кейин нима бўлади? Ахир уларнинг бутун бошли режалари, меҳмонхоналар, кутиб олишлар каби жиҳатлар остин-устун бўлса керак."

"Рейсдан қолгандан кейин, албатта, уруш-тўполон, жанжал бўлади. Норозиликлар... Уларга кейинги рейсга жой ваъда қилиниб, билети ўзгартирилади. Уларга тушунтирилади, касса уларга ортиқча билет сотгани, биринчи келганлар ўтиб кетгани, улар кеч қолгани ва ҳоказоларни. Бунда аэропорт ходимлари айбдор эмас. Бунда тўлалигича авикасса ходимлари айбдор."

"Кейинги рейс тўла бўлса-чи? Ундагилар ҳам кейин жойсиз қолишадими?" - деб сўрайман мен.

"Кейинги рейсда ҳам энг охирги келган йўловчилар қолиб кетишади... Тошкент-Деҳли йўналиши бўйича ҳам жуда кўп бўлади бу ҳолат. Ҳатто энг жиддий деб кўриладиган ҳафтасига икки марталик Нью-Йорк рейсида шундай ҳолатлар бўлади. Бу "контрольный рейс" дейилади, лекин шунда ҳам йўловчилар жой етмай қолиб кетади."

Суҳбатдошимга кўра, Ўзбекистон Ҳаво Йўлларига тегишли 12та аэропортнинг ерда ишлаётган ходимлари бу ҳолатга масъул эмаслар. Унинг айтишича, мазкур бошбошдоқлик ва коррупцияга Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг ГАВС ("Главное агенство воздушных сообщений") тармоғи сабабчидир. Чунки, унга кўра, парвоз чипталарини сотувчи барча нуқталар шу агентликка бўйсунади.

"Шу агентлик орқали чипта пуллари Ўзбекистон Ҳаво Йўлларига келиб тушади. Кимдир катта пул қилаяпти бундан. Катта пул қилинаяпти экан, демак, бу давом этаверади. Ҳамма бундан хабардор. Лекин, ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ", - дейди суҳбатдошим.

Қўлингизга чипта келиб тушиши бу бир кичик ютуқ. Бу ютуққа эришиш учун аввалига бошқа тўсиқларни енгиб ўтиш керак бўлади. Авиакассага мурожаат қилганингизда "Чипта йўқ" деб жавоб олиш ҳам одатий ҳол.

"Биринчи марта билет сўраб келсангиз, "Ҳа, бор, марҳамат" деб ҳеч ким сизга билет сотмайди. Кейин таниш-билишлар бўлса, уларга мурожаат қиласиз, пул берворасиз, улар олиб беради. Кассада олдида туриб, ортиқча пул санаш мумкин эмас, чунки ҳамма жойда камералар ўрнатилган. Лекин, ҳамма нарсани иложини қилишади. Хуллас, жой бўлсаям, билет ола олмайсиз."

"Қирқига чидаган, қирқ бирига ҳам чидайди"

Ур-тўполон ва сўкиш-қарғашлар фақат регистрация столлари қаршисидаги томоша эмас. Йўловчилар ҳақиқий енгил ва оғир атлетика қобилиятларини Тошкентга учиб келишган чоғларида ҳам намойиш қилишга мажбурлар. Бир танишим айтгандек, "Қирқига чидаган, қирқ бирига ҳам чидайди".

Рейс Тошкентга қўниб, йўловчилар автобуслардан қўниш залига тўкилар экан, автобус эшиклари очилиши билан ҳамма ёппасига югуришни бошлайди. Африка чўлларидаги бизонлар подасининг дупур-дупурига ўхшаш тўполон садолари орасида соддароқ йўловчиларнинг "Нимага югураяпмиз?" деган саволлари қулоққа чалинади. Аэропортда ишлайдиган манбамга кўра, бу пойга аслида араваларнинг етишмаслиги билан боғлиқ экан.

"Тошкентдаги халқаро аэропорт кичкина. Бошқа дунё аэропортларига солиштирилса, биздаги учиб келиш зали нисбатан жудаям кичкина. Россия, Истамбул, Дубайдан учиб келган йўловчилар автобусдан тушишлари билан югуришади. Бу кулгили ҳолат. Чунки тележка, яъни аравалар етмайди. Чунки юкини аравага солиб то таксигача олиб бориши керак. Бу ҳақиқатдан жиддий муаммо бизда. Яқинда ўзим учиб келдим, ўзим ҳам аравасиз қолдим. Юким кўп эди. Ҳамма югурган, бир-бирини туриб, ҳақорат қилиб," - дейди аэропорт ходими.

Унинг айтишича, ҳозирда аэропорт маъмурияти томонидан пул тўлаб арава олиш учун жетон берувчи махсус ускуна ўрнатилган, бироқ бу ускуна ҳам қўшиб чипта сотиш тажрибаси ҳақида эшитган бўлса керак, кўп ҳолларда 3 минг сўмингизни оладию жетонни бермайди.

Ўзбекистон Ҳаво Йўллари муносабати

Мен парвозларга қўшиб чипта сотиш ва йўловчиларнинг учоқлардан қолиб кетиши сабабларинини билиш учун аввало Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг чипталарни сотиш бўйича бош идорасига сим қоқдим. Идора раҳбари Шуҳрат Ёдгоров даъволарни на рад этди ё на тан олди. У менга ёзма равишда арз қилишни тавсия қилди.

Мен сўнгра Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг матбуот котиби Феруза Қурбонова билан боғландим. Қурбонова хоним бу маълумотлар нотўғри эканини айтди. Унинг айтишича, ҳаво йўлларига бу каби шикоятлар жуда кўп келиб тушади, лекин бунга йўловчиларнинг ўзлари сабабчилар.

Қурбонова хонимнинг айтишича, бу йўловчилар кутиш рўйхатига қўйиладилар, бироқ шунга қарамай жой талаб қилиб парвоз куни аэропортга бориб оладилар.

Матбуот котиби сўнгра мендан йўловчилар шикоятларини ёзма равишда жўнатишимни сўради ва бунга расман жавоб берилишини айтди. Мен даъволар ёзма равишда эмаслиги, ҳамда бу даъволарни Ўзбекистон Ҳаво йўллари ва Тошкент аэропортининг икки ходими тасдиқлаганларини айтганимда, гўшакни қўйиб қўйди.