Гулнора Каримова Швейцариядаги дипломатик лавозими унга керак эмаслигини айтган

  • 13 Июл 2013

Швейцария Ташқи Ишлар Вазирлигининг Би-би-сига билдиришича, Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги ваколатини тугатган.

Бу ҳақда Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонасини 2013 йилнинг 9 июл куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги хабардор қилган.

Швейцария Федерал Ташқи Ишлар вазирлиги бу борада бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Швейцариялик журналист Ив Штейнернинг ўз манбаъларига таяниб айтишича, Гулнора Каримова олдига танлов қўйилган: Швейцарияда қолиб маҳкамага тортилиш, ё-да кетиш йўли ила Швейцариядаги мол-мулкини сақлаб қолиш.

Бироқ интернетдаги Твиттер тармоғи орқали Каримова хоним баъзи хабарларга муносабатини билдирган.

У Би-би-си журналисти Наталия Антелаванинг саволларига жавоб берар экан, ўзига қарши қора кампания олиб борилаётганини даъво қилди. Биз Наталия Антелава билан боғланиб, Гулнора Каримова нималарни рад этди деб сўрадик.

Наталия Антелава: Ҳозирда тарқалган хабарларга кўра, Швейцария ҳукумати Гулнора Каримованинг димломатик мавқеидан маҳрум қилган. Гулнора Каримова менга бу нотўғри хабар эканини айтди. У, шунингдек, ўзининг Оврўподаги уйлари тинтув қилингани ҳақидаги хабарларни буткул абсурд деб атади. Каримова хоним, бу хабарларнинг бари унга қарши Россиянинг МТС мобил алоқа ширкати томонидан олиб борилаётган Пиар кампаниясининг бир қисми эканини айтди.

Би-би-си: У сизга Швейцария уни дипломатик мавқеидан маҳрум қилганини рад этди, бироқ айни дамда у энди БМТдаги Ўзбекистон элчиси эмаслиги ҳақидаги хабарларни рад этмади, шундайми?

Наталия Антелава: Ҳудди шундай. У энди элчи эмаслигини тақдиқлади. Бироқ бунга сабаб сифатида у анчадан бери бу лавозимга, ўз сўзларида, муҳтож эмаслигини айтди. Гулнора, эндиликда ёшлар, ўз сўзларида, унинг талабалари, унинг БМТдаги ўрнини босишларини билдирди. У ҳозирда Ўзбекистон ичидаги лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратишга интилаётганини айтди. Бунга мен етти кун 24 соат вақтимни кетказаяпман, деди у. Бунга мен, албатта, ҳаммани қизиқтираётган саволни бердим, яъни Ўзбекистон президенти бўлишни истайсизми деб сўрадим. У бу саволимни ёқтирмади афтидан, у бу каби саволлардан чарчагани, менинг интервью борасидаги илтимосимни шу пайтгача ҳисобга олиб келгани, бироқ энди мен ўз имкониятларимни бу савол орқали чиппакка чиқарганимни айтди. Яна бир нарса, у ўзига қарши, иқтибос келтираман, жуда кўп "сувости ҳаракатлар" амалга оширилаётганини айтди. Унинг инглизчаси кўп ҳолларда жуда ғалати. Менимча, у ерости ҳаракатлар демоқчи, яъни орқаваротдан қилинаётган кампания... Гулнора хоним ўзи яқин орада жуда кўп нарсаларни ошкор қилишини айтди.

Би-би-си: Гулнора Каримова Франциядаги уйлари тинтув қилинаётганини сизга рад этди, бироқ у БМТдаги лавозимидан кетиши унга қарши Оврўпода олиб борилаётган қатор коррупция ва пул ювиш терговларига боғлиқ эканини айтдими?

Наталия Антелава: Йўқ. У жуда аниқ айтдики, у ҳозирда БМТдаги мавқеини топшириш жараёнида экани ва икки томоннинг якуний келишувларини кутаётганини билдирди. У бунга сабаб, ўзи бу лавозимни энди истамаслигини эканини айтди. Яъни у Ўзбекистон ичидаги фаолиятига кўпроқ диққат қаратмоқчи. Гулнора ўз лавозимдан кетиши Франциядаги мол мулки тинтув қилинганига боғлиқ экани "абсурд" эканини айтди. Гап шундаки, Твиттерда узоқ гаплаша олмайсиз, чунки ҳар бир ёзган шархининг 140та ҳарф билан чекланади. Ундан ташқари, Гулнора Каримованинг инглизчаси жуда ғалати, айниқса уни Гарвардда таҳсил олганини ҳисобга олсангиз. Шундай экан, баъзида у аслида нима демоқчи бўлаётганини англаб етиш бироз мушкул. Лекин, кундек аён бўлган бир жиҳати шуки, Гулнора Каримова ўзига қарши қора Пиар кампанияси олиб борилаётгани ва бу саккиз ой аввал Москвада бошлангани, бироқ Швейцария ҳукумати билан ҳеч қандай муаммоси бўлмаганига ишонади.

Би-би-си: Биз ҳозирча Гулнора Каримова БМТдаги лавозимидан Ўзбек ҳукумати четлатгани ёки унинг ўзи бундай қарорга келгани борасида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Лекин, сиз нима деб ўйлайсиз, унинг Швейцариядаги фаолиятини йиғиштирига ундаги қўрқув сабаб бўлаяптими? Яъни у Швейцария, Швеция ва Францияда олиб борилаётган терговлардан қўрқиб, шундай йўл тутаяптимикан?

Наталия Антелава: Бунга берадиган ҳар қандай жавобим фақат башорат бўлади. Чунки мен билмайман. Мен унинг нимадан қўрқаётгани, режалари қандай экани, қандай ҳиссиётларга берилаётганини билмайман. Билганларим фақат у Твиттерда очиқлаётган нарсалар.

Бу мавзуда батафсилроқ