"Қаршида нафақа пулларини олиш азобга айланмоқда"

Қаршилик манбаларимизнинг билдиришича, нафақахўрларнинг пуллари 100 фоиз пластик карточкаларга ўтказилганидан бери пулни банкдан бориб олиш азобли жараёнга айланган.

"Ҳар ой бошидан охиригача банклар олдида оломон тўпланади, худди бир ҳодиса рўй бераётгандек. Куни бўйи кутган нафақахўрларнинг уч-тўрттаси пул олишга улгуради. Эртаси куни бу ҳолат яна давом этади", дейди пенсия пулини онаси билан олишга бориб, ноумид қайтган суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, нафақахўрлардан сўрамасдан ёки розилигини олиш учун аниқ тушунтириш бермай, пулларини пластик карточкаларга ўтказилиши одамларни тобора норози қилмоқда.

"Бу ой одатдагидек ҳали ололганимиз йўқ. Ўтган ой Асака банкининг олдида 28 июн куни тумонат одам бўлиб кетди. Оломоннинг ичида қолиб кетган аёл ҳушидан кетиб йиқилди. Аҳволи жиддийлигини кўриб, "Тез ёрдам" олиб кетди, билмадим кейин нима қилди унга. Пулсиз қолиб кетишдан қўрқиб бирваракай эшикка чопган аёлларнинг оёқ кийимлари ечилиб, кимдир оёқ остига йиқилиб, шунақа нарсалар бўлди. Билмадим, бу қачонгача давом этади? Нафақахўрларнинг кўплари касалманд. Менинг онамнинг ҳам юраклари касал. Улардан қўрқиб бирга бораман ҳар сафар. Лекин бир мартада бу ердан пуллик бўлиб кетолмайсиз", дейди нафақа пулини ололмай хуноб бўлган аёл.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳозир алоқа бўлимларидан саноқли одамларгина нафақа пулларини олишади.

"Улар ҳам жанжал қилиб гапини ўтказдирган баъзи одамлар. Қолган ҳамма кишининг пули банкда. Банкда эса етарли пул йўқ. Жанжал-тўполон қилиб бир илож қилиб оласиз. Лекин соғлиқни ҳам йўқотасиз", дейди нафақахўр аёл.

Исмини айтишимизни истамаган Қаршидаги банк ходимасига кўра, бундай ҳолатларга сабаб банкка келувчи фуқароларнинг ниҳоятда кўплиги. "Ҳар бир аҳоли масканининг пул олиш куни бор. Лекин одам кўплигидан ҳаммасига бериб улгуролмаймиз. Эртаси куни бошқа одамлар ҳам қўшиляпти навбатга. Натижада тирбандлик пайдо бўляпти", - дейди у.

"Муаммонинг қандай ечилиши раҳбарларга боғлиқ, мен бир кичкина одамман",- дея гапни қисқа қилади у саволимизга жавобан.

Қаршилик бир гуруҳ нафақахўрлар бундан олдин пулларини ўз вақтида берилмагани ҳақида бир неча бор маҳаллий идораларга мурожаат қилишган. Бироқ ҳокимиятга шикоят қилиб борганларнинг пули оқибатда ўзларидан сўрамай банкка ўтказиб юборилган.

Уларга биноан, эндиликда кўпчилик банкдан ҳам пулини ололмасликдан қўрқиб, ҳар куни соатлаб навбатда турсада, уйга пулсиз қайтишга мажбур бўлмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ