Ойжамол Дўстум: Отам биз фарзандлари билан маслаҳатлашади

Афғонистон Қуролли Кучлари штаби раҳбари, таниқли Ўзбек қўмондони генерал Абдулрашид Дўстумнинг қизи Ойжамол Дўстумнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, отаси фарзандларининг касб танлашларида ҳам уларни ўз ихтиёрларига қўйган.

Генерал Дўстум танлов ҳуқуқини қизларининг ўзларига берган.

Ойжамол Дўстум яқинда Туркиядаги олий таҳсилини битириб, ватанига қайтган.

Би-би-си билан суҳбатда Ойжамол Дўстум мамлакат шимолида аёллар ва мактабгача болалар тарбияси соҳасида хайрия фаолияти билан шуғулланиш режалари борлигини билдирди.

Лекин яқинда Афғонистон шимолидаги маҳаллий ҳокимга қарши норозилик намойишларида қатнашгани туфайли унинг сиёсий амбициялари ҳам борлиги ҳақида гапира бошладилар.

Би-би-си мухбири Феруз Раҳимий Ойжамал Дўстумдан бу фаразлар не қадар асосли экани ҳақида сўраганида, "агар сиёсий фаолият билан шуғулланиш ниятим бўлганида мен сиёсат ўқиб келардим", деб жавоб қайтарди.

У Туркияда психологиядан таҳсил олиб қайтган.

Бироқ, унинг айтишича, атрофда бўлаётган ҳодисалар ўзини "сиёсатнинг ичига кириб кетишга" мажбур қилаяпти.

Ойжамол Дўстумга кўра, отаси фарзандларининг сиёсий фаолият билан шуғулланишлари учун мажбурлагани йўқ.

Генерал Дўстум фарзандларининг касб танлашларида ҳам уларни ўз ихтиёрларига қўйган.

"Отамни икки-уч йиллаб кўрмаганмиз. Ана ўшанда мен хафа бўлганман: Отам халқини ўйлайди, ўзининг болаларини ўйламайди, деб", дейди Ойжамол.

Мухбирларнинг "генерал Дўстумга бир нарса бўлипти, шу чинми", деган телефон қўнғироқлари туфайли телефон гўшагини кўтаришга юрагимиз безиллаб қолган, дейди у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ