Россияда уч Ўзбек ўлдирилиб жасадлари ёқиб юборилган

Image caption Ёқиб юборилган жасадлар Нижнебаканской қишлоғидан 3 километр узоқликдаги ташландиқ жойдан топилган.

Краснодар ўлкасининг Крымск туманида уч нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўлдирилиб, жасадлари ёқиб юборилган.

Маҳаллий аҳоли вакили бўлган икки киши қотилликда гумон қилинмоқда.

"2 июль куни полицияга 23, 29 ва 40 ёшли уч нафар ўзбекларнинг йўқолганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Бу ҳақида уларнинг қариндошлари ёзма мурожаат қилдилар", - дея маълумот берди РФ Тергов комитети Краснодар ўлкаси раҳбарининг бош ёрдамчиси Иван Сенгеров.

Текширишлар натижасида қурбонлар Россияга ишлаш учун келишганлиги аниқланди. Тахминларга кўра, 24 июнь куни улар ва яна икки киши Нижнебаканской қишлоғидаги “Текила-бум” кафесида ўтиришган.

"Ўтириш чоғида эркаклар ва икки маҳаллий аҳоли вакиллари орасида низо чиқиб, муштлашувга айланиб кетади, - қўшимча қилди Сенгеров. - Муҳожирлар қочган, аммо маҳаллий эркаклар қувиб уларнинг бирини тутиб боғлаб ташлашади. Дўппосланаётган дўстларига ёрдам бериш учун икки ўзбек ортига қайтишганида, уларни ҳам ушлаб боғлашган".

Шундан кейин уч муҳожирни қариндошлари қайтиб кўришмаган. Мазкур ҳодиса бўйича 11 июль куни РФ Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра, жиноий иш қўзғатилди.

“13 июль куни йўқолган ўзбекистонларнинг жасади Нижнебаканской қишлоғи жанубидан 3 км узоқликдаги ташландиқ жойдан топилди. Жасадлар ёқиб юборилган эди”, - дея хабар берди РФ Краснодар ўлкаси ИИВ бош бошқармаси матбуот хизмати.

Суриштирувлардан шу нарса маълум бўлдики, қотиллар ўзбекистонликларни тутиб боғлашгач, қишлоқдан анча узоқда бўлган овлоқ жойга элтишган. У ерда муҳожирларни бўйнига пичоқ тортиш, шунингдек, бошига пистолет орқали ўқ узиш орқали ўлдиришган. Кейин эса жиноят изларини йўқотиш мақсадида, қурбонларни ёқиб юборишади ва ўша ерда жарликка кўмишган.

Айни пайтда мазкур қотиллик бўйича икки киши гумон қилинмоқда. Гумондорларнинг бири маҳаллий аҳоли вакили бўлган 42 ёшли киши қўлга олинди. У қилган жиноятига иқрор бўлди. Унинг 35 ёшли танишига нисбатан эса қидирув эълон қилинган ва суриштирув ишлари этмоқда.

Муҳожирларга нафрат

Бу Россияда меҳнат муҳожирларининг ўлдирилиши билан боғлиқ илк жиноят эмас.

Мигрантларга нисбатан нафрат туфайли содир этилган жиноятлар 2008 йилда энг юқори кўрсатгичга етганди.

Мазкур йили миллатчилик 110 та қотиллик ва 487 та оғир жароҳатларга сабаб бўлган.

Россияда авж олаётган ксенофобияга қарамай, 2000 йилдан буён бу ерга ишлашга келаётган ўзбекистонликлар сони тобора ортиб бормоқда.

- “Россияга ишлашга ҳар хил одам келаяпти, - дейди Краснодар ўлкасидаги ўзбек диаспораси вакили. – Маҳаллий аҳоли билан можаролар ҳам тез-тез учраб турибди. Жиноятлар билан шуғулланиш полиция ва тегишли идораларнинг иши. Биз аралашмаймиз. Барибир, Россияда ишлаётган минглаб ўзбекистонликларни тартибга чақиришнинг имкони йўқ”.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқсиз ва бутунлай ҳимоясиз. Шу боис ҳам бу давлатда энг кўп хўрлик чекаётганлар ҳам улар.

Аксар рус халқи юртдошларимизни уларнинг иш ўринларини тортиб олганликда, рус тили, урф-одатлари ва маданиятини билмасликларида айблашмоқда. Хатто ўтказилган сўровномалар ҳам русларнинг тенг ярми марказий осиёликлар ва кавказликларни ёқтирмасликларини тасдиқлади.

Меҳнат муҳожирларига нафрат уларга нисбатан муносабатда яққол кўринмоқда: уларни қулдек ишлатиш, иш ҳақларини бермаслик, ҳақоратлаш, уриш, алдов йўли билан пулларини олиб қўйиш каби воқеалар мамлакат ҳаётида кунда-кунора учраб турибди. Маҳаллий аҳоли томонидан меҳнат муҳожирларининг ўлдирилиши эса Россияда миллатчиликнинг фожеали кўриниши бўлмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ