'Бачадон найчаси мажбуран боғлаб қўйилгани 13 йилдан буён азобламоқда'

  • 16 Июл 2013
  • изоҳлар
Image copyright BBC World Service
Image caption Стерилизация мақсадида Ўзбекистонда кўплаб аёллар ва уларнинг эрларига босимлар ўтказилган.

Би-би-си Ўзбекистонда туғиш ёшида бўлган аёллар мажбуран бичилаётгани ҳақидаги янги гувоҳликни кўлга киритган.

Мазкур тафсилотлар мажбурий стерилизация ҳаракатлари Ўзбекистонда 1990-йилларнинг охирларида бошланганидан далолат беради.

Ёши қирқдан ошган Муслима 13 йил олдин унинг бачадон найчаларини Ўзбекистон шифохоналаридан бирида боғлаб қўйишганидан шу кунга қадар азоб чекмоқда. Бироқ у ўз соғлигини тиклаш умидидан воз кечмаган.

Тўқсонинчи йиллар охирларида учинчи фарзандига кўзи ёриганидан кейин Тошкент вилоятидаги шифокорлар Муслимага босим ўтказишни бошлаганлар.Шифокорларларнинг контрацептив мосламани қўйдириш ҳаракатларига кўнмаган Муслима бир неча йилдан сўнг яна ҳомиладор бўлади.

Уч ойлик ҳомиласи билан тиббий текширувдан ўтаётганида қорнидаги боласи яхши ривожланмаётганини айтган мутахассислар ҳомила унинг ўзининг ҳаётини хавф остида қолдираётганидан огоҳлантиришган. Эҳтимол шифокорлар аёлнинг соғлигини ўйлаб, болани аборт қилишни тавсия этишгандир, буни Муслиманинг ўзи ҳам қисман тан олади. Унинг сўзларига кўра, бундан олдинги ҳомиладорликни оғир кўтарган.

УЗИ (ултратовуш текширув)дан сўнг, ҳомила қиз бола эканини билган шифокорлар унинг турмуш ўртоғига “шунча қизларингиз бор, болани олдириб ташланг” дея босим ўтказа бошлашди. “Акс ҳолда аёлингиз ўлиши мумкин”, деб қўрқитишган. Турмуш ўртоғи шифокорларга ишониб, аёлига аборт қилдиргин, деб бир неча бор айтган.

“Мен ишонмаганман, чунки соғлигимни биламан, қандай кўтараётганимни ҳам биламан, чунки олдингиларда ҳам шундоқ қийналардим, овқат ея олмасдим, қусардим, холос. Шунча болаларингиз бор экан, сизга бундан олдин ҳам туғиш мумкин эмаслиги айтилган эди-ку, дейишди. Учинчи боламни туққанимдан кейин менда бошқа бола бўлмайди, деб айтишган. Лекин Оллоҳнинг қудрати билан бола бўлди. “

Муслима шифокорлардан айнан нима сабабдан ўзига туғиш мумкин эмаслигини сўрамаганидан афсусланади. Шифокорлар ҳам унга ҳеч нарса айтишмаган. Аёл ҳомиладорлигини руҳан эзилган ҳолатда ўтказган.

“Барибир ўйлайсиз, докторлар айтган сўзларни, агар сроки етмаса, ўлиб қолсам, нима бўлади дея. Лекин мен нимадан қўрқдим? Авваламбор, Оллоҳдан қўрқдим, болани олдириб ташлаш мусулмончиликда яхши нарса деб хисобланмайди.”

Бир ой ўтиб, аёлингизнинг муддати катта бўлиб кетаяпти, деб турмуш уртоғига аборт қилдириш борасида босим кучайиб борган. Бироқ Муслима боламга ҳеч қандай таъсир қиладиган касаллигим йўқ деб қаттиқ туриб олган. У соппа-соғ, ўзбек аёллари орасида кенг тарқалган анемия асоратларисиз ўзини ҳис қилган. Лекин қўрқув уни тарк этмаган.

“Қўрққанман, тўққиз ойга келяпти, энди нима бўлади деб, сиқилиб юрганман. Иккиқатларга сиқилиб юриш мумкин эмас, шифокорларнинг гапига роса сиқилганман. Тўққиз ой бўлмасдан одам қандай ўлиши мумкин? Қайси шифокорга боришни билмай қоласиз.”

Анъанавий оилада тарбия олган аёл “бола олдириш катта гуноҳ” деб кичкиналигидан айтиб келишгани қулоғида қолганини айтади. Туғиш муддати келганида, Муслимани тез ёрдам машинаси туғруқхонага етқазиб боради. У ерда уни тиббий кўрикдан ўтказган шифокорлар бошида “тушга бориб туғасиз” деб айтишади. Бироқ УЗИга олиб борганларидан кейин, уни номаълум сабаб туфайли уйга қайтаришга қарор қилишади, “икки ҳафтадан кейин келасиз” дея қўлига ҳужжат топширишади. Лекин зинада унинг дарди тутиб қолади.

“Зинада турибмиз, иккинчи ёки учинчи этажда, эрим энди олиб кетмоқда эди, шундоқ оғриқ бошландики, бола чиқиб кетай деган маънода. Шунда эримга қараб, узр, узр бошланаяпти, деб бақирганман.”Чиқинг, чиқинг”, деб улар мени ёнидаги туғруқхонага олиб киришган...Креслосига қандай қилиб чиққанимни эслолмайман, лекин чиқишим билан шу пайтда бола туғилди.”

Кўзи ёриши билан шифокор билан ҳамширалар Муслимани бачадон найчаларини боғлаб қўйишга кўндиришга уринадилар. Улар Муслиманинг онаси ва турмуш уртоғини Муслима бошқа туғмаслиги керак, деб қўрқитади. Лекин унинг ўзи рози бўлмаган. Бироқ қаттиқ туриб олмаган ҳам. У ўзини жуда кучсиз ҳис қилиб, руҳан ва жисмонан эзилиб ётганида, шифокорлар бичиш амалиётини ўтказганлар. Ўша пайтда ёши салгина ўттиздан ошганди. Соғлиқнинг нозик масаласига келганда, Муслима ўз оналарию-бувиларидан қондан вақтли қолиш мумкин эмас, деб эшитганини айтади. “Ҳайз ҳар ойда келадими” деб сўраганида, тиббиёт ҳодимлари “ҳа, албатта уч ойдан кейин ҳар ойда бўлади”, деб ишонтириб қўйишган. Бироқ уч ой уч йилга айланиб ўшандан бери Муслима ҳайз кўрмаган.

“Қандай рози бўлганман деб афсусланаман. Соғлиғингиз ҳам бунга боғлиқ. Биз уларнинг гапига кўп ишониб, хатога йўл қўйганмиз.”

Бичиш амалиётидан вақт ўтиб, турмуш ўртоғи ишлаган Россияга боради. У ерда Муслима қайтадан бачадон найчаларини очдиришга уринади. Бироқ, россиялик шифокорлар бизга жуда кеч мурожаат қилдингиз, деб айтишган.

У ҳозир ҳам даволанишини тўхтатмаган.

Ватанидан олаётган хабарлардан аёллар ҳанузгача бичиш амалиётларига дуч келаётганларини эшитиб турибди. Уйма-уй юрган шифокорлар ёш келинчакларга таблетка дори тарқатиб юришганларини эшитган. Улар гўёки учта боладан кейин туғиш мумкин эмас, дея маҳалла аҳли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Баъзи аёллар бачадонига спираль қўйдирилганидан ҳам бехабар. Уларнинг эрлари ҳам давлатнинг бундай аралашишидан ғазабдалар. “Бу одамларнинг шахсий иши. Биз содда бўлиб, шифокорларга ишонамиз”, дейди Муслима.

У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, аёллар соддалик қилмасдан, ўз билимларини ошириб, ўз устиларида ишлашлари керак, дейди. “Менга ўхшаб хафа қилиб қўйишмасин”, дейди Муслима.

Ўзбек расмийлари мамлакатда хотин-қизларни ўз ихтиёрларига қарши стерилизация қилиш махфий дастури мавжудлигини рад этадилар.

Ўзбек амалдорларига кўра, аёлларининг мажбуран бичилаётгани ҳақидаги вақти-вақти билан пайдо бўлаётган хабарлар "ўз исботини топмаган".