Президент Каримов: Ўзбекистонда деҳқон ўзини ҳақиқий ер эгаси, мулк соҳиби деб ҳис қилади

ЎзА фотосурати
Image caption Президент Каримовга кўра, бу йилги ҳосилнинг ярми фермерларнинг ўзларида қолдирилган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов дон етиштирган деҳқонларни 7 миллион 610 минг тонна ғалла ҳосили йиғиб олингани муносабати билан табриклаган.

Давлатга ғалла сотиш йиллик режаси бажарилгани муносабати билан Ўзбекистон президентининг табригини маҳаллий матбуот эълон қилган.

Президент Каримовга кўра, бу йил Ўзбекистонда 2012 йилдагидан қарийб ярим миллион тонна кўп дон йиғилган.

"Бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи бор мана шундай мисли кўрилмаган натижага эришиб, кўпчилик вилоят ва туманларда, фермер хўжаликларида ҳосилдорликни юксак даражага етказганимиз фидойи деҳқон ва фермерларимиз қандай буюк ишларга қодир эканини намоён этиб, бутун халқимизнинг кайфияти ва руҳини кўтарди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди", дейилади Президент Каримов табригида.

Ўзбекистон раҳбари 1991 йилда 940 минг тонна дон йиғилгани ва ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил этганини айтган.

Президентга кўра, мустақиллик йилларида ғалла ҳосилдорлиги 3, умумий ҳосил 7 баробардан зиёд кўпайган.

"Ҳозирги вақтда нафақат ўз эҳтиёжимизни таъминлаш, айни пайтда хорижий давлатларга дон экспорт қилишга эришганимиз бизнинг қандай юксак марраларни забт этганимиздан яққол далолат беради ва ўзгаларнинг ҳайратини тортади", дейилган Ўзбекистон президенти табригида.

"Шу борада фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берганимиз, уни мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш учун ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий замин яратиб берганимиз, бу ҳаракатни ҳар томонлама рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаганимиз бугунги кунда унинг қишлоқ хўжалигида чиндан ҳам ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқишида, деҳқон ўзини ҳақиқий ер эгаси, мулк соҳиби деб ҳис қилишида, фермерларни, таъбир жоиз бўлса, жамиятимизнинг таянчига айлантиришда беқиёс аҳамият касб этди", дейилади Президент Каримов табригида.

Ўзбекистон президенти табригида айтилишича, бу йилги ҳосилнинг қарийб 50 фоизи ёки уч миллион 524 минг тонна дон фермер хўжаликларининг ихтиёрида қолдирилган.

Бу йилги ғалла ўрим-йиғими ҳам олдинги йиллардагидек ҳокимларнинг фермерларга зуғумлари билан кечди.

Ўз майдонидан етиштириб топшириши лозим бўлган дон режасини бажарган фермерлар ҳам туман ёки вилоят режаси бажарилгунича давлатга дон топширишга мажбур бўлдилар.

Давлат ғалла харид нархлари аксар фермерларни қарздор бўлиб қолишларига ҳам олиб келган.

Ўзбекистонликлар мамлакатда йиғилган буғдойдан қилинган ун таркибида клейковина моддаси камлигини яхши билишади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда нон тайёрлаш учун фойдаланиладиган асосий ун Қозоғистон олий нав унидир.

Ўзбекистон расмийлари ҳали 1996 йилда республика дон мустақиллигига эришганини эълон қилганларига қарамасдан, йирик миқдорда буғдой ва ун Қозоғистондан импорт қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ