'Президент Каримов узр сўрасин'

Image caption "Мустақил Мардикорлар" уюшмасига кўра, Ислом Каримов ўзбек мардикорларини халқ кўз ўнгида ҳақорат қилган.

Талабномага кўра, мамлакатга миллиардлаб пул келтираётган мардикорларни президент "дангаса" деб, Ўзбекистондаги 30 миллионли халқ кўз ўнгида ҳақорат қилган.

Президентга қаратилган мактубга имзо чекккан 51 нафар мурожаатчи "бу ўз халқини севмайдиган президентнинг" гапидир, деган фикрда.

Президент Каримов май ойида Жиззахдаги фермерлар билан учрашаркан, Россияда кўча супураётган ўзбекларни "дангаса" деб атаган ва улардан жирканишини билдирганди.

Мурожаатчиларга кўра, мамлакат ичкариси ва ташқарисида ишлаётган кўп миллионли мардикорларни "дангаса", деб бўлмайди.

Мурожаатчилардан бири, сурхондарёлик Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, улар Тошкентдаги 18та мардикор бозорига бориб, кунбай ишчилар билан гаплашишган.

"Мактубга имзо чекканлар орасида мардикорлар кўп" - дейди Фахриддин Тиллаев Би-би-си билан суҳбатда - "Аммо Ички ишлар вакиллари мардикорлар билан гаплашиб, рўйхатни янада кенгайтиришимизга йўл қўйишмади".

Ислом Каримов Россия кўчаларини супурадиган ўзбекларни "дангаса" деб атаган ва президентнинг гапи Ўзбекистон ичкарисидаги мардикорларга бевосита қаратилмаганди.

"Бизнинг назаримизда президент бу билан барча мардикорларни "дангаса" деб атади ва шу боис омма олдида кечирим сўрасин" - дейди Фахриддин Тиллаев.

Хўрланган ва ҳақоратланган

"Мустақил Мардикорлар" касаба уюшмаси Ўзбекистондаги ишсизлик ва паст маошлар боис юрт ичи ҳамда ташқарисида турли юмушларни бажариб, пул топаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган.

Бироқ ушбу касаба уюшмасини Ўзбекистон ҳукумати расман рўйхатга олмаган. Уюшма аъзолари ўзларига нисбатан босимлар ўтказилганини айтишади.

Ўзбекистон ҳукуматининг жадал иқтисодий ўсиш ва минг-минглаб янги иш ўринлари яратилаётгани ҳақидаги даъволарига қарамай, миллионлаб ўзбеклар оила боқиш учун Россия ёки Қозоғистонга иш излаб кетганлар.

Image caption Президент Каримов ўзбекларнинг Москва кўчаларини супуришидан жирканишини ҳам билдирганди.

Четга кетиш имкони йўқлар эса катта шаҳарларга келиб, мардикорлик қилишади.

Совет даврида баъзи талабалар қўшимча пул ишлайдиган Тошкентдаги мардикор бозори бугун ягона эмас. Пойтахтнинг турли гўшаларида йигирмага яқин шу каби бозорлар пайдо бўлган.

Сўнгги йиллари эса нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам мардикорлик қилишмоқда.

Аммо бу аҳволда ишлаш мардикорларнинг ҳуқуқлари топталишига, ёллаган одам қўлида камситилиши ва ё ҳатто таҳқирланишига ҳам йўл очиши мумкин.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари эса ушбу қатламни муҳофаза қилиш ўрнига, уларни таъқиб этиш, қувлаш ва жазолаш билан шуғулланади.

Ҳукумат эса бундайин мардикорлар қатлами борлигини тан олишни истамайди ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш йўлида на дастур, на режага эга.

"Мустақил Мардикорлар" касаба уюшмаси эса худди шу қатламга ёрдам бериш, уларнинг ишлаш ёки қариганда нафақа олиш ҳуқуқларини таъминлашни мақсад қилади.

Аммо фаолларнинг айтишича, кўчаларда ишловчи бу каби инсонларни "дангаса" деб атаган Ўзбекистон президенти ўзининг энг қашшоқ, энг ҳимоясиз ва энг ёрдамга муҳтож фуқароларига нисбатан аслида қандай муносабатда эканинин намоён этди.

Бу мавзуда батафсилроқ