'Шафқатсиз ўзбек мужоҳидлари' Покистонга таҳдид солмоқда

  • 17 Июл 2013
Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати таркибида тожик, чечен, уйғур ва татарлар ҳам борлиги айтилади

Би-би-си қўлга киритган янги ҳужжатлар мужоҳид гуруҳлар Покистон учун қанчалик катта хавф солиши эҳтимолини кўрсатади.

"Миллий аксилтеррор сиёсати" лойиҳасидан маълум бўлишича, жангарилар Покистонни "тош асрига қайтариб юборишни" исташади.

Ушбу ҳужжатда кўрсатилишича, турли маҳаллий ва чет эллик жангарилардан етадиган хавф-хатар Покистон ўз мустақиллик йилларида юз тутаётган энг улкан инқироздир.

Айниқса, хорижий жангарилар ўта шафқатсиз, деб таърифланади.

Бу ўринда озод қавмлар ҳудудларида фаолият юритаётган араб, чечен ва ўзбек жангарилари алоҳида урғуланади.

Маҳаллий хавфсизлик мулозимлари ҳозир одамларни бу гуруҳлар таъсиридан қутқариш ва барча минтақаларда тўлиқ ўз назоратларини ўрнатишга қийналишмоқда.

Толибон ҳаракати эса нафақат озод қабилалар яшовчи минтақаларда, балки йирик шаҳарларда ҳам яхши ўрнашиб олган. Бу эса уларнинг муҳим нуқталарда ҳужумлар уюштириш иқтидорини оширади.

Ҳукумат вазият нозиклигини англамоқда. Айрим сиёсатчилар энди Толибон билан музокараларга боришни бир чора сифатида кўришаяпти. Негаки, кўплаб хорижий жангарилар маҳаллий Толибон билан боғлиқликда иш олиб бориши айтилади.

Лекин Толибон музокаралар чақириғини рад этса, Исломобод қандай йўл тутиши мумкинлиги ҳам номаълум.

Image caption Тоҳир Йўлдош тириклигида "тарбиялаган" мужоҳидлари шафқатсизилиги билан ном қозонган.

Ўтган йиллар ичида Покистон ҳукумати кучлари уларга қарши олиб борган кенг қамровли ҳарбий ҳужумлар муайян муддат жангариларни тарқатгандек бўлди.

Бироқ кейинги ойлари улар яна уюшиб, ҳужумларини қайта йўлга қўя бошладилар.

Покистон узоқ йиллар АҚШ қўлловида Афғонистондаги шўроларга қарши урушган мужоҳидларни дастаклаб келган.

Кейинчалик ҳам Исломобод Толибон ҳаракатини Афғонистонга ўз таъсирини ўтказиш воситаси сифатида кўрди.

Энди эса нафақат бу Толибон жангарилари, балки уларга хайриҳоҳ хорижий мужоҳидлар ҳам Покистоннинг ўзига қарши улкан таҳдид сифатида ўртага чиқмоқда.

Ўзбек ва умуман, марказий осиёлик мужоҳидларга етакчилик қилган марҳум Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ўта шафқатсизлиги билан ном чиқаришган. Жангариларни ҳам шунга ундашган.

Тоҳир Йўлдош фармойиши билан айғоқчилик ва итоатсизликда айбланган ёш мужоҳид ўспиринлар бошлари танасидан жуда қилингани аксланган видеотасвирларни ҳам интернетда тарқатишганди.

Унинг мужоҳидлари ҳатто 5-6 яшар болаларини ҳам жангариликка тайёрлашгани аксланган тасвирлар интернетга қўйилган.

Бу мавзуда батафсилроқ