'Фарғона канали остида минглаб маҳбуслар суяклари ётибди'

  • 17 Июл 2013

Ўзбекистонлик тарихчи олим Анвар Назиров шўролар даврида Марказий Осиёдаги лагерларда ўлим даражаси олмон фашистлари лагерларидаги ўлим даржасидан ҳам юқорироқ эканлиги ҳақида тадқиқот натижаларини чоп этган.

"Оталармизни қандай ўлдиришганди: Эсэсчилар бизнинг чекистларнинг ўнгида авлиё" , дея номланган мақолада Анвар Назиров СазЛАГ номи остида юритилган Марказий Осиё ҳудудида Шўролар даврида мавжуд бўлган лагерлар тизимидаги ўлим ҳолатлари нацистларнинг энг машъум Бухенвалд лагеридаги ўлим ҳолатлари билан миқёси солиштирилган.

Мақолада айтилишича, СазЛАГ тизими 1930-1943 йилларда фаолият юритган.

Архив материалларига иқтибосан бу лагерларда бўлган маҳбуслар сони ҳам келтирилган. Масалан, тизим ташкил этилган 1930 йилда 2660 нафар маҳбус бўлган.

1943 йилга келиб эса уларнинг сони 36 мингдан ошган.

Тадқиқотчи Анвар Назировга кўра, бу маҳбуслардан кўплари турли қурилиш лойиҳаларида мажбуран меҳнат қилганлар. Улардан кўплари турли қийинчиликларга юз тутиб, оламдан ўтганлар ва кўп ҳолларда тегишли йўлда дафн этилмаган.

Яна архив материалларига асосланиб олимнинг айтишича, Фарғона Канали қурилишида иштирок этган кўплаб маҳбусларнинг жасадлари сув остида қолиб кетган.