"Бирлик" партияси сайти Қирғизистонда таъқиқланди

Image caption Мухолиф сайтга кўра, Қирғизистонда ўзбеклар ҳуқуқлари поймол этилиши давом этаяпти

Ўш шаҳар маҳкамаси Ўзбекистоннинг мухолифатдаги "Бирлик" партиясига тегишли harakat.net сайтини ноқонуний деб топган ва Қирғизистон ҳудудида унга кирилишини таъқиқлаган.

Сайтнинг ноқонуний деб топилиши тўғрисидаги аризани Ўш вилоят прокуратураси киритган. Prokuror.kg сайтининг маълум қилишича, 2013 йилнинг май, июнь ойларида ўзбек тилида чоп этилган мақолалар ўрганилиб чиқилганда, қирғиз ва ўзбек миллати ўртасида адоват қўзғашга чақириқлар борлиги аниқланган.

Ўш вилоят прокуратураси бу тўхтамга Ўш давлат Университети экспертиза хулосалари асосида келганини айтган.

Прокуратура бундан ташқари сайтдаги мақолалар бўлгинчи руҳда эканлигини эътиборга олиб, ҳамда ижтимоий норозиликларнинг олдини олган ҳолда маҳкамадан ушбу сайтнинг фаолиятини тўхтатиб қўйишни сўраган.

"Бирлик" партиясининг раис ўринбосари Пўлат Охунов Би-би-си билан суҳбатда қирғиз томонининг хавотирлари асоссиз эканини айтди.

Охунов: Бу қарорни нотўғри ва тескари қадам деб ҳисоблайман. Чунки биз Қирғизистонда, Ўшдаги ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўзбекларнинг камситилиши ҳақидаги материалларни Ҳаракат сайтига қўйганмиз. Қирғизистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биз ёритаётган фактларни тергов қилиб камчиликларни йўқ қилиш билан шуғулланиши керак эди. Бунинг тескарисини қилиб бизга қарши чора кўраяпти. Улар чора кўргани билан ўзбекларнинг ҳуқуқини поймол қилиш, уларни сиқиб чиқариш сиёсати давом этаверади. Улар ошкораликни йўқ қилмоқчи, холос.

Би-би-си: Лекин, сайтда чоп этилаётган мақолалар бир томонлама бўлиб, чиндан ҳам адоват қўзғатиши мумкин эмасми?

Охунов: Бир томонлама бўлиши мумкин. Чунки Қирғизистоннинг ўзида ўзбекларнинг аҳволига тегишли ва ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маълумотлар ёзилмаяпти, радио, телевидениеда бу ҳақида гапирилмаяпти. Фактларга қарасак, ўзбекларнинг ҳамма ҳуқуқлари поймол қилинган ва ўзбеклар минбари йўқ. Биз Ҳаракат орқали барча фактларни ёритишга ҳаракат қилиб, ўзбекларнинг ҳуқуқларини ва додини эшитишга интилдик. Қирғизистон ҳукумати бундан фойдаланиб камчиликларни йўқ қилиш билан шуғулланса тўғри йўл бўларди, деб ҳисоблайман.

Би-би-си: Нафақат Қирғизистон, балки ўзбек мухолифатининг бошқа вакиллари ҳам сайтга ва у ерда пайдо бўлаётган ҳақоратларга норозиликлар билдиради. Ушбу қарордан кейин harakat.net сайти ўз мақолаларида бирор ўзгаришлар қиладими?

Пўлат Охунов: Албатта. Бизнинг мақсадимиз - камчиликларни йўқ қилиб, ишимизни яхшилаш. Шунинг учун агарда дўстларимиз ёки кимдир норози бўлиб фактлар келтирса, мана шу айтилган гаплар нотўғри, шуни олиб ташланглар деса, оламиз. Чунки мен ҳозир шу нарсаларга жуда катта эътибор бериб мухолифатдаги ўзимизнинг дўстларимиз ёки бошқа вакилларни ҳақоратлашмас, баҳс-мунозара йўли билан олиб боришга ҳаракат қилаяпман. Шу йўналишда ўзгаришлар қилиш ниятим бор. Худо хоҳласа, ўзгаришлар қиламиз, ҳозир шу масалада ҳаракатдамиз.

Би-би-си: Қарор юзасидан Қирғизистонда ҳуқуқий жиҳатдан қандай ишларни амалга оширасизлар?

Охунов: Биз ҳаракат қилиб кўрамиз. Аввало сайт орқали шу қарорни таҳлил қилиб, унинг нотўғрилигини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳаракат сайтининг расмий эгаси сифатида мен Қирғизистон прокуратураси ва Олий суди номига расмий хатлар тайёрлашга ҳаракат қиламан. Чунки мен учун бу масала жуда ҳам муҳим. Мен 90-йилда, биринчи можаро келиб чиққанда, парламент аъзоси сифатида, парламентда гуруҳ ташкил қилиб шу масалаларда тергов ўтказиб, ҳар томонлама холис қарор чиқаришга ҳаракат қилганман. Ҳозир Қирғизистонда холислик йўқ, ўзбекларга қарши қарорлар чиқарилаяпти. Шунинг учун биз хавотирдамиз ва Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан адолатли қарор чиқишига ишонмаяпмиз ва уларга қаттиқроқ босим қилишга ҳаракат қилаяпмиз.