Тошкентда ифторлик ман қилингани борасидаги хабарлар "қарама-қарши"

Image caption Меҳр Нури жамғармаси Андижондаги ифторликдан мана бу суратни чоп қилган

Ўзбекистонда гўёки таъқиқлангани айтилган ифторликлар борасида қарама-қарши хабарлар тарқаган.

Баъзи хориж оммавий ахборот воситалари Тошкентдаги ҳукумат идоралари ишчиларига муқаддас Рамазон ойи давомида ифторликларга бориш таъқиқланганини ёзишганди.

Бироқ, Ўзбекистон матбуоти ва Гулнора Каримованинг твиттер саҳифаси бунинг аксини намойиш қилмоқда.

Хорижий матбуот

17 июлда Тожикистоннинг Asia-Plus веб-сайти Тошкентда ҳукумат ходимларига ифторга чиқиш таъқиқланди, деб хабар тарқатди.

"Мазкур таъқиқлов пойтахтдаги ресторанларга таъсир қилди, уларнинг ҳам ифтор ташкил қилиши ман қилинган. Бироқ, кўп ресторанлар йўлини топишмоқда. Тошкентдаги бир ресторан менежери дўстона йиғилишлар учун стол буюртма бериш мумкинлиги, бироқ зинҳор-базинҳор "ифтор" сўзи тилган олинмаслиги кераклигини айтган. "Ифтор тақиқланган", - деб айтган у", дейилади Asia-Plus хабарида.

Бишкекда жойлашган Central Asia News веб-саҳифасига кўра эса, банкирлар, солиқ идоралари ходимлари, милиция, шифокорлар ва бошқа давлат ишчиларига ифторликларда қатнашиш ман этилган.

Веб-саҳифа бу ҳақида Озодлик радиосига таяниб хабар тарқатган. Озодлик аввалроқ ифтор таъқиқловига бўйсунмаганлар Миллий Хавфсизлик Хизматининг "қора рўйхат"ига тушишини даъво қилганди.

"Баъзи ҳукумат идораларида ходимлар масжидлардаги жума намозига боришлари ҳам таъқиқланган. Лекин, ҳамма раҳбарлар ҳам унчалик қаттиққўл эмас, уларнинг баъзилари ўз ишчилари биргаликда, яширинча тарзда, ифторга боришларига йўл қўйиб берган", дейди бу хабарларга қўшилган fergananews.com сайти.

Бу хабар остида фикрини билдирган "Хўжа Насриддин" исмли ўқувчи шундай ёзади: "Жамоат жойларида ифторлик қилиш таъқиқланган. Лекин Меҳр Нури ва Фонд Форум ёппасига ифторлик қилишаяпти. Мантиқ қани бу ерда?"

Маҳаллий матбуот

Тошкентда чоп этиладиган рус тилидаги Правда Востока газетаси 17 июлда Рамазон савоб ишлар қилиш вақти экани ҳақида мақола билан чиққан.

"Рамазон савоб қилиш, ёрдамга муҳтож одамларни қўллаб-қувватлаш даври. Бу кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида анъанага биноан ифторлик хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбирларни Меҳр Нури ижтимоий фонди ташкил этган. Унда 6,500 одам қатнашиши кутилади", деб ёзади "Правда Востока".

Рамазон кунларида Ўзбекистон телевидениеси имомлар ва диний уламолар иштирокида мунозаралар ташкил этадилар. Бу кўрсатувларда имомлар муқаддас ойда базмлар уюштиришмасликка чақирадилар. Улар дабдабали ифторликларни танқид қиладилар ва мусулмонларни етимлар ва ногиронлар каби ёрдамга муҳтож кишиларга нисбатан саҳоватли бўлишга ундайдилар.

Гулнора Каримованинг твиттер саҳифаси

Рамазоннинг биринчи куни, 10 июлда, Гулнора Каримова ўз фолловерларини хайрия қилишга чақирди.

"Рамазон муборак! Бу ой хайрия қилайлик. Оллоҳ рўза тутганларни қўллаб-қувватласин!", деб ёзган Гулнора Каримова.

Меҳр Нури ташкилоти 13 июлда Гулнора Каримованинг твиттер саҳифасида эълон чоп қилган. Эълонда Меҳр Нури жамғармаси 15 июлдан 6 августгача барча вилоятларда хайрия тадбирларини уюштириши айтилади. Бу эълонни 12 киши қайта твит қилган.

15 июлда Меҳр Нури Андижон вилоятидаги ифторликка 500 киши қатнашаётганини ёзган. Бу твитга ҳеч ким шарҳ қолдирмади.

Сўнгра Меҳр Нури шу куни Фарғонанинг Тож Маҳал ресторанида ифторлик ҳайрия тадбири бўлишини эълон қилди. Бу твитга ҳам ҳеч ким шарҳ қолдирмади.