Жамолиддин Абдужапаров: "Мени Ўзбекистонда ватан душманига чиқаришган"

  • 22 Июл 2013

Жамолиддин Абдужапаров совет ва ўзбек велоспортининг дунёга донғи чиққан намоёндаси. Уни таниш учун велоспорт ишқибози бўлишингиз шарт эмас. "Тошкентлик даҳшат" деб лақаб олган бу жозибали спринтер 1990-йилларда жаҳон велопойгасида устунлик қиларди, бироқ допинг айбловлари ортидан кўздан ғойиб бўлди. Ибрат Сафо уни топиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Атрофимда бадани татуировкаларга тўла, қулоқ ва бурунларига сирғалар таққан, сочлари турли рангларга бўялган панклар. Мен Лондоннинг андерграунд концертлари билан ном чиқарган Брикстон мавзесидаги панк мусиқаси кечасидаман. Қоронғи бу ҳонадаги саҳнада овози борича бақираётган қўшиқчи ва овоз кучайтиргичлардан ёрилиб чиқаётган панк ва рок садолари қулоғимни гаранг қилай деяпти.

Лекин, мени бу ерга мусиқий ҳордиқ истаги эмас, балки машҳур ватандошимнинг исми етаклаб келди. Кечада иштирок этаётган панк гуруҳларидан бири Абдужапаров деб номланади. Гуруҳнинг чиқишини томоша қилгач, унинг яккахони Лезли Картердан нима учун бундай ном танлаганини сўрайман.

"Мен бир кун Тур де Франсни томоша қилаётгандим. Унда Абдужапаров ўта ажойиб велопойгачи эди. У пойга йўлагида ҳақиқий томоша қўярди. Айниқса финиш чизиғига етаётганда у ёввойи жонзотга айланарди ва бир ёқдан иккинчи ёққа оғиб, жазавага тушарди. Бошқа велопойгачиларни томоша қилиш зерикарли. Ўшанда, аввалги гуруҳимизнинг охирги альбомини якунлаётгандик, ва мен, агар яна бир гуруҳ тузсам, уни номини албатта Абдужапаров қўяман деб ният қилганман."

Абдужапаров панк-рок группаси жаҳон бўйлаб мухлисларига эга

"Сиз мусиқангизни қандай тасвирлаган бўлардингиз? Бу мусиқани Абдужапаров номи қандай акс эттира олади?" - деб сўрайман ундан.

"Бу 1977 йилнинг инглиз панк-рок мусиқаси. У мана шу велопойгачига ўхшаб кетади, яъни жуда агрессив, ўзини қўярга жой топа била олмайдиган, лекин айни дамда ҳаётдан мамнун. Бу исм гуруҳимизга жуда мос тушган. Лекин, гуруҳимизни реклама қилиш қийин бўлди, чунки ҳеч ким Абдужапаров сўзини талаффуз қила олмасди (Қотиб-қотиб кулади). Биз Абдужапаровнинг ўзига атаб ҳам қўшиқ ёзганмиз. Мана бундай бошланади: "Ўзбекистондан бир хатар етиб келганмиш, исми нақ Тошкентлик даҳшат эмиш, ва ҳоказо. Кейинги мисраларда сўкинишни бошлаймиз, қолганини айтмай қўя қолай."

Тинчгина ҳаёт

Абдужапаров бу рокерлар орасида культга айлангани бежиз эмас. У "Тошкентлик даҳшат" (инглизчасига "Tashkent Terror") лақабини финиш чизиғидаги ўз рақибларини тирсаги билан туртиши, хавфли ва тажовузкорона усуллари туфайли орттирганди. У "Абду" ва "Uzbek express" лақаблари билан ҳам яхши танилди. Бироқ 90-йиллар охирларига бориб, унинг анализларида ноқонуний дорилар асорати топилар экан, Тошкентлик даҳшат диққат марказидан ғойиб бўлди.

Мен эса бир неча йил аввал болалигимнинг бу қаҳрамонини қидиришга тушгандим. Ва ниҳоят уни Италиядан топдим. Телефон орқали суҳбатимизни унинг номи билан аталган панк-группанинг концертига борганим билан бошладим.

"Ҳа, уларни биламан. Менда ҳатто уларнинг дисклари бор. Аввалига мен бунга ишонмагандим. Нимага энди менинг шарафимга группани номлашибди деб ҳайрон қолганман. Кейин қараб кўрсам, рост экан бу. Бу мен учун ўта катта шараф! Айтингчи, яна қайси одамнинг номига мусиқий гуруҳ номланган?" - дейди Абдужапаров.

"Мен билмайман."

"Мен ҳам билмайман. Унинг устига, айниқса энг машҳур қўшиқчилар чиққан Англияда. Битлзни оласизми, Род Стюратними, Англия биринчи ўринда туради," - дейди у.

Абду бир неча йиллардан бери Италиянинг Верона шаҳри яқинидаги кичик шаҳарчада яшаётганини айтади. Мен ундан кичкина шаҳарда яшаш унинг қизиққон характерига нақадар мос келишини сўрайман.

"Яхши, тинчгина, ҳеч қандай можаро йўқ. Дўстларим бу ерда кўп, ўрганиб қолганман. Оилам йўқ, шунинг учун ҳаёт тинч. Италияликлар мени ўзиники деб қабул қилишади, чунки жуда кўп марта Италия жамоалари шарафини ҳимоя қилганман. Бу уларнинг хотирасида муҳрланиб қолган... Машқлар ва қолган ишларим Италияда бўлгани учун шу ерда қолиб кетганман, ҳали ҳам ишлайман, мана Тур де Франсга таклиф қилишди. Яқинда Жиро де Италияга чақиришди", - дейди Жамолиддин ака.

Қулаш

"Тошкентлик даҳшат" лақабига Жамолиддин Абдужапаров камтарона муносабат билдиради. Унинг айтишича, финиш чизиғига бир километр қолганда, ҳар ким ҳар қандай усулни йўлга соларди ва аслида, аксинча, унинг рақиблари уни туртиб йиқитишга кўпроқ уринганлар. Лекин, томошабин ва таҳлилчилар учун у юқори тезликда бўла туриб, икки ёнга оғишга шунча энергия сарфлаши ва яна ғолиб ҳам чиқиши бир жумбоқ эди.

Абду ғалаба ортидан ғалабага эришди

Рақиблари эса унга яқинлашишга қўрқишарди.

1991 йилги Тур де Франснинг тўртинчи босқичида барьерга тиралиб қолган белгиялик пойгачи Йохан Мусею теле-интервьюсида ўзбек рақиби устидан мана бундай шикоят қилганди.

"У ҳар доим шундай қилади. Бу адолатдан эмас. Уни кимдир тўхтатиши керак. Аксинча, оқибат жуда хавфли бўлиши мумкин"

Оқибати хавфли бўлди ҳам. Жамолиддин Абдужапаровнинг велоспортдаги энг эсда қоладиган онлари айни пойганинг сўнгги босқичида, Парижнинг Елисей ҳиёбонида юз берди.

Финиш чизиғига 100 метр қолганда Жамолиддин Абдужапаров юқори тезликда ҳаракат қилаётиб, барьерга чалиниб кетди ва ўмбалоқ ошиб ерга қулади. Мияси чайқалиши ва бир неча суягининг синишига қарамай, Абду 20 дақиқадан сўнг тиббий ходимлар ёрдамида финиш чизиғини кесиб ўтди.

Бу қулашига қарамай, у энг яхши спринтернинг майкаси - яшил майкани сақлаб қолди. У йиқилишидан аввал мазкур Тур де Франснинг 1 ва 4-босқичлари ғолиби бўлди. Мукофот тақдимоти даврида эса касалхонага ётқизилди. Мен Абдунинг ўзидан бу кунни қандай эслашини сўрайман.

"Финиш сари ҳаракат қилаётгандим. Ўнг томонда барьерлар ўрнатилганди. Мен бошимни эгиб, барьерларга қараб ҳаракат қилаётгандим. Барьерлар чизиғи ўнг томонга қараб кета бошлади ва мен ҳам шу чизиқ бўйлаб ҳаракат қилдим. Лекин бу чизиқ кескин қайрилган экан, шу барьер оёғига чалиниб кетдим ва кейин, бўлгани бўлди. Ғилдирагим иккига бўлиниб кетди, кейин йиқилдим."

"Баъзи ахборот манбаларида сизни Кока-кола идишига чалиниб кетган дейишган," - деб сўрайман.

"Йўқ, барьерга урилгандим. Кока-кола идиши йўқ эди. Секинлаштирилган кадрларни томоша қилсангиз, урилганим ва велосипедим устимдан учиб кетгани кўринади. Идишни босганимда ундай бўлмасди. Бу бўлмағур гаплар... Кимдир Кока-колага реклама қилиб қолмоқчи бўлган, шекилли. Ўзи спринтерда тўртта кўз бўлиши керак. Иккиси олдинга, иккиси орқага ва чап ва ўнгга қараши керак. Ҳаммаёққа қараб улгуриш керак бўлади, демоқчиман. Мен у пайтда орқага ҳам қараётгандим, ва кейин, пастга, тўсиқларга қараётганимда бу қулаш юз берди. Кейин беш дақиқа ҳушсиз ётганман"

1995 йилги Тур де Франсдаги яна бир ғалаба

"Ватан душмани"

Абдужапаров ўз карьераси давомида дабдабали Тур де Франснинг тўққиз босқичи, Жиро де Италиянинг бир босқичи, Испаниядаги Вуэлтанинг етти босқичи, ва Жаҳон велопойгасининг беш босқичида ғолиб бўлган. Ҳатто Ланс Армстронг ҳам бунча кўп унвонларга эга эмас.

Абдунинг спортдан ғойиб бўлишига 1997 йилги ҳодиса сабаб бўлди. Тур де Франснинг иккинчи босқичида у антидопинг текширувларидан ўта олмади. Унинг анализларидан ноқонуний дори излари топилди.

Ашаддий велоспорт ишқибозларининг қаҳрамони учун бу янада даҳшатлироқ қулаш бўлди. Унинг ўзи бу ҳақида гапиришдан бош тортиб келган. Лекин, мен билан суҳбатда ўзи била туриб қандайдир допинг қабул қилганини рад этади.

"Белгиянинг Лото жамоаси таркибида чиқаётгандим. У ерда жуда ёмон одамлар бор эди. Идишимга шу допингни сепган бўлишган. Қизиғи шуки, мусобақа текширувчилари эмас, жамоамизнинг мураббийси келиб, менда допинг топилганини айтган. У буни аввалдан билган. Массажистимга бу дорини идишимга сепиш буюрилган. Массажист эртаси соат тонгги тўртда Тур де Франсдан кетиб қолган. У мен уни тутиб, адабини беришимдан қўрқиб, қочиб кетган."

"Лекин, сизни бундай ёмонотлиқ қилиш ва мусобақадан четлатишдан ким манфаатдор эди?"

"Менинг шартномам жуда даромадли эди. Шу пулни тўламаслик учун, ўз жамоам ўзимга қарши шундай йўл тутган. Уларнинг менга нисбатан қизиқиши сўниб бораётганди, шунинг учун катта бир жанжал билан мени четлатишди ва карьерамни булғашга уринишди. Мен бунга қарши маҳкамага шикоят қилдим. Лекин, мен вакили ҳисобланган Ўзбекистон федерациясида жуда ҳасадгўй одамлар ишлашарди. Ўша пайтдаги федерация вице-президенти билан ўсмирлигимиздан бери чиқишмасдик. Федерация мен учун масъулиятни бўйнига олмаган. Аслида бу катта допинг эмасди, ёрдам берса бўларди. Мен олти ой ичида яна спортга қайтишим мумкин бўларди. Вице-президент мени "Ватан душмани" дея ҳақорат қилган. У мен ватанимни шарманда қилганимни айтган."

"Очиқ сир"

1993 йил июлида Абду Тур де Франснинг Вандан Динаргача бўлган босқичида ғолиб бўлди

Абду допингга муносабати жуда ёмон эканини айтади. Унинг айтишича, кўплаб ғолиблар йиллар ўтиб, допинг қабул қилганларини бўйнига олганлар. "Улар бу допинг билан гўёки мотоциклда ҳаракат қилишган, мен эса орқаларидан велосипедда қувганман", - дейди у.

Допинг масаласи ўнлаб йиллар давомида велоспортнинг "очиқ сир"и бўлиб келган. Айтилишича, ноқонуний дорилар ўта оғир жисмоний тўсиқларни енгиб ўтиши керак бўлган велопойгачилар орасида кенг тарқалган.

Ўтган йили жаҳоннинг энг машҳур велопойгачилардан бири, Тур де Франснинг етти карра ғолиби Ланс Армстронг допинг айбловларига иқрор бўлиши ортидан, унвонларидан жудо қилинди. Велоспорт имиджига қаттиқ шикаст етказилди. Абдужапаров ҳам ўша авлоднинг бир вакили бўлган.

"Аввалига, буни фақат шифокорлар билишарди. Шу шифокорлар Армстронг дейсизми, ё бошқа пойгачилар билан, шартнома тузардилар. Шу шифокорлар ҳамма машғулотларни кузатардилар. Кимки допингни истаса, шу шифокорлар билан алоқага кирарди. Ҳаммасини улар назорат қилишарди", - дейди Абду.

Ўз ватани спорт федерацияси раҳбарияти томонидан "Ватан душмани"га чиқарилган Абдужапаров чет элларда қолиб кетди. Бироқ, барибир ўз ватандошлари билан ришталарини узмади ва уларни Оврўпо жамоаларига жойлаштириш билан шуғулланди.

"Ўзбекистонда велоспорт федерацияси борми, ё барбод бўлдими, мен билмайман. Мен авваллари Ўзбекистондан велоспортчиларни чақириб олиб, Оврўподаги жамоаларга жойлаштирардим. Лекин, федерация менсиз буни эплашига ишониб, алоқани узди. Бу йилги Тур де Франсда чиқаётган фарғоналик Сергей Лагутинни ҳам мен ўсмирлигида Оврўпога чақириб олгандим. Бир йили ўзбекистонлик спортчилар билан Веронага яқин жойда танишдим. Тасодифан билиб қолдим, ўсмирлар пойгасига келган бу болалар уч кун озиқ-овқатсиз, темир йўл вокзалида ётишган экан. Пул сарфламаслик учун, тренерлари болаларни меҳмонхонага ётқизмаганлар. Ҳамма ишимни ташлаб, дарров вокзалга бордим, ва шу болаларга овқат, ичимликлар олиб бердим. Қўлимдан келганича ёрдам қилдим, ва кейинги йили уларни Оврўподаги жамоаларга жойлаштирдим. Болаларни олиб келиб, очидан ўлдиришига сал қолган тренерлар кейин федерация раҳбариятига тайинланганлар. Бизда менталитет шунақа," - дейди у.

Абдужапаров бу йилги Тур де Франс иштирокчиси, британиялик машҳур спринтер Марк Кавендиш билан

"Лекин менталитет шундай бўлса, сиз қандай қилиб бундай ютуқларга эришдингиз? Сиз ҳам Ўзбекистондан, Қибрайдансиз. Демак, сиз бу ютуқларга эришишингиз учун, ниманидир тўғри бажаришган бўлишса керак?"

"Агар инсон ҳаётида нимагадир эришишни истаса, қаттиқ меҳнат қилиши керак. Мен бошқалардан икки марта кўп машқ қилардим. Тошкент велотрекида ҳеч биримизда велосипед йўқ эди. Ўнта болага икки ё учта велосипед бор эди. Навбатма-навбат учардик, менга етмай ҳам қоларди. Ёки ўриндиғи баланд велосипедни қўлимга тутқазишарди, ўриндиғини тушираман десам, рухсат беришмасди... Баланд ўриндиқ билан бир амаллаб учаверардим."

Оддий ҳайдовчи ота ва ошпаз онанинг ўғли Жамолиддин бу шароитларга қарамай, юксак ютуқларга эриша олди. У кунлар унга узоқ ўтмишдек туюлади. Абдунинг диққати марказида ўтмиш эмас, келажак. У ўзининг профессионал велопойгачилар жамоасини тузиш лойиҳаси билан машғул ва бу лойиҳаси учун ҳомийлар қидираяпти.

Илк ва ягона мусулмон Тур де Франс ғолиби бўлган Абдуга араб давлатларида қизиқиш бор, бироқ, унинг айтишича, бу қизиқиш ҳали молиявий сармояга сабаб бўлганича йўқ.

У 25 нафар ёш велоспортчилардан тузилган янги жамоасини туза олса, уч йил ичида уларни Тур де Франсга олиб чиқишига ишонади. Айтишича, Британиянинг юлдуз спринтери Марк Кавендиш ҳам бу жамоага қўшилиш истагини билдирган.

"Лекин, бунинг учун ҳомий керак. Велоспорт энг кир, дориларга ботган деган айбловлар йўқ бўлишини истайман. Мен қўли эгри шифокорлар аралашмаган, соф жамоани тузишни жуда хоҳлайман", - дейди у.

Бу мавзуда батафсилроқ