Меҳнат муҳожирлари россияликлар учун асосий хавфми?

Image caption Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларининг жамиятга тезроқ мослашувига кўмаклашиш кераклигини айтган.

Россия аҳолисининг катта қисми мамлакат учун энг катта хавфни кириб келиш оқими тинмаётган бошқа миллат вакилларида кўрар экан.

Бутун Россия омма фикрини ўрганувчи марказ томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, 35 фоиз киши шундай хавотирни билдирган.

Сўров ўтказилганларнинг 33 фоизи хавфни маданият, фан ва таълим тизимининг сусайганида кўрса, 28 фоизи теракт ва экологик фаолиятларда деб билади.

Бошқа сабаблар қаторида россияликлар нефт ва газ заҳиралари тугаши, ҳокимиятдаги бўлиниш, туғилишнинг камлиги ва ҳаёт даражасининг пасайиб кетишида деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, сўров муаллифларига кўра, россияликларнинг хавотирлик даражаси олдинги йилларга нисбатан бироз камайган.

Айни пайтда меҳнат муҳожирларининг мослашуви, экстремизм ва ксенофобия, миллий маданиятнинг ривожи учун Россия ҳукумати 82 ташкилотдан рўйхат олган.

Би-би-си Рус хизмати ҳам россияликлар орасида хавотирларга сабаб нима бўлганини ўрганишга ҳаракат қилади.

Николай исмли киши, "агар қисқа қилиб айтганда, Россия учун асосий хавф муҳожирлар эмас, балки ҳукуматнинг ижтимоий сиёсати. Айнан бу сиёсат- ижтимоий тенгсизликка олиб келди. Муҳожирлар ҳозир Европанинг ҳам муаммосига айланган", деб фикр қолдирган.

Тверлик Вованинг муҳожирларга муносабати яхши эмаслиги унинг сўзларидан англанади:"Россиядаги хоҳлаган милиция бўлимида кавказликни кўриш мумкин. Уларнинг фамилиясидаги "ўғли" озарбайжонлик эканини билдиради. Қандай қилиб бошқа миллат вакиллари милицияга суқилиб киришган ва нима учун? Бу қандайдир режалаштирилган мақсадга ўхшайди, мигрантлар олдин ҳуқуқ тартибот органларини, кейин эса бутун мамлакатни босиб олишлари мумкин. Ҳамма диаспораларни тақиқлаб, мамлакатдан ҳайдаш керак, яхшиси зонага", дейди у.

Бошқа бир россияликка кўра, "аҳолини муҳожирликнинг ўзи эмас, жиноятчи кишиларнинг ҳеч бир қийинчиликсиз мамлакатга кириб келиши хавотирга солади".

Яна бошқа танқидий қарашдаги изоҳда " Путин сиёсатининг натижаси бўлган муҳожирлар ҳар бир бурчакда. Маҳаллий аҳоли учун нормал шароит ярата олмайди, биздан ҳам баттар аҳволдаги ўрта асрлар қонунлари ҳукмрон Кавказ ва Ўрта Осиёдан ҳамма кириб келмоқда. Бугун аптекада мендан олдин турган ё ўзбек ёки қозоқ иккита аёлга гап тушунтиргунча аптекачининг ярим соат вақти кетди", дейилади.

Меҳнат муҳожирлари Россия матбуотининг доимий мавзуларидан ҳисоблансада, кейинги пайтларда бунга эътибор яна кучайган.

"Ҳукуматнинг ўзи муҳожирларни нима қилишни билмайди", деб ёзади Россиянинг интернет нашрлари.

"2013 йилнинг биринчи ярмида қариийб 10 миллион киши, аксарияти иш излаган хорижлик Россияга келган",- дейди Россия Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Романовский. Унга биноан, ўтган йилга нисбатан муҳожирларнинг оқими 13 фоизга ошган. Охирги тўрт йилда эса 37 фоизга ошганини билдирган. "Муҳими уларнинг кириши эмас, ўз вақтида чиқиб кетиши", деган у.

Кейинги ойларда меҳнат муҳожирлари турган ётоқхоналарга рейдлар ўтказиш, Москва вилоятида ноқонуний муҳожирларни кўчада "сазойи"қилган каби олиб ўтиш ҳоллари кузатилганди.

Шунингдек, мусулмон муҳожирлар намоз ўқиётган жойга бостириб кириб, уларни ҳибсга олишлар содир этилганди.

Россиядаги инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроев фикрича, бу каби ҳодисалар Россия ҳукуматининг аҳолини мамлакатдаги асосий муаммолардан чалғитиш учун қилинаётган ҳолдир.

Муҳожирлар билан ишлаш маркази ходими Юлдуз Аминованинг айтишича, Россияга келувчи меҳнат муҳожирлари орасида жиноят кўчасига кириб кетаётган ёшлар ҳақиқатда бор. "Баъзи ёшлар ҳатто ота-онасидан сўрамай келишган. Бу ерда иш тополмай, шароитга мослашолмай жиноятга қўл ураётганлари учраб туради",- дейди у.

Ўтган ҳафтада ҳам Россиянинг қатор метро бекатларида рейдлар ўтказилган, 200дан ортиқ ноқонуний меҳнат муҳожирлари ушлангани айтилмоқда.

Россия Думаси депутатлари меҳнат муҳожирлари билан меҳнат шартномаси тузиш шартларини қайта кўриб чиқиш кераклигини айтадилар.

Уларга кўра, баъзи муҳожирлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар умуман олганда барча муҳожирларга нисбатан ишончни сусайтирган. Муҳожирлар учун шартларнинг кучайтирилиши Россияга турли жиноятчиларнинг осон кириб келишига таъсир қилиши мумкин, деб ҳисоблайди депутатлар.

Бу мавзуда батафсилроқ