UzWebiston бир ҳафта ичида

Боласининг мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилганлар жазоланиши мумкин

19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда хабар берар экан darakchi.uz веб-сайти мазкур мажлисда жумладан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаcи ҳам ишлаб чиқил-гани борасида тўхталади.

Ушбу ҳужжат болаларнинг мажбурий ўн икки йиллик таълим олишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳа-сида болаларнинг мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналарнинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тўсқинлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Батафсил муҳокамадан сўнг, деб ёзилади веб-сайтда, Олий Мажлис Қонунчилик палата-си қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва депутатларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш топширилди.

Худди шу янгилик юзасидан darakchi.uz ўқувчиларининг мулоҳазалари берилган.

Санжарбек исмли ўқувчи фикрича « Ёшларнинг мажбурий таълим олишлари учун хеч бир ота-она тўсқинлик қилмаса керак. Бунда ёшларнинг мажбурий таълим олиш учун ёшларга шароит яратиб бериш лозим ва кундалик дарсга қатнашишни ота-оналар таъмин-лаб бериши мажбурийлигини инобатга олинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.»

Рустам исмли ўқувчи эса, бошқача фикрда: «Ўз фарзандини ўқишга жалб килмайдиган-ларни умуман тушунмайман. Қайси замоннинг одамлари экан, тушуниб булмайди. Энди қонун даражасида аралашув бўлса, бундай оилаларга 21-асрнинг уяти бўлсин.»

Албатта, ҳар бир масалада ҳар кимнинг ўз фикри бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз бу фикрларни шарҳламаймиз.

Диндорлар учун шароитлар ва экстремизм масалалари

UzDaily.uz веб-сайти эса, АҚШ делегациясининг Ўзбекистонда ўтказган бошқа бир учрашуви ҳақида ҳикоя қилади. Бу учрашув Дин қўмитасида бўлиб ўтган. Делегацияни Қўмита раиси О. Юсупов қабул қилган.

Америкаликлар мамлакатдаги диний вазият, дин соҳасидаги ўзгаришлар, динлараро тоқатлилик, кенгфеъллик шароитлари, виждон эркинлиги борасида таништирилганлар.

Жаноб Зиммерман ўзининг фикрларини билдирган. Жумладан, мамлакатнинг турли ташкилотларида ўтказган учрашувлари чоғида виждон эркинлиги борасида айтилган фикрларни изҳор этган.

Учрашув чоғида бошқа кўпгина мамлакатларда бўлгани каби диндорлар учун шароит яратиш билан бирга диний экстремизмга қарши курашиш масалаларида ҳамкорлик қилиш алоҳида таъкидланган, дейилади UzDaily.uz хабарида.

Тошкентдан Қўқонгача ҳожатхона йўқ

20 июл куни, уч ойлик танаффусдан сўнг Гулнора Каримовада Ўзбекистон йўллари-даги таассуротлари билан бўлишиш истаги туғилган, дея ёзади, uzmetronom.com.

Бу гал у Қўқон томон йўлга чиққан. Гулнора Каримова «ҳожатхоналар, ошхоналар, дорихоналар ва бошқа ҳаётий зарур нуқталар мавжуд хизмат кўрсатиш бекатлари» йўқлигини таъкидлаш билан бирга, музофотдаги қурилишлар масаласига тўхталган. Шунингдек, иш излаётган мардикорларни эслатган, Қўқонда газ ва электр таъминоти алоҳида дабдабага айланганини айтган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири: Ўзбекистон билан муносабатлар ривожланмаяпти

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг айтишича қўшни Ўзбекистон билан муносабатлар яхши ривожланмаяпти. У бу ҳақда Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган. Унинг айтишича икки мамлакат чегарасини аниқлаш ва белгилаш масалаларида катта ишлар амалга оширилган. "Бу масала борасида биз аҳоли манзиллари масаласига тегишли нуқтагача бориб етдик ва бу албатта икки томонлама хамкорликка кўра ечимини топади,» деган вазир.

Бу хабар ҳам regnum.ru веб-сайтида берилган.

Чех Оммавий ахборот воситалари Хоразм давлати тарихи ҳақида

Чехиядаги 100+1 интернет-портали Марк Теличка « Ўзбек Хиваси: ўтмишда қулдор бўлган ажойиб шаҳар», мақоласини берган.

Ўзбекистондаги чех элчихонаси матбуот хизматининг билдиришича бу мақолада ЮНЕСКО ёдгорлигининг тарихи ҳақида ҳикоя қилинган. Хиванинг очиқ осмон остидаги Шарқ музейи, қачонлардир мавжуд бўлган Хоразм давлати пойтахтининг ҳозиргача сақ-ланиб қолган тарихий бинолари ҳақида сўз юритилган.

Бу борада 12news.uz веб-сайти хабар берган.

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Қатар лигаси дебютанти билан шартнома имзолади

«Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев Қатар Юлдузлар лигаси дебютанти – «Ал-Муъайзир» клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Қатарнинг Al Kass спорт телеканали хабар бермоқда,» деб ёзади kun.uz веб-сайти.

18 июль, пайшанба куни Доҳадаги клуб қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фозил Мусаев билан бирга жамоанинг бошқа бир янги футболчиси – боливиялик Жасмани Кампос таништирилган. Клуб бош котиби Муҳаммад Маҳмуднинг сўзларига кўра, ҳар икки футболчи билан ҳам бир йиллик шартнома имзоланган.

2013 йил бошида «Насаф»дан «Бунёдкор»га ўтган Фозил Мусаевнинг сўзларига кўра, «Ал-Муъайзир» аъзосига айланганидан хурсанд ва жамоанинг бир бўлагига айланиб, унинг Осиё майдонларидаги муваффақиятларига ҳисса қўшишга умид билдирди. Мусаев-нинг қўшимча қилишича, Қатар Юлдузлар лигаси минтақадаги энг кучли мусобақалардан биридир.

1996 йилда ташкил этилган «Ал-Муъайзир» футбол клуби Қатар пойтахти – Доҳа шарафини ҳимоя қилувчи жамоалардан биридир. Жамоа 2012/2013 йилги мавсум Қатар 2-дивизионида 2-ўринни олиб, Юлдузлар лигаси йўлланмаси учун плей-офф баҳсларида иштирок этган, бироқ имкониятни бой берган эди. Бироқ 2013 йилнинг 7 май куни Қатар Юлдузлар лигасида иштирок этувчи жамоалар сони 14тага кўпайтирилиши ҳақида қарор қабул қилиниб, «Ал-Муъайзир» ҳам чемпионат иштирокчилари қаторига кирди, дея хабар беради kun.uz веб-сайти

Ўзбекистонлик футболчиларга чет элда қизиқиш кучайиб бормоқда. Хорижда тўп сураётган ўзбек футболчиларининг сони оз эмас. Лекин улар орасида ҳалигача Одил Аҳмедов машҳурлигича қолмокда. Ҳозирда Россиянинг энг пулдор «Анжи» командасида ўйнаётган бу истеъдодли футболчига Англиянинг «Арсенал» командаси қизиқиш билдирмоқда.