'Диний аудиоёзувларни эшитгани учун 'Ваҳҳобий'

Image caption Мобил телефон хотирасида қолган аудиоёзув Ўзбекистонга диний адабиётни ноқонуний олиб кириш деб талқин қилиниши мумкин.

Тошкент вилоятидаги Қибрай маҳкамаси намозхон ҳам бўлмаган олти шахсни "Ваҳобийлик" ноқонуний диний оқимининг аъзолари, Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган адабиётни олиб киришда айбдор деб топган.

Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатган.

Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Қибрай маҳкамаси айбдор деб топган олти кишидан фақат бир нафари намозхон бўлган.

Бу кишилар маҳалладошлар бўлганлар.

Айблов хулосасига кўра, маҳалладошлар чойхонада йиғилиб, таниқли уламолар Абдували Қори Мирзаев, Обидхон Қори Назаров, Қирғизистондаги Қорасув шаҳри масжиди имоми Рашод Қори Камоловларнинг ваъзларини эшитганлар.

Шунингдек, ҳозир Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган таниқли журналист Хайрулло Ҳамидовнинг Тошкентдаги FМ радиостанциялари учун тайёрлаган ва эфирга узатилган "Холислик сари" эшиттиришларини биргаликда эшитганлар.

Айбланганлардан бири Киев шаҳрида меҳнат муҳожирлигида бўлган ва Ўзбекистонга қайтишда таниқли уламоларнинг аудио кассета ва ёзувлари ёзилган дискларини олиб келган.

Шунинг учун айбланувчилар бўйнига "Контрабанда" банди бўйича айблов ҳам қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи қибрайлик шахсларнинг ҳибсга олиниши ва уй-жойи бўлмаган одамлар сақланадиган махсус ҳибсхонада 30 кун сақланишини Ўзбекистон қонунларига зид равишда кечганини урғулайди.

Шунингдек, маҳкама жараёни ҳам ноқонуний ўтган.

Боиси, давлат қораловчиси маҳкаманинг бирорта муҳокамасида ҳам қатнашмаган.

Ушбу қонун бузилишларига қарамасдан, маҳкама олти кишидан бирини олти йилга, қолганларни икки-уч йиллик шартли қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, диний ваъзларни эшитгани учун айбсиз инсонларни жавобгарликка тортиш Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари бошлаган "янги стратегия" ва охирги пайтда бундай амалиёт Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам тобора кўп жорий этилаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Айни шу кунларда Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Ўзбекистонга "ноқонуний диний адабиётларни олиб киришга уринишларнинг олди олингани" ҳақидаги хабарлари тарқалди.

Божхона қўмитасига кўра, Москвадан Хоразмга қайтган ўзбекистонлик Урганч аэропортида ушланган.

Унинг мобил телефонида 75 та диний мазмундаги аудио ёзув борлиги аниқланган.

Ўзбек божхоначиларига кўра, "тегишли рухсатномага эга бўлмаган диний мазмундаги 75 дона аудио материалларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинган".

Термиз аэропортида эса яна бир ўзбекистонликнинг "божхона баённомасида ва божхона инспекторининг оғзаки сўровида маълум қилмасдан туриб, қўл телефонининг хотира картасида 41 дона диний мазмундаги маърузаларни олиб киришга урингани фош қилинган".

Бу мавзуда батафсилроқ