“Беғубор бехабарлик” ва ё жирканадиган замонлар ҳақида

  • 24 Июл 2013
  • изоҳлар
Image copyright none
Image caption Бегона кўчаларда...

Президент Каримов бундан бир ойча аввал Масков тарафларда кўча супурадиган ўзбекистонлик фаррошлардан мийиғида заҳарханда билан жирканишини айтар ва уни ўраб ўтирган маҳаллий “казо-казолар” тасдиқ ишораси билан каллаларини қимирлатиб қўйишар экан ҳеч ким эҳтимолки, орадан кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтса ҳам бу “жирканиш изҳори” аввалгида бўлгани каби “ота”нинг бошқа чиқишлари сингари унут бўлмаслигини билмасдилар.

Ижтимоий тармоқлар ўша кунлар том маънода қайнаб кетди. Бу қайнаш ҳамон совий демайди, орада шеърлар ёзилди, ҳажвия қилинди ва агар сўкишларни ҳам тарозига қўйиб ўлчаш мумкин бўлса, унда тонналаб сўкишлар янгради. Қайси бир ўзбек фарроши очиқчаси “Мен сенлардан жирканаман” деб ёзди.

Булар орасида гуруч курмаксиз бўлмаганидай ўта кучаниш билан уч –тўрт сатр Президентнинг ё ҳаққоний ва ё тайинланган тарафдорлари томонидан ижод қилинди. Кимдир эшитиб эшитмаганга олди, “фитна” деди, яна кимдир “рост айтадилар, ватанда ишлаш керак”,- қабилида сафсата сўқиди, аммо ажабки, одатда Президентнинг ҳар бир чиқишидан “чуқур” ва “доно” мазмун қидирадиган расмий зиёли қатлам дохил журналистлар ҳам очиқчасига чиқиб “ота”ни ҳимоя қилмади. Мазмун топмади. Эҳтимол, ҳар нарсанинг чегараси бўлгани каби бу “жирканишни” оқлаб беришга уялдилар, бир мустақил журналист айтмиш: “Қандай қилиб оқласин, деярли ҳамма журналистлару зиёлиларнинг ҳеч қурса бир қариндоши, акаси ё укаси Россияга чиқиб кетгану, дипломи билан кўча тозалаётганлар мингларча...”

Президентнинг изоҳсиз луғати

Эҳтимол, Президент “жирканиш” сўзининг асл маъносидан бехабардир? Эҳтимол, бу бехабарлик беғубор бир бехабарликдир? Эҳтимол, Каримов жаноблари яқинлашиб келаётган пахта мавсумида ҳар йили теримга болаларни эмас, ўша “дангасалар”ни ҳайдаб, халқаро ҳамжамиятнинг “болалар мажбурий меҳнати” деган танқидларидан ростакамига қутулишни истагандир... Ва катта бир эҳтимолки, агар Россиядан миллионлаб ўзбекистонлик қайтиб келган тақдирида ҳам улар оч қолмаслигини фақат Президент билар? Ғазнадаги “қора кунга” аталган пуллар чиқар, иш ўринлари яратилар, маошлар кўтарилар ва ниҳоят “порлоқ келажакнинг” Тошкент кўчаларини ёритадиган электр нурлари ниҳоят қишлоқлардаги лойдан бино бўлган хонадонларга ҳам кириб борар? Ким билсин “дангасалар”нинг миллиардлаб жўнатаётган пуллари аслида келажаги буюк Ўзбекистоннинг заҳиралари қаршисида чойчақа ҳам эмасдир, балки...

Каримов жаноблари эҳтимол сўз маъносига етмай “ор” қилишни “жирканиш” билан аралаштириб юборгандир? Ўз юртдошлари ўзга юртда, яна собиқ “хўжайин”нинг кўчасини супуриб юргани алам қилгандир, аччиққина гапириб уларни ватанга қайтармоқчи бўлгандир?

Қизиқ сўз бу “ор” деганлари...Ўзбекистонликлар Масков кўчаларини супуриб юрса буёғи қандоқ бўлди? Бир пайтлар Оқпошшонинг мардикор ёллаш сиёсатига қарши исён кўтарган “ялангаёқ” халққа нима бўлди? Оғилдаги ёлғиз молини сотиб Россияга мардикорликка кетиш учун чипта сотиб олса? Мактабни шу йил битирган ўғлини ҳам ёнига чақириб, қора меҳнатга тиқса...

Бу ёғи Россиянинг хўжалари ҳар икки кунда “Мигрантларни ундоқ қиладурмиз, бундоқ қиладурмиз”, - деб ҳеч кимдан кам бўлмайдиган халқни камситиб турса, расмий Тошкентнинг тилини қисиб қўйса, қандоқ қилиб ор қилмаслик мумкин?

“Туалет тозаласам ҳам кетаман...”

Доду фарёди қишда иссиқ, ёзда кондиционерлар билан салқинлатиб турадиган бинолардаги халқ вакилларига етмаганиданми, аксарият “дангасалар” аламини ижтимоий тармоқлардан олди. “Одно”си қолмади, “фейс”и қолмади, кимлардир “твит” ҳам қилди ва ана шу “қайнаш” ичида бундан беш йилча аввал қўлида университет дипломи билан ўн йил ватанида ишлаб қозонига ёғ ёпишмай Россияга кетворган ўзбекистонлик йигит “Skype орқали гаплашайлик”,- деб қолди. Бир соат дарду ҳол қилди.

“Акам пул жўнатди йўлкирага, кенжаман бўлмасам, уйда ўтиришим керак эди, уддалаб бўлмай қолди рўзғорни...Хотин хархаша қилди, эркаксиз уйда қандай ўтирамиз деб, чидаймиз дедим, овутдим, ўлай агар, шу Қозоғистонга ўтиб олганимдан кейин ўзимга аҳд қилдим, туалет тозаласам ҳам ишлайман, қайтмайман дедим. Шукр, жа туалет тозаламадик, грузчиклик қилдик, машина ювдик, уй қурдик...Ҳозир тўрт йилдан бери уй қурадиган бўлдим. Онамнинг уйларини қайта кўтариб бердим, пластик эшигу дераза қўйдим, болалар катта бўлиб келаяпти, ўқишига ҳам пул йиғиб қўйдим, барибир ўқитаман деб аҳд қилганман, бир кун биз тарафлар ҳам яхши бўлиб кетар...Президент лекин оғзига келганини орқа олдига қарамай қўйворибди, қишлоқдан бориб Тошкент кўчаларини тозалаб юрсак жирканмасмиканлар, маошларни тузукроқ тўлаб, кўприк билан бўм-бўш гостиница қурмасдан корхона очсин, порахўр амалдорларни жиловласин, кейин биз ҳам бориб ишлайлик...Ўзбеклар ёлғиз онасини ташлаб кетиб қолганини қачон эшитгансиз? Бир шаҳарда битта шунақа оила бўлса одамлар гап қилворишарди, бундан уялмасмиканлар? Битта оддий саволни ўйлаб кўрдимиканлар отахон, нима учун миллионлаб ўзбек менга ўхшаб туалет ювсам ҳам майлийди деб чиқиб кетаяпти экан? Мен болалигимда Тошкентга бориб ўқиб келаман, уйланаман, машина олиб онамни катайса қилиб юраман деб орзу қилардим, мени болаларим-чи, Россияга бориб ишлаб келаман, машина оламан деб орзу қилади, ака!”

Кемтиклик синдроми ва ё “ҳеч кимдан кам эмасмиз”

Image copyright bbc
Image caption "Ҳеч кимдан кам эмасмиз..."

Президент Каримов ўзбекистонликларнинг нафақат кўча тозалашидангина “жирканаётгани”ча бор... Аслида Россиядаги семизу ориқ, узуну калта сиёсий арбоблар “мигрантлар” масаласини деярли ҳар кун Россия ОАВ орқали жар солиб туриши ҳам унга тинчлик бермаётгани, табиий. Ҳар қалай минтақа мисолида каттагина бир давлатнинг раҳбари бўлса, бу ҳам етмагандай Кремлнинг манфаатларига ё ўз характери туфайли ва ё минтақавий сиёсий ўйинлар йўлида ростакамига терс ҳаракат қилиб қўйиш истаги худди шу “дангасалар” туфайли амалга ошмай турган бўлса... албатта алам қилади!

Жириновский деганлари қўшни Тожикистонга муҳожирларни қайтариб, президентини тўнтартираман, Нажибуллоҳга ўхшаб остираман қабилида дўқ уриб турса ...айтинг, ким кафолат беради эртага Россиянинг арбоблари “дангасалар”нинг ҳеч қурса тўртдан бир қисмини “Борақолинглар, сизни порлоқ келажак кутмоқда, дангасалар”, дея ортга қайтармаслигига?

Тошкентдаги кўчалар етармикан тинимсиз супуришга? Кўчалар-ку етиб қолар, аммо маош масаласи нима бўлади? Энг оз нафақаларни тўлашда баъзан ойлаб “қийналиб” қолаётган марказий ва маҳаллий ҳукумат бу “дангасалар”ни қандай уддалаб олади?

Айниқса бу чапани “дангасалар” ҳам чопонини тескари кийишса-чи?

“Ҳеч кимдан кам эмасмиз” деган шиор ёдлантирилган “дангасалар” авлоди бирданига биз араблардан ҳам, гуржилардан ҳам, украинлардан ҳам, қолаверса қўшни қирғизлардан ҳам кам эмасмиз деб қолса нима бўлади?