UzWebiston: Ўзбек тилидаги блоглар қанчалик машҳур?

Бугунги кунда интернет олами ривожланиб, фейсбук ва твиттер каби ижтимоий тармоқларнинг тобора оммалашиб бориши билан бирга, хилма-хил блогларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Ўзбекистонда ҳам турли мавзудаги интернет блоглар тузилиши одамларнинг эркин фикрлашга, атроф-муҳитдаги ҳодисаларга муносабатини билдиришга иштиёқи кучлилигини кўрсатмоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқда анча фаол shermuhammadbek.blogspot.com блоги эгаси ўзбекча блогларнинг рўйхатини тузиб чиққан.

Ўз блогида эълон қилган бу рўйхатга у muhrim.blogi.uz, geopolitikauz.com, Xushnudbek.UZ, temurazam.blogspot.com, bb.muloqot.uz, davronbek.ziyouz.com, tanqidchi.blogspot.com каби ўндан ортиқ блогларни киритади.

Блогларнинг кўпига хос хусусият қисқа сатр ва ибораларда асосий мавзуга урғу берилишидир.

Жумладан, bolaturk.livejournal.comда "Айбдор кунда эмас - айбдор болта. Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни, gulruxsor.blogspot.comда "Qozon"imda bori, zahiriddin.blogspot.comда- Kamina dunyosi, notanish.blogspot.com- Ҳамма ўқиши шарт эмас!, oddiy.blogspot.com- оддий блог, shamollar.blogspot.com- шамоллар юртидан хабарлар, hamroyev.blogspot.com- Дунёнинг исми, zimistoniy.blogspot.com- Бизда кутиш эмас, курашиш буюрилган, dilshodra.blogspot.com- комилликка интилиб каби сатрлар орқали блогларнинг мақсади қисман англатилади.

Қирғизистонлик блоггер Шермуҳаммад Абдуғафуров блоглар рўйхати ёки рейтингини қайси жиҳатларга асосан тузгани борасида шундай дейди:

-Ўзбекча блоглар рўйхатини тузганим рост, фақат уни рейтинг деб аташ бироз нотўғри бўлар эди. Чунки рўйхатни тузаётиб, унинг ўқувчилар орасида машҳурлик даражасини ҳисобга олмаганман, балки, шунчаки қайси блог ёки блоггер эсимга келса, ўшани киритганман. Яъни аниқ қандайдир қонун-қоида асосида тартибга солинмаган бу рўйхат.

Рўйхат тузишдан мақсад нима?

-Мақсад, ўзбек блоггерларнинг ўзини ҳам бир давра атрофига жамлаш. Умуман, бу борада ўтган йилдан бери ҳаракат бор. Фейсбукда UzBloggerlar деган гуруҳ мавжуд. У ерда блоггерлар ўзларининг сўнгги мақолаларини қўйиб боришади. Бундай олганда, рўйхат тузиш ҳам янгилик эмас. Бундан олдин муҳрим.уз блогида ҳам шу каби рўйхат тузилган. Менинг тузганим шу рўйхатнинг тўлдирилган нусхаси деса бўлади. У ерда йўқ блогларни қўшганман, анчадан бери янгиланмаганларини олиб ташлаганман, дейди Шермуҳаммад Абдуғафуров.

Кун.уз сайтида "Ўзбекистонда блоггерлар фаолиятини тартибга солиш"ҳақида ҳужжат тайёрланаётгани хабар қилинади. Ҳали у қадар ривожланмаган блоггерлик Ўзбекистонда қанчалик хавф туғдириши мумкинм ёки бу ҳужжатни қабул қилишдан бошқа мақсад борми?

Шермуҳаммад Абдуғафуровга кўра, бундай ҳужжатга эҳтиёт чораси сифатида қараш керак. Чунки Россияда блоггер Навальнийнинг аста-секин мухолифатнинг кўзга кўринган вакилига айлангани Ўзбек ҳукуматини ҳам хавотирга солган ва эҳтиёт чораларини кўришга ундаган бўлиши мумкин. Лекин айни пайтда блоггерлар ҳукуматга хавф туғдириши ва одамларни сиёсий ҳаракатларга бошлаши ҳақида айтиш қийин. Қолаверса, ўзбек блоглари муаллифларнинг асосан бўш вақтларида янгилаб турилиши боис, кенг жамоатчиликда унчалик қизиқиш уйғотмаслиги мумкин.

Лекин шунга қарамасдан, "Ўзбекистонда ҳам қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонда бўлгани каби анча эркин фикрлар бериладиган Live journal, World Press блогларига киришда мушкулликлар бор".

"Ўзбек тилидаги блоглар ичида ижтимоий-сиёсий, юридик мавзуларда маслаҳат ва фикрлар қолдирадиган блоглар, шунингдек футболга талуқли блоглар машҳур бўлиб тургани кузатилмоқда".

Ўзбекистоннинг футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқишига жуда яқин боргани футбол ҳақидаги хабарларга қизиқишни ошириб юборган.

Shermuhammad.com блогида "Ҳамма нарса ҳақида бирор нарса, бирор нарса ҳақида ҳамма нарса", деган сўзларни ўқиш мумкин. Блогдаги мақолаларда муаллиф иқтисодий, сиёсий воқеалар билан бирга маданий янгиликларга ҳам ўз муносабатини билдиришга ҳаракат қилган.

Shermuhammad.com блоги муаллифининг айтишича, жамиятда бўлаётган ҳодисаларга ўз фуқаролик позициясини, муносабатини билдириб туриш муҳим.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди