Халқ ва ҳокимият: газ, сув ва чиқинди

Image caption Ўзбекистонда одамлар ҳасратини чойхонада ё уйида, ўта ишонганлари даврасида айта олади.

"Очиқ мулоқот" кўрсатувида пойтахт туман ҳокимлари навбати билан фуқароларни ўйлантираётган саволларга жавоб берадилар. Ушбу кўрсатув янгилик эмас, аммо илгарироқ ТВда бошланган ҳокимият ва халқ мулоқоти бир неча муддат узилиб қолган эди.

Кўрсатувда ободонлаштириш, газ, электр, иссиқ сув таъминоти ва бошқа соҳаларда қилинган ишлар ҳамда муаммолар ҳақида гап боради.

Кўрсатув жонли эфирда бўлганлиги учун унга қўнғироқ қилиб тушиш ва мавжуд муаммони айтиш мумкин.

Тошкентлик уй бекаси ўзи яшаб турган жойда коммунал хизматлар борасида муаммолар йўқлигини айтади. Бироқ бошқа массивларда уйларнинг томидан чакки ўтиб ётгани ва чиқиндиларнинг атрофга сочилиб ётганини таъкидлайди. Аммо суҳбатдошимизга кўра, бу каби кўрсатувлардан фойда кам бўлса керак.

Эски ҳаммом, эски тос

"Жуда кўп кўп қаватли тепасидан сув ўтганини кўраман. Бу уйларга қарашмайди, яхши ишлашмайди. Неча йилдан бери кўрсатишади, лекин наф бўлмаса керак. Ёрдам берганида телевизорда кўп кўп чиқмасди. Неча йилдан бери қувурлар ёрилган, деб кўрсатишади" - дейди уй бекаси.

Унга кўра, айни дамда фақат телевизорда муаммони кўрсатиш билан чекланишаяпти. Танқид натижасида ушбу муаммо баратараф этилгани ёки ўзгариш бўлмагани борасида кўрсатувлар деярли йўқ.

Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Равшан эса чиқиндиларни йиғиб олиш ҳамда бошқа коммунал хизматлар борасидаги камчиликлар янги "домком" тайинлангандан бери бартараф этилганини айтади. Бироқ йўлларнинг сифати уни қониқтирмайди.

Image caption Реал ёрдам истаган ўзбекистонликлар интернет орқали Гулнора Каримовага чиқишади.

"Мен яшаётган жойда жуда ҳам қаттиққўл домком бўлгани учун, биз томонларни чиройли қилиб қўйган. Чиқинди кўрмайсиз. Лекин йўллар дабдала. Сайрам томонларда йўллар жуда ёмон. Таъмирланмаганига 10 йилдан ошиб кетган. Мактаб давримдан бери таъмир қилинмайди" - дейди Равшан.

Олмазор туманидан исмини ошкор қилишни истамаган маҳалла фаолининг айтишича, сўнгги вақтларда мавзелардаги чиқиндилар олиб чиқиш бўйича ижобий ишлар қилинмоқда. Ҳокимият томонидан етарли миқдорда транспорт ажратилган, махсус чиқинди ташланадиган жойлар барпо этилган, аммо уни олиб чиқишга қўшимча маблағ бўлмагани боис аҳоли яшайдиган уйларнинг ўртасида ёқиб, йўқ қилинаяпти.

"Олимпия" массиви билан "Тансиқбоев-3" ўртасида тўрт-беш гектар ерда катта чиқиндихона тиклашди. Аммо чиқиндини шу ернинг ўзида ёқишади. Кечаси билан бутун Олмазор туманига чиқиндидан чиққан тутуннинг ҳиди уфуриб туради" - дейди маҳалла фаоли.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу борада турли ташкилотларга шикоятлар қилишган, аммо ҳамон натижа йўқ.

"Мен 01га телефон қилдим. Улар тумандагиларга айтинг, дейишди. Тумандагилар эса, "қўяқолинг, энди ака" деб қайтаришга интилдилар. Одамлар тепагача ёзишган. Ҳокимиятдан тортиб ҳамма ташкилотгача ёздик. Ҳеч қандай натижа чиқмади. Чунки чиқиндини сал четроққа олиб бориб қайта ишлаш ва ёки чеккароққа тўкиш учун ҳокимиятла пул йўқ эмиш" - дейди олмазорлик Турғун.

Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимияти Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов бу ҳолатни рад этди ва шаҳар ичида чиқинди ёқилмаслигини таъкидлади.

Ҳар ернинг ўз эгаси...

Image caption Тошкентда ҳам одамларни газ, сув, ток ва чиқинди масалалари кўпроқ қизиқтирмоқда

Сўнгги ойларда ҳокимият органлари шаффофлигини таъминлаш учун Ўзбекистон синов сифатида Самарқанд ва Бухорода махсус барномаларни йўлга қўймоқда. Унга кўра, фуқаролар раҳбарлар ва масъуллар билан мулқотга киришишлари, ўзларини қийнаётган муаммоларга жавоб талаб қилишлари мумкин.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, кўп ҳолларда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган одам куч тизимлари ва ёки ҳокимият вакиллари тарафидан босим остига олинади.

Қатор собиқ Совет давлатлари раҳбарлари, хусусан, Россия президенти Владимир Путин ҳар йили ўз фуқаролари саволларига телемулоқот орқали тўғридан-тўғри жавоб беради.

Марказий Осиёда эса Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бу каби мулоқот ўтказгани маълум.

Сўнгги пайтлари эса Ўзбекистонда одамлар Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовадан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали у ёки бу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда.

Қатор ҳолатларда Гулнора Каримова одамлар билан мулоқотга чиқиб, уйларнинг ёки яшил ҳудудларнинг бузилишига қарши фуқаролар манфаатини ҳимоя қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ