UzWebiston: Ўзбекистонда ҳар йили бир миллион иш ўрни қандай яратилади?

Image caption Ўтган йил ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари биргина Россиянинг ўзидан 6 миллиард долларга яқин пул жўнатишган.

Ўзбек расмийлари даъво қилишича, 2013 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда ярим миллиондан кўпроқ янги иш ўринлари яратилган. Бироқ, баъзи хабарларга кўра, давлат статистикаси ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин.

Расмий рақамлар

Ўзбекистондаги ҳукуматпараст UzDaily.uz янгиликлар веб сайти ўзининг 22 июлги сонида Давлат Статистика Қўмитаси ва Иқтисодиёт Вазирлигига иқтибосан хабар мамлакатда ярим миллиондан кўпроқ иш ўрни яратилгани ҳақида хабар берди.

"Ўзбекистонда бу йилнинг биринчи ярмида ҳаммаси бўлиб 554,400 иш ўринлари яратилган. Ва ушбу янги иш ўринларининг 334,400 (60.3 фоизи) қишлоқ жойларида яратилган," - дея хабар берди UzDaily.uz.

Веб саҳифага кўра, бунга мамлакат бўйлаб янги ширкатларни очиш, мавжудларини кенгайтириш, турли кичик корхоналарни яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва фермер хўжаликларини кенгайтириш ҳисобига эришилган.

"Меҳнат бозорида олинган чоралар натижасида, иш билан таъминлаш 2.5 фоизга, ўртача маош 18.5 фоизга ва ўртача пенсия 28.6 фоизга ўсди. Аҳолининг умумий даромади 16,3 фоизга ўсди," - дея таъкидланади хабарда.

Ўзбек давлат матбуоти ҳар йили мамлакатда янги иш ўринлари яратилаётгани ҳақида давомли хабар бериб келади.

Ҳукуматнинг "Халқ Сўзи" шу йилнинг 1 феврал сонида 2012 йилда Ўзбекистонда 1 миллионга яқин иш ўринлари яратилгани ҳақида хабар қилинганди.

Давлат статистикаси танқиди

Бироқ, Uzmetronom.com веб саҳифаси яқинда ҳукуматни нотўғри статистик маълумотларни тарқатаётгани учун танқид қилди.

Веб саҳифага кўра, бундай нотўғри маълумотлар билан ҳукумат аҳолининг ҳукумат томонидан тарқатиладиган ҳар қандай хабарга шубҳа билан қарашга ундайди.

"Ўзбекистон расмий статистикаси вазиятни ўта беъманилик билан тасвирлайди. Ўзбек расмийлари ҳар йили бир миллион иш ўринлари яратилаётгани ҳақида хабар беришади, улардан 60 фоизи гўёки қишлоқ жойларида яратилаётган эмиш. Аммо, бу рақамлар ҳақиқатни акс эттирмайди ва бундай иш ўринлари фақат қоғозларда мавжуд," - деб ёзади веб саҳифа ўзининг 25 июнги сонида.

Меҳнат муҳожирлари ва хориждан пул ўтказмалари

Давлат матбуоти минглаб иш ўринлари яратилгани ҳақида хабар бераётган бир пайтда, бошқа манбалар тарқатаётган хабарлар мамлакат фуқаролари чет элларда иш топишга ҳаракат қилаётганидан далолат беради.

Уларга кўра, меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси йил сайин ортиб бормоқда.

"Мустақил иқтисодчилар ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда мавжуд меҳнатга яроқли 11.6 миллион аҳолининг 4 миллиони хорижда ишлашни маъқул афзал деб билади," - дея хабар беради Uzmetronom.com ўзининг 25 июнги сонида. - "Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари мамлакат бюджетининг асосий ҳиссадорларидир. 2012 йилда биргина Россиянинг ўзидан улар ватанларига деярли 6 миллиард доллар жўнатганлар. Улар тахминан яна шунча пулни ўзлари билан келтиришган."

"Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари юборган пуллар 2012 йилда 33 фоизга ортиб, деярли 5.7 миллиард долларни ташкил этган," - деб хабар беради Россиянинг Regnum ахборот агентлиги 2013 йилнинг 11 мартида. Унинг илова қилишича, Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмалари бўйича дунёнинг энг еткачи мамлакати ҳисобланади.

Айни дамда, шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон аҳолиси шу йилнинг биринчи чорагидан 30 миллиондан ошиб кетди, дея хабар берди Gazeta.uz веб сайти 8 май куни.

Президент меҳнат муҳожирлари ҳақида

19 июн куни Жиззах вилоятидаги фермерлар, тадбиркорлар ва жамоатчилик фаоллари билан норасмий учрашуви чоғида гапирган президент Ислом Каримов уларни янада кўпроқ ширкатлар очиш ва янги иш ўринларини яратишга чақирди ва сўнгра Москва кўчаларини супураётган ўзбекларни “дансалар" деб атади ва улардан “жирканиш”ини айтди. "Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканадики, ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!" - деб айтди президент Каримов.

Бундан ташқари ўзбек давлат матбуоти ҳар доим хорижда ноқонуний ишлаётган фуқароларни ё-да фоҳишалик қилаётган хотин-қизларни қораловчи мақолаларни чоп этади ва телевизион кўрсатувларни намойиш этади.