Ўзбекистонда жазирама иссиқ ичимлик сув нархини оширди

Image caption Ичимлик сувининг сифати турли юқумли касалликларни келтириб чиқарган.

Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати яна кескин кўтарилгани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон Метерология маркази хизмати ҳам 26 июлдан 2 августгача республика ҳудудида ҳарорат ошишини билдирган.

Айни пайтда кундуз куни ҳаво ҳарорати 37-42, жанубий вилоятларда эса 43-45 даражагача кўтарилгани айтилмоқда.

Мутахассисларга кўра, Эрондан етиб келган иссиқ ҳаво оқими ҳаво ҳароратини рекорд даражага етказган.

Бундай жазирама Ўзбекистонда 1997 йил июл ойида кузатилган.

Айни пайтда, ичимлик суви доимий муаммога айланган жанубий вилоятларда жазирама иссиқ янада кўпроқ сув танқислигини юзага келтирган.

Қашқадарёликларга кўра, шу кеча кундузда ичимлик сувининг нархи ошган.

Муборак, Нишон, Косон, Бишкент каби туманларда кўп йиллардан буён водопроводларга сув келмай қолгач, аҳоли ичимлик сувини сотиб олиб, ҳовузларда сақлашга кўниккан.

"Аввал бир пақир сув 200 сўм эди. Ҳозир 500 сўмга оляпмиз",-дейди мубораклик аёл.

"Ҳозир одамлар уйидаги сувни ҳам сотиб тирикчилик қиляпти. Чунки ҳамманинг уйида ҳовузи йўқ. Ҳовузликлар илгари 200 га сотган сувини ҳозир 500 га сотяпти. Сабабини сўрасангиз, бир машинасини қимматга олганини пеш қилади".

Айтилишича, илгари беш тоннаси 70 минг сўм бўлган бир машина сув айни пайтда 100-150 минг сўмга сотилмоқда.

Суҳбатдошимиз сувнинг нархи ошиши билан сифати пасайганини айтади. Унга кўра, сув олиб келиб сотувчилар пулни ўйлаб, шўр сувни ҳам қўшаётган бўлишлари мумкин.

"Ҳозир ҳовузни сувини ичсангиз, қандайдир шўр, қудуқнинг сувига ўхшайди. Шунинг учун ҳам касалликлар кўпаётган бўлса керак",-дейди у.

" Сариқ, ич кетиш ва ич терлама касалликлари ёш болалар орасида ошгани сабабини одамлар сувдан кўришмоқда".

"Шунинг учун ким қурби етгани дўконинг сувини сотиб олиб, асраб-авайлаб болаларига ичирмоқда. 5 литрлик сувни 2000-3000 сўмга оласиз. Касаллик жуда кўп. Иссиқда кўп сув ичган болалар касал бўлиб қолишмоқда. Иссиғи кўтарилиб, ичи кетиб, мазаси бўлмаяпти. Бундан ташқари баъзи одамлар рўза, тарвуз яхши кетади, лекин тарвузлар ҳам касаллик чиқаряпти", дейди суҳбатдошимиз.

Унинг билдиришича, сув тақчиллиги ҳамма нарсага, ҳатто уйларнинг нархига ҳам таъсир қилган.

"Ҳозир уй сотиб оладиганлар аввало сув унчалик муаммо бўлмайдиган жойдан харид қилишни хоҳлайди. Уйида ҳовузи бўлса, бироз қимматга сотилади",- дейди у.