Ўзбекистон: мажбуран бичилган аёл давлатдан товон талаб қилиши мумкинми?

Image caption Би-би-си Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий бичилиши ҳақида қўшимча далилларни қўлга киритган

Ўзбекистонлик сенатор Светлана Ортиқова агар мабодо мажбуран бичилган аёллар бўлса, ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди.

Унинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, бу каби ҳолат "фавқулодда вазият" деб қабул қилинади.

"Агарда, мабодо сиз айтган воқеа бор бўлса, шунақа инсонларга мен маслаҳат берардим ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга бориб, тегишли тарзда ариза берилсин",- деди Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси.

Айни пайтда Ортиқова хоним Ўзбекистонда аёлларни мажбуран стерилизация қилиш тажрибаси мавжудлигини қатъиян рад этди.

Шу кунларда Би-би-сига гапирган ўзбекистонлик оналардан бири 13 йил аввал шифокорларнинг босими остида ўзининг бичилишига рози бўлганини айтган эди.

Муслима исмли аёл бачадон найчасининг боғлаб қўйилганидан ҳануз азоб чекишини айтган.

'Бачадон найчаси мажбуран боғлаб қўйилгани 13 йилдан буён азобламоқда'

Унинг ҳикояси Ўзбекистонда аёлларни мажбурий бичиш тажрибаси 1990-йиллардан бошланганини ишора қилади.

Би-би-си 2012 йилда олиб борган тадқиқот Ўзбекистонда аёлларни мажбуран стерилизация қилишга доир махфий давлат дастури борлигини ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон аёлларни стерилизациялаш махфий дастурига эга

Ўзбек расмийлари бу каби тажриба мавжудлигини қатъиян рад этиб келадилар.

Оилани режалаштириш

"Жарроҳлик амалиёти у ёқда турсин, оддий тиббий кўрикдан ўтказиш учун ҳам инсоннинг хоҳиш-иродаси керак", - деб айтди сенатор Ортиқова Би-би-си билан суҳбатда.

"Амалда вазият қонунчиликда назарда тутилганидан бошқачароқ бўлиши мумкинми?", деган саволга жавоб бераркан, Ортиқова хоним ўз ҳаётидан мисол келтирди.

"Мен 1996 йилда Акушерлик ва гинекология институтида қизимни туққанман. Палатада 5 та аёл ётувди. Ўшанда врач келиб, бизга тавсия берган. Сизнинг соғлигингиз яхши, иккинчи, учинчи фарзандни туғиш имконияти бор, сизнинг соғлигингизга мана буни тавсия қилар эдим, қабилида. Ўша аёлга боғлиқ, оладими шу тавсияни ёки олмайдими. Лекин Ўзбекистонда қанақадир алоҳида давлат дастури йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас",- деб айтди Светлана Ортиқова.

Айни пайтда сенатор давлатнинг оилани режалаштириш дастурини ҳимоя қилди.

"Аёл ҳар йили туғаверса, анемия касалига чалинаверса, вақтида ўз фарзандига қаролмаса, соғлом авлод бўладими?", дея савол қўйди Ортиқова хоним.

Сенаторнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги оилани режалаштириш дастурининг мамлакатдаги иқтисодий аҳвол, аҳоли турмуш даражаси билан алоқаси йўқ.

Светлана Ортиқова Ўзбекистондаги вазиятни давлат аёлларни кўпроқ туғишга рағбатлантираётган Россия каби мамлакатлар билан солиштириш ўринсиз эканини айтди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ