UzWebiston: "Ўзбекистон" телеканали SMS хавфидан огоҳлантиради

Image caption "Ўзбекистон" каналига кўра, SMS дан ҳаддан зиёд фойдаланиш "маънавий қашшоқлик"ка етаклайди

"Ўзбекистон" телеканали огоҳлантиришича, SMS-дан ҳаддан зиёд фойдаланиш "бесаводлик" ва "маънавий қашшоқлик"ка етаклайди.

"Ўзбекистон" телеканали орқали 26 июл куни эфирга узатилган махсус кўрсатувда SMS хабар йўллашда турли алифболардан фойдаланиш, грамматика ва тиниш белгиларига эътибор бермаслик тажрибасини кескин қоралаган.

Буларнинг бари ёшларнинг маънавий баркамоллиги ва таълимига таъсир кўрсатиб, уларни "саводсиз"га айлантиради ва ақлларини заифлаштиради, дея таъкидланади кўрсатувда.

Инсонларнинг SMS орқали ўз ҳиссиётларини акс эттириш учун турли белгилардан фойдалаёнтгани, кўрсатувга кўра, уларни "луғавий ва ҳиссий қашшоқлик"ка етаклайди.

Унда шунингдек SMS салбий таъсири ҳақида гапирган экспертлар ва диний уламолар билан бир неча суҳбат намойиш этилган.

Ана шундай суҳбатдошлардан бири, тилшунос Муҳайёр Йўлдошева шундай дейди: "Ҳозирда, SMS ёшлар орасида энг кенг тарқалган алоқа йўлига айланди. Бу SMS хабарларни кузатган одам уларда грамматика ва имловий тартиб-қоидаларга деярли эътибор қаратилмаслигига шоҳид бўлади. Бир нигоҳда бу кичик муаммога ўхшаши мумкин, аммо масалага чуққурроқ қаралса, дунёда фақат қонун-қоидалар сақланган нарсаларгина доимийдир."

SMS хабарларда ҳам лотин ва ҳам кирил алифболарининг қўлланиши ҳақида гапираркан Йўлдошева хоним бу ёшларни "савдосиз" қилиб қўювчи жиддий муаммо эканини айтади.

"Қандай инсонлар хато билан ёзади? Ўзига шионмаган, диққатсиз ва фикрлаш қобилиятига эга бўлмаганлар," дейди психолог Анорхол Бойматова.

"Ҳозирда, одамлар SMS ёзишда сўзлар ўрнига турли ишора ва белгилар ё бўлмаса ОК сингари қисқа сўзлардан фойдаланишади. Бу инсон идрокининг кучсизланиши ва ҳаттоки ҳиссиётларнинг бутунлай ўлишига олиб келади... SMS хабарларни хатолар билан ёзиш ёки тугал бўлмаган иборалар билан фикр билдириш инсонни маънавий қашшоқликка етаклайди," - дейди Анорхол Бойматова.

Бойматова сўнгра инсонларнинг қўл телефонлари орқали бир-бирларига йўллаётган диний мавзулардаги SMS ларини танқид қилади.

"Бугунги кунда, "Агар Аллоҳга ишонсанг, буни еттита дўстингга юбор" каби диний ғоялар ҳақидаги SMS ларни юбориш одатий ҳолга айланмоқда. Кўплаб ёшлар ўйин деб ўйлаб шундай ҳам қилишаяпти," - дейди у.

Ўз интервюсида Тошкент шаҳар бош имоми Анвар қори Турсунов ҳам диний мавзуларда SMS лар йўллашнинг салбий оқибатлари ҳақида гапирди.

"Баъзи SMS хабарларда Макка ёки қандайдир бир уламога ишора қилинади. Бундай хабарларни йўллаш ширкдир. Фақат Аллоҳгина ғайб илмига эга. Бундай хабарларни йўллаш катта гуноҳдир. Фақат уламоларгина диний масалаларни инсонларга тушунтиришади," - дейди Анвар қори Турсунов.

Кўрсатувга кўра, SMS хабарлардан ҳаддан зиёд фойдаланиш мамлакатда тарқалиб бораётган оммавий маданиятнинг яна бир исботидир.

Шу йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати университетлар ва мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишни чекловчи қоннуни чиқарганди. Бу қадам ёшларни "ёд ғоялар"дан сақлашга қаратилгани таъкидланди.