UzWebiston: Гулнора Каримова Twitterда поп юлдузларини танқид қилди

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Twitter микроблог тармоғида Ўзбекистонлик уч поп қўшиқчиси ижодини танқид остига олиб, танбеҳ берди.

21 июл куни Гулнора Каримова ёзган хабари Лола Йўлдошева ҳақида. Лола Йўлдошева мухлислари томонидан ўтказилган тадбир туширилган суратга муносабат билдирар экан у "Бу ҳудди "Фонд Форум" тадбирларининг ўзгинаси", - дея кўчирмакашликка ишора қилган.

Кейинроқ эса "Фақат устидаги қоғозини салгина ўзгартирибсизлар холос. Ҳудди ўзгинасини кўчириб қўя қолмабсизларда! Майли нусха кўчириш ҳам оқил қадам. Рахмат", - дея хабар ёзган.

Бунга жавобан Лола Йўлдошева ушбу тадбир унинг махлислари томонидан уюштирилгани, уларнинг аксари ҳали ёш экани ва улар ўрнак оладиган ва ўрганадиган инсонлари борлигидан ҳурсанд эканини ёзиб, "узрхоҳлик" қилган.

"Энг асосийси нусха кўчиришда ҳам ошириб юборманглар. Чунки аҳмоқона бўлиб кўриниши мумкин. Ростини айтганим учун узр", - дея жавоб қайтарган Гулнора Каримова.

8 июл кунидаги Twitter хабарида эса Гулнора Каримованинг эътибор марказида қўшиқчи Райҳон Ғаниева бўлган.

Каримова хоним Райҳон Ғаниеванинг "Фонд Форум" тадбридаги чиқишидан қониқмаганлигини шундай изҳор қилган: "20 йиллик тажрибага эга бўлган қўшиқчи учун бундай куйлаш шармандалик. Мутлақо пардадан чиқиб кетган".

Райҳон Ғаниева ҳам узр сўраб Twitterда ёзган: "Узр сўрайман. Сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Қўлимдан келганча ҳаракат қилдим"

Қўшиқчи Сардор Раҳимхон эса ижоди туфайли эмас, гўёки Facebook тармоғида "Аҳмедовлар" билан мулоқот қилгани учун танқидга учради.

Англашилишича, бу ерда гап MTS-Uzbekistan мобил телефон ширкатининг собиқ раҳбари Беҳзод Аҳмедов ҳақида кетмоқда.

26 июл куни Гулнора Каримова Сардор Раҳимхоннинг ўзига йўлланган мақтовига жавоб берар экан, "Рахмат. Лекин менда бир савол бор, Facebook да кимлар билан гаплашаётган эдинг? Аҳмедовлар билан дейишяпти?...Шунақа сотқинмисан?" - деб ёзган.

Бунга жавоб берар экан, Сардор Раҳимхон "Йўқ мен эмас, менинг номим билан Facebook да сохта саҳифа бор, ўшалар", - дея тонган.

Лекин Каримова хоним бунга ишонмаган: "Бу сенинг саҳифанг. Бундан ёмон ис келаётганини биласанми?", - дея "пўписа" қилган.

Сардор Раҳимхон "Сизни қанчалар севишим ва ҳурмат қилишимни ўзингиз биласиз", - дейишдан у ёғига ўтмаган.

"Ҳа майли...бўлиб туради...балким ҳақиқатан ҳам сохтадир", - деб "юмшаган" Каримова хоним.