UzWebiston: 'ноқулай қўшни' ёки ўзбек-қирғиз чегарасидаги ҳодиса матбуот нигоҳида

Image caption 23 июл кунги ҳодиса ўзбек ва қирғиз матбуотининг диққат марказида қолмоқда

12news.uz нашри 30 июл куни эълон қилинган мақоласида ўзбекистонлик таҳлилчи Аҳмад Абдурасуловнинг "Ҳозирги Қирғизистон Ўзбекистон учун унчалик ҳам қулай бўлмаган қўшнидир", - деган сўзларини келтиради.

Унга кўра, "Қирғизистоннинг бошқа давлатлар билан чегаралари ҳам тинч эмас".

23 июл куни ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган ҳодисани шарҳларкан, Абдурасулов ҳодисада қирғиз чегарачиларини айблаган.

"Ҳеч шубҳасиз, ҳаммасига Қирғизистон чегара хизмати ҳарбийлари айбдор. Улар бизнинг ҳудудимизга бостириб кирганлари етмагандай, Ўзбекистон чегарачиларига қарши қурол ҳам ишлатиган ва натижада чегарачилар ҳалок бўлган",- деб айтган ўзбек эксперти.

У чегарадаги сўнгги ҳодиса билан шу йилнинг январида Ўзбекистоннинг Сўх анклавида юз берган воқеалар ўртасида боғлиқлик борлигини айтган.

"Мен ҳозирги воқеалар билан йил бошида Ўзбекистоннинг Сўх анклавида юз берган ҳодиса ўртасидаги боғлиқликка эътибор қаратишни хоҳлардим. Ҳар икки ҳолатда ҳам қирғиз чегарачилари Ўзбекистон ҳудудида туриб, Ўзбекистон фуқароларини нишонга олишган. Шубҳасиз, бундай тенденция хавотир уйғотмасдан қолмайди", - деб айтган Аҳмад Абдурасулов.

"Лаёқатсиз" расмий

Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси Искендер Мамбеталиевнинг ҳодиса Қирғизистон ҳудудида рўй берган, деган баёнотига муносабат билдираркан, Абдурасулов қирғиз мулозимининг сўзларини Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид, деб талқин қилиш мумкинлигини айтган.

"Мамбеталиев ўзбек чегарачиларини чегарани билмасликда айблабгина қолмай, ўз қўл остидагиларнинг ўзбек ҳарбийларига қарши қурол ишлатишини оқлашга ҳам уринди. Шундай вазиятда таъкидлашни истардимки, амалда ҳодиса содир бўлган жой Ўзбекистонга тегишли ва Мамбеталиевнинг ДЧХ нинг расмий вакили сифатида Ўзбекистон тупроқларига даъвоси Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид деб баҳоланиши мумкин. Бу худди айтайлик, Ўзбекистон чегара хизматининг биронта зобити чиқиб, Бишкек Ўзбекистонга қарашли, дейиши билан баробар", -дея илова қилган ўзбекистонлик таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек-қирғиз чегарасидаги зиддиятларнинг асосий сабаби қирғиз чегара қўшинларида назоратнинг йўқлигида.

"Қирғизистон расмийлари вазиятни назорат қилишмайдигина эмас, балки назоратни қилишни истамайдилар ҳам", - деб айтган Абдурасулов.

"Farrux" исмли интернет фойдаланувчиси Абдурасуловнинг қарашларини қўллаб-қувватлаган.

"Мен экспертнинг фикрларига тўла қўшиламан. Агар бюджет изн берса, ўзимизни бу қотиллардан баланд тўсиқлар билан ўраб олишимиз керак", деб ёзган у.

"Dev" дея ном қўйган бошқа бир фойдаланувчи эса: "Бу воқеаларнинг жуда ҳам тўғри ва оқилона талқини, аммо бу ёввойи қирғизларни янада қаттиқроқ жазолаш керак, акс ҳолда улар яна сурбетлашади", дея шарҳ қолдирган вебсайт ўқувчиси.

Наманганлик ер заҳиралари бўйича эксперт Абдулҳай Абдуллаев ҳам Мамбеталиевнинг чиқишини қоралаган.

Podrobno.uz вебсаҳифаси 30 июл кунги сонида унинг "Мамбеталиевнинг сўзлари унинг лаёқатсиз шахс эканини кўрсатади. Агар қирғиз чегарачилари ўзбек ҳарбийларини чегарадан 10 ё дейлик, 50 метр узоқликда туриб отса ҳам тушунардик, аммо бизнинг ҳудудимизга 300 метр ичкари кириб келиб, яна бу бизнинг ҳудудимиз эди, дейиш бориб турган аҳмоқлик", - деб айтган Абдуллаев.

Вазият барқарор, аммо таҳдид аримаган

Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси Курманакун Матенов 31 июл куни ўтган матбуот анжуманида Қирғизистоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараларидаги вазият "нисбатан барқарор" экани, аммо таҳдид хали ҳам сақланиб қолаётганини айтган.

Бу ҳақда AKIpress агентлиги хабар тарқатган.

Айни пайтда мулозим чегарадаги баҳсли ҳудудлар билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётганига эътибор қаратган.

Вечерный Бишкек вебсаҳифаси Матеновнинг "Қирғизистоннинг давлат чегарасида қўшни давлатлар чегарачилари иштирокидаги янги ҳодисалар рўй бериши мумкин" деган сўзларини келтиради.

У шунингдек, ўтган уч йил мобайнида ўзбек чегарачилари қирғизларга қарши қурол ишлатган 31 та ҳолат қайд этилганини айтган.

"Натижада 5 киши ҳалок бўлган, 10 киши яраланган", - деган Матенов.

"Feniks" деб исм қўйган интернет фойдаланувчиси Ўзбекистон Қирғизистонга қарши ахборот уруши эълон қилганини айтган.

"Ўзбекистон бизнинг давлатимизга қарши ўзининг ҳарбий доктрина ва стратегиясига эга. Ҳаммаси сув заҳираларига бориб тақалади ва агар зарур бўлса, Ўзбекистон Қирғизистонга бостириб киришга тайёр. Шунинг учун ҳам биз ҳушёр туришимиз ва ҳужумни қайтариш учун тактикаларни ишлаб чиқишимиз керак", деб ёзган "Feniks".

"Veteran" исмли вебсайт ўқувчиси эса Қирғизистон раҳбарияти давлат чегараларини мустаҳкамлаш ҳақида ўйламаётганидан шикоят этган.

"Башоратларга келсак, деб ёзган у, - шуни ишонч билан айта оламанки, бизни олдинда хали кўп нарса кутаяпти".

"Би-би-си Мониторинг" хизмати томонидан тайёрланган