D&B: Ўзбекистонда вазият қалтислашмоқда

Турли мамлакатлардаги хавф-хатарлар даражасини ўрганувчи Белгияда жойлашган D&B ширкатининг охирги баҳосига кўра, Ўзбекистонда вазият оғирлашмоқда.

Ширкатнинг охирги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда иқтисодий эркинликлар ҳануз заифлигича қолмоқда. Иқтисодий эркинликлар даражаси бўйича Ўзбекистон 177 мамлакат орасида 162- ўриндадир.

Ширкатга кўра, мамлакатда иқтисодий имкониятлар бир ҳовуч танланган "ҳамкорларга" берилади, давлат томонидан қаттиқ назорат қилинувчи молия тизими кердитларни "сиёсий эркатойларга" тақдим қилади ва бутун тизим шахсий сектор ривожланиши йўлида катта тўсиқдир.

Ўзбекистонда расмийлар Ялпи Йиллик Маҳсулот ҳажми ўсиши йилига 8 фоиз атрофида деб айтсалар ҳам, бу рақамлар сиёссий қўлловга эришиш йўлида тақдим қилинган ва ишончсиздир. Шунга қарамай ширкат ЎЗбекистон иқтисоди ўсишини 2014 йил учу 8 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий сармояларни олиб келиш учун асослар мустаҳкамланаётган бўлса ҳам мамлакатга бормоқчи бўлган сармоядорлар кўплаб тўсиқларга дуч келадилар.

Конвертация муаммоси энг катта муаммолардан бири сифатида тилга олинган.

Лекин бу хориж сармоялари кириб келмаётганлигини англатмайди. Аммо шунга қарамай ширкат хорижий сармоядорларни Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан иш юритишда ўта эҳтиёткор бўлишдан огоҳ этган.

Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги пасту-баландликлар ҳам ҳисоботда тилга олинган.

Бу соҳадаги охирги муаммоли жиҳат сифатида Қирғизистон билан чегарада бўлиб ўтган отишма юзасидан икки томон ўртасида бўлиб ўтган даҳанаки жанг мисол тариқасида келтирилган.