Гулнора Каримова Твиттерда Франциядаги терговга муносабат билдирди

Image caption Гулнора Каримованинг ўзи пул ювиш ва корруция даъволарини рад этган ва ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган.

Францияда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳамда яна бир неча шахсни нишонга олган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ текширув бошланган.

Франс-Пресс агентлигининг номи ошкор этилишини истамаган француз расмийсидан иқтибос келтиришича, Франциядаги тергов шу йилнинг феврал ойида бошланган.

Ўтган ой бошида Франциядаги манбаълар Би-би-сига Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулк хатланганини тасдиқлаган эди.

Гулнора Каримованинг ўзи бугун Твиттерда Франциядаги терговга муносабат билдирган.

Франс-Пресс агентлигининг терговга яқин манбаъдан иқтибос келтиришича, франсуз расмийлари "уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний пулларни ювиш" ҳамда " хорижий расмийга пора бериш" каби ҳолатларни текширишмоқда.

Англашилишича, жиноят иши марказида Франция жанубидаги вилла дохил, кўчмас мулк масаласи турибди.

Ўтган ой француз полицияси Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган икки манзилга рейд уюштирган эди.

Кейинроқ Тошкентдаги "Фонд Форум" жамғармасига яқин манбаъ Би-би-сига Франциядаги Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулк хатланганини тасдиқлаган.

Манбаънинг билдиришича, 17 ва 18 июн кунлари Гулнора Каримовага тегишли Париждаги ҳашаматли уй ва Сан Тропе оромгоҳидаги виллага муҳр босилган.

Дастлабки хабарларда француз полицияси Швеция ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови асосида амал қилгани айтилган.

Швецияда мамлакатдаги энг йирик телеком ширкати - TeliaSonera-га қарши очилган жиноий ишда ҳозирда Гулнора Каримованинг ўзи ҳам гумонланувчи шахс сифатида кўрилмоқда.

Каримова хонимга яқин тўрт шахс эса Швейцария банкидаги пуллар билан боғлиқ жиноий терговда расман гумондор ҳисобаланади.

Швейцария жамоатчилик телевидениеси RTS нинг ахборотича, Швейцария ушбу жиноят иши доирасида ҳозирга қадар 800 миллион швейцар франки ёки 845 миллион доллар маблағни музлатган.

Аммо Францияда олиб борилаётган терговда Каримова хонимнинг мақоми аниқ эмас.

Швед журналистларининг ишонишларича, Гулнора Каримова Парижда қимматбаҳо квартира ва Ривиера оромгоҳида жойлашган беш юлдузли меҳмонхонага эгалик қилади.

Гулнора Каримованинг ўзи пул ювиш ва коррупция даъволарини рад этган ва ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган.

Бугун Твиттердаги саҳифасида Франциялик журналист эканини айтган фойдаланувчининг интервью ҳақидаги сўровини рад этган Каримова хоним "Сен кир қидираётганингни билардим. Ахлат кавлашда сенга омад ёр бўлсин!" дея заҳарханда қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ