Владивостокдаги қотиллик матбуотда ўзбекларга ағдарилди

Image caption Қотиллик ҳақидаги ёлғон хабар ўзбекларга қарши кайфиятни янада кучайтиришга хизмат қилди.

Россия полицияси Владивостокда ўзбекистонистонлик муҳожир бир рус аёли ва унинг ўғлини ўлдиргани, яна бир болани яралагани ҳақида матбуотда пайдо бўлган хабарларни рад этган.

Приморск ўлка ички ишлар бошқармаси вакилининг Би-Би-Сига айтишича, 27 июл куни содир этилган жиноятга Ўзбекистон фуқаросининг алоқаси йўқ.

Жиноятда маҳаллий шахслардан бири гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Ўзбекларга туҳмат

Бир неча кун олдин ОАВ ларда “Владивостокда ўзбек бир аёлни буғиб ўлдирди, унинг ёш ўғлини пичоқлади, иккинчисини жароҳатлади” деган хабар тарқалиб кетди.

Илк хабарларни Россбалт ва НСН (Национальная служба новостей) сайтлари берган.

Ахборотнинг ҳаққонийлиги текширилмай ҳам кетма кет бошқа сайтлар, газеталар икки кун ичида ўзбекнинг вахшиёна қотиллигини дунёга жар солдилар.

Айни пайтда Россияда авж олган муҳожирларга нисбатан миллатчилик кўринишлари саҳнасида бу ҳабар ўзбекларга қарши кайфиятни янада кучайтиришга хизмат қилди.

Аслида эса, Владивостокда нима бўлганди?

Россбалт ва НСН тарқатган хабарларга кўра, Владивостокка меҳмонга келган ўзбекистонлик 40 ёшли маҳаллий аёл Луговой майдони районидаги бозорда танишган ва аёл уни уз уйига кечки овқатга таклиф қилган.

Шу куни аёлнинг уйида 11 ёшли ўғли ва унинг 12 ёшли дўсти бўлган.

Аёл ўзбекистонлик меҳмон билан бирга ичиб ўтиришиб, жанжаллашиб қолишган.

Ўзбек аёлни буғиб ўлдириб, ошхона пичоғи билан болаларга ташланган.

Кейин эса жиноят изини йўқотиш мақсадида уйни ёқиб юбориб, ўзи қочиб қолган.

Аёл ва унинг ўғли воқеа жойида ҳалок бўлган, қўшни бола эса тутундан димиқиб ўзига келган ва айвонга чиққан.

Шу пайтда айвонга чекишга чиққан қўшни бола қичқириғи ва тутунни кўриб, ёрдамга шошган.

Хабар тарқатувчилар қотилликда гумондор эртаси куниёқ қўлга олинганини ўзбекистонлик меҳмон пляжда ичиб дам олаётганида қўлга олинганини билдирган.

Ҳар икки сайтда ҳам манба сифатида PrimaMedia ни келтирилган. Аммо бу сайтда мазкур жиноят бутунлай бошқа талқинда эканлигини кўриш мумкин.

Қотил ичкилик оқибатида ўз таниши ва унинг ўғлини ўлдиргани ҳақида батафсил маълумот бериб, гумондор сифатида 33 ёшли владивостоклик киши қўлга олингани ва унга нисбатан

жиноий иш қўзғатилгани баёт этилган.

Шунингдек, яна бир манба сифатида кўрсатилган "Вести:Приморье" сайтида ҳам айнан шу маълумотни кўриш мумкин.

Мазкур маълумот юзасидан Приморский ўлкаси Ички Ишлар Бошқармаси матбуот хизмати "27 июль куни полиция бўлимига “ВЛКСМ 50 йиллиги” кўчасидаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлганлиги ҳақидаги хабар келиб тушган. Ёнғинни бартараф қилиш жараёнида уйдан аёл ва ёш бола жасади топилди. Суриштирув ишлари натижасида, улар жиноят оқибатида қурбон бўлишгани аниқланди, гумондор сифатида 34 ёшли владивостоклик қўлга олинди”, дея маълум қилди матбуот хизмати.

Приморский ўлкаси ИИБ бошқармаси бошлиғи Николай Афанасьев бошқарманинг 30 июнь кунги йиғилишида мазкур жиноят ишини очишда жиноят қидирув бўлими ходимларининг тезкор ва моҳирона ишлари учун миннатдорчилик билдирган.

"Жиноятчи ўз қилмишини рад этгани йўқ, унга нисбатан 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин", таъкидлади ўлка ИИБ матбуот хизмати.

Афсуски, ўзбекларга нисбатан адоватни кучайтиришга хизмат қилувчи ахборот мамлакатнинг деярли барча ОАВ ларида эълон қилиб улгурди.

Ёлғон маълумот тарқатган Россбалт сайти ва НСН мухбири Татьяна Феникс билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бу мавзуда батафсилроқ