The Guardian: "Силга чалинган беш мижоз ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди"

Британиянинг The Guardian газети Ўзбекистонда сил касалини даволаш бўйича кўнгилли ёрдам фаолиятини ўтказган Доктор Эмили Вайснинг мулоҳазаларини босган.

Унда ёзилишича, туберкулёзни даволаш учун ишлатиладиган дори депрессия ва ўз жонига қасд қилиш ҳолларига олиб боради. Доктор Эмили шунингдек, даволашни олиб бориш усуллари ҳам жуда мунозарали эканини ёзади.

Охирги тўққиз ойда мен дорига ўта чидамли бўлган жуда юқумли, даволаш қийин ва оқибати фожеали сил касалига чалинганлар ёнида бўлдим. Мен "Чегара билмас шифокорлар"нинг врачи сифатида Ўзбекистоннинг сил энг кўп тарқалган Қорақалпоғистон вилоятида ишладим. Мен у ерда сил касаллигининг - қичимадан тортиб, бўйрак етишмовчилиги каби асоратларини даволашга гувоҳ бўлдим. Лекин энг кутилмагани ва хавфлиси- беморларнинг депрессияси, тушкунликка тушиши эди. Силга қарши дори воситаларини қабул қилган беморлар бу яширин бўлмаган руҳий касалликка чалинишган. Циклосерин мижозларда депрессия, тажанглик ва суиқасд қилиш хаёлини туғдиради. Охирги ойда бизнинг беш мижозимиз ўз жонига қасд қилишга уринди. Шу сабабли бизнинг олдимизда туберкулёзнинг чангалидан беморни сақлаб қолиш бирга, дорининг қолдирадиган асорати хавфини унутмаслик вазифаси турарди.

Яқинда менинг Мая исмли мижозим "Чегара билмас шифокорлар" томонидан тайёрланган маслаҳатчига мурожаат қилиб, ўзини ўлдирмоқчи экани айтади. Биз дарҳол "инқироз"гуруҳини тўплаб Маянинг олдига етиб бордик. Биз уни ўз вақтида- хона ўртасида стулга чиқаётган ҳолида топдик.

Кўпинча, таъсирчан руҳий ёрдам воситаси йўқлигидан бизнинг имкониятларимиз чекланган эди. Биз Маяни тинчлантириб, унга ўзимизда бор депрессияга қарши энг яхши дорини бердик ва уни кеча-кундуз шифокор назоратидаги бўлимимизга таклиф қилдик.

Мая жуда оғир шароитда етимликда ўсган ва бу шароит уни ёлғиз ва ўз қобиғига ўраб қўйган. Унинг шахсий ҳаётини билганим учун , Мая циклосеринни дастлаб қабул қилганидаёқ ҳаёти хавф остида бўлганини биламан. Чунки руҳий муаммолари бўлган беморлар циклосериннинг асоратларига янада мойил бўлишади. Менинг тажрибам бўйича, циклосериннинг асорати ўзида депрессиянинг ҳақиқий белгиларини пайдо қилмайди. Шу билан бирга, дори ҳеч нарсадан шубҳаланмаган беморда ёмон хаёлларни уйғотса, унга қарши курашиш лозим. Циклосериннинг ўрнига антидепрессант қабул қилиш бундай хаёлларни тарқатиши мумкин.

Мен Маяга агар хавотирли ва ғалати хаёллар билан тўқнаш келса, дарҳол бизга хабар беришини айтиб огоҳлантирдим. Лекин мен уни кўрганимда у силнинг оғир шаклини бошидан кечираётган, бошқа барча даволаш усуллари имконсиз эди. Мен циклосеронсиз унинг силга қарши курашиши жуда кучсиз ва оқибатда ҳалокатли бўлишидан қўрқдим.

Сил бўлган беморларга кундалик қабул қиладиган дорилар ва даволанишнинг узлуксизлиги худди турма каби бўлиши мумкин. Биз ҳар бир мижоз билан ишлаганимизда қилаётган ҳаракатларимиз бефойда бўлиб қолиши, ҳар бир беморнинг ҳаёти қил устида турганини ҳис қилиб турардик.

Маянинг суиқасдга урингани, бизнинг ўз вақтида етиб борганимиз, ўша пайтдаги ҳис-туйғулар албатта оғир. Мен иложи борича ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қиламан, лекин ўз ҳаяжонларимизни ҳам яширишга, босишга тўғри келади. Бундай иложсиз вазиятларда ишлаш жуда улкан руҳий зўриқишни беради, минтақада ягона халқаро шифокорлик хизматини сақлаб қолиш ҳам олдимизга қўйилган вазифани бажаришда катта масъулиятни юклайди.

Кейинги кун Мая мендан қачон силга қарши дориларини ичишни бошлашини сўради ва ўзини йўтал қийнамаётганини айтди. Шуни яна бир бор тан олишим керакки, бизнинг туберкулёзга қарши ишлатаётган дориларимиз охирги қарор эмас, балки чорадир холос. Биз дори саноати ва халқаро ҳамжамиятдан бу касалликни кун тартибига қўйишларини сўраймиз ва шифокор ва беморлар янги даволаш усулларига муҳтож эканликларини айтамиз.

Бу масъулият менинг елкамда эмас, уларда бўлиши лозим.

Эмили Вайс- юқумли касалликлар бўйича Британия мутахассиси, Ўзбекистонда силга қарши кураш лойиҳаси қатнашчиси.