Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз тактикасини ўзгартиряпти

Image caption Расмийларга кўра, Исломий ҳаракат аъзолари фаолиятларини махфийлаштириб, оддий одамлар орасига киришга кўпроқ ҳаракат қилмоқда.

Афғонистондаги маҳаллий расмийларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бугунги кунга келиб фаолиятини олиб боришнинг бошқа йўлларини кўра бошлаган.

Бунда улар кўпроқ кимликларини махфий тутган ҳолда, халқ ичига киришга ва уларни ўз сафларига жалб қилишга ҳаракат қилишмоқда. Бу мақсад йўлида маҳаллий аҳоли тилини ўрганиб, ўзларига нисбатан шубҳа туғдирмасликка ҳаракат қилишмоқда, деб айтади Бурка тумани ҳокими Абдусалом Жаббор Би-би-си билан суҳбатда.

Абдусалом Жаббор: Булар кўп ажралиб турмайди. Одам бир қараганда уларнинг кимга мансублигини билолмайди. Улар авваллари ким эканликларини айтишарди. Мисол учун Фарғонадан, Тошкентдан, ёки бошқа жойдан бўламиз дерди. Энди фаолиятларини махфийлаштирганлар. Йўлларга, кўприклар остига бомба қўйишади. Буркага келган пайтлари улар ўзларини Чордара ёки Қундуздан деб, Қундузга борганда эса таҳорлик деб таништиришади.

Би-би-си: Уларнинг юзидан кимлигини билиб бўлмайдими? Суҳбатларидан билиб бўладими ўзбекистонлик, тожикистонлик ёки Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига талуқли бўлган шахслар эканлигини?

Абдусалом Жаббор: Агар тилига эътибор берсак, улар фарёбликмиз дейишади. Халқнинг ичида юриб улар турли лаҳжалардан фойдаланиб тилимизни ўрганиб олишган. Шунинг учун улар билан кўп вақт бирга бўлмасанг, ким эканлигини билиб бўлмайди.

Би-би-си: Сиз айтаяпсиз, буларни одамлар билан унча фарқ қилиб бўлмайди, деб. Айнан Бурка туман аҳолисидек суҳбат қилади. Оддий аҳолидан фарқ қилиши қийин, деяпсиз.Улар кўчаларда, бозорларда оддий одамлар каби юрадими?

Абдусалом Жаббор: Йўқ, йўқ. Ўз ишларини қилишади холос.

Би-би-си: Нега Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг фаолияти Бурка тумани ва Бағлон вилоятида кўпайган. Асосий сабаб нима?

Абдусалом Жаббор: Бурка туманининг 85-90 фоиз аҳолиси ўзбеклардан иборат. Ва бу ўзбеклар кўп нарсалардан бебаҳра қолишган. Уларнинг ана шу йўқсиллигидан фойдаланишади. Халқни ҳукуматга томон жалб қила олсак, улар ҳамма имкониятини қўлдан бой беради. ЎИҲининг ўтмишига қарасангиз, улар кўп фаол эдилар. Ҳатто кўп ёшларимиз вақтида улар сафига қўшилмоқчи ҳам бўлганлар. Улар одамларни ўз сафларига олиш учун кўп тарғибот ишлари юритганлар.

Би-би-си: Сиз айтаяпсиз, гўё бир тўда ёшлар ЎИҲ фаолиятига қўшилишга мойиллик кўрсатган деб. Энди сизлар маҳаллий ҳукумат сифатида шундай ҳаракатларнинг олдини олиш учун нима қиляпсизлар?

Абдусалом Жаббор: Бу чигал ва катта мавзу. Мен туман ҳокими сифатида кам иш қила оламан, кам имкониятга эгаман. Бу масалага вилоят ҳокимияти, хавфсизлик идоралари жиддий эътибор беришлари керак. Улар аниқ лойиҳа, дастурлар ишлаб чиқишлари керак уларга қарши. Биз минтақада иш юритиб, халқни ҳукумат томонга жалб қилишимиз керак. Ўшанда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолият юритиши учун замин қолмайди.

Би-би-си: Ҳозир ҳукумат бу ишларни қилмайдими?

Абдусалом Жаббор: Давлат ишлайди. Лекин душман жуда фаол. Биз уларнинг фаолияти заминини йўқ қилишимиз керак.

Би-би-си: Уларнинг сони тахминан қанча бўлиши мумкин?

Абдусалом Жаббор: Аниқ эмас. Улар йўлларга миналар қўйиш учун кўп ишлашяпти.

Би-би-си: Бурка тумани Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг марказига айланиши мумкинми бу кетишда?

Абдусалом Жаббор: Полиция, хавфсизлик идоралари аниқ иш олиб боришлари керакки, улар нинг фаолиятлари учун замин қолмаслиги учун.

Би-би-си: Ҳарбий амалиётлар ўтказилаётган экан. Улар натижа бермайдими?

Абдусалом Жаббор: Бир йил олдин яхши натижа берган эди. Энг яхши натижани ўтган йил қўлга киритган эдик. Лекин шунча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ЎИҲнинг оддий аъзолари қўлга тушди. Халқ ҳам тунги рейдлар фойда бермаслигини тушунди. Тунги амалиётларда оддий одамлар ҳам ушлаб кетилган пайтлар бўлган.