Муҳожир ота-онасидан ажратилган болалар қаердалиги номаълум

Image caption Халқаро ташкилотлар лагернинг ноинсоний чора эканини айтиб қоралашмоқда

Москвада муҳожир ота-оналаридан ажратиб олинган болаларнинг қаердалиги номаълум ва уларни ажратиб олган Россия расмийлари бу ҳақида бирон маълумотга эга эмаслар.

Москвада ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлга олиш амалиётлари чоғида улар билан бирга ёш болалар ҳам тутилиб, 2 август куни ташкил этилган муҳожирлар лагерига келтирилган.

Вьетнамлик болакай соғлиги ёмонлашуви оқибатида шифохонага юборилган. "Лагерга келтирилган бошқа ёш болалар "Канатчиково"даги вояга етмаганларни сақлаш марказига жойлаштирилди," дея маълум қилди ИИВ матбуот хизмати.

Аммо, аниқланишича, лагердан "Канатчиково"га юборилган ёш болалар айни пайтда марказда эмаслар ва қаердаликлари ҳам номаълум.

"25 кишилик марказда айни пайтда 18 киши сақланмоқда. Уларнинг 8 нафари оналар ва 10 нафари ёш болалар, - дейди марказ директори Лариса Нерсесян. - сақланувчиларнинг аксари ўзбек. Шунингдек, тожик ва молдованлар ҳам бор."

5 август куни марказга 3 ёшли болани онаси билан бирга олиб келишган, аммо кўп ўтмай у онаси билан бирга судга олиб кетилган.

Яна 1 ёшга тўлмаган болакай соғлиги ёмонлашгани сабабли онаси билан бирга шифохонага юборилган.

Ноқонуний меҳнат муҳожирларини қўлга олиш чоғида яна камида 3 нафар ёш бола бўлган. Болакайларнинг тақдири номаълум. Улар қаерга олиб кетилди, қаерга жойлаштирилди, ҳеч ким жавоб бера олмаяпти.

Черкиз бозоридаги ноқонуний муҳожирларни қўлга олиш чоғида ҳам ота-оналарнинг ёнида ёш болалар бўлган. Полиция бўлимларида ота-оналарини олиб қолиб, ёш болаларни ёлғиз ўзларини қўйиб юборишган. Бу болаларнинг ҳам ҳоли нима кечди, маълум эмас.

Бу борадаги саволларга Федерал миграция хизмати, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш комитети пойтахт бўлими, ИИВ пойтахт бошқармаси ҳеч қандай жавоб бера олмаяптилар.