Тошкентда сарғайган арчалар ёппасига кесилмоқда

Image caption Тошкентда кесилган арчалар (сурат Sreda.uz.дан олинди)

Ўзбекистон пойтахтида қадим дарахтларни кесиб ташлаб, ўрнига экилган арчалар энди ёппасига кесилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Бу ҳақда Фергана.ру ва Podrobno.uz сайтлари Sreda.uz. экологик блогига таяниб хабар беради.

Sreda.uz.нинг бу борада олдин берган хабари Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан рад қилинган эди.

Sreda.uz.блоги муаллифи илгари арчалар кесилаётганини тўлиқ суратга ололмагани, шу кеча-кундузда Анҳор бўйида туширилган суратлари ҳақиқатдан арчалар ёппасига кесилаётганини кўрсатишини айтади.

Гувоҳлар ҳам бир ҳафтадан буён арчалар кесилиб, машиналарга ортилаётганини гапириб беришган.

Бундан олдин бир қанча интернет сайтлари Тошкентда сарғайган арчаларни яшил рангга бўяб чиқилаётгани ҳақида ёзишган эди.

Sreda.uz.блогининг муаллифи журналист Наталя Шулепина аниқлашича, арчаларнинг сарғайишига сабаб, илгари Ўзбекистонда учрамаган "арча қурти"нинг дарахтларга ёппасига ҳужум қилиши оқибати экан.

"Арча қурти" илгари бўлмагани сабабли у ўрганилмаган, маҳаллий шароитда унга қарши кураш усуллари ҳам ҳали аниқ эмас.

"Арча қурти" арча кўчатлари билан бирга олиб келинган, деб тахмин қилинмоқда.

Бу ҳашарот ўтган асрнинг ўрталарида Тожикистонда қайд этилган, сўнгра Сурхондарё вилоятида ҳам пайдо бўлган.

Шулепинанинг сўзларига кўра, Бухорода ҳам жуда кўп зарарланган арчалар аниқланган.

Зарарланган арчаларни кесиб, ёқиш учун олиб кетилаётганда шамол ҳашаротларни учириб кетган бўлиши мумкин. Зараркунандалар канал ва дарёларга тушганда яшаш жойларини яна ҳам кенгайтиришади.

Image caption Sreda.uz. муаллифи Наталя Шулепина кесилган арчаларни суратга туширган.

"Анҳор бўйи кесилган сариқ арчаларга тўлган. Бундай арчалар Олий Мажлис биноси олдидан ҳам кесилган. Бутун пойтахтда юзлаб, минглаб арчалар кесиб олинмоқда. Ахлат ташувчи машиналар кесилган дарахтларни Яланғоч массивидаги ахлатзорга тинимсиз элтади. Анҳор бўйига экилган бошқа янги дарахтлар ҳам зарарлангани кўринади. Кесиш навбати уларга келиши мумкин", деб айтади журналист Наталя Шулепина.

Ўзбекистонда маҳаллий шароитга мос, жазирама иссиқда соя берувчи юз йиллик дарахтлар, жумладан қадим чинорларни кесиб, арчалар ўтказилган.

Лекин арчалар иқлим шароитига мослашолмай қуриб кетишига, шунингдек зарарли касалга чалингани аниқланганига қарамасдан, экишда давом этилмоқда.

Ўзбекистонда 1000та кекса дарахт қолган холос

Июл ойининг охирида Ўзбекистондаги интернет сайтлари Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мулозими Ўлмас Собировга иқтибосан, мамлакатда мингдан ортиқ кекса дарахтлар қолганини ёзган эди.

Ўшанда жаноб Ўлмасовнинг билдиришича, ёши 100 дан ошган дарахтлар 2007 ва 2011 йиллар орасида ўрганиб чиқилган.

Кекса дарахтларнинг 88 фоизи Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида, тўққиз фоизи тоғ ўрмонларида ва бир фоизи тўқайларда аниқланганини айтган Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили.

Дарахтларни кесишдан мақсад?

Кўпчилик кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги бир асрдан кекса, бугун ҳам соғлом ва бақувват, ёзнинг жазирамаларида инсонларга соя берадиган дарахтларнинг илдизлари билан қўпорилиши ортида камида учта сабаб бор.

Бири мансаб курсисини эгаллаган амалдорларнинг "юқорига ёқиш" ва шаҳарни қайта қуриш ва ободонлаштириш баҳонасида давлат бюджетидан кўпроқ маблағни ноқонуний ўзлаштириш истакларидир.

Шунингдек, СССР замонини эслатадиган хотира қолдирмаслик, мамлакат мустақиллиги йилларида Ўзбекистон шаҳар ва кўчаларининг нақадар кенг ва обод бўлганини кўрсатиб қўйиш интилиши.

Бироқ бу узоқни кўзламай, иқлим шароитини ҳисобга олмай амалга оширилган кампания ўзининг ёмон натижаларини аллақачон бера бошлади.

Яқинда Тошкентда арча дарахтига бағишланган кўргазмани ташкил қилган Носвой гуруҳи аъзоларидан бири мамлакат пойтахтини мақбараларга ўхшаган қатор-қатор оқ бинолар ва арчалар қоплаган қабристонга қиёслаганди.