Тошкентлик веб дизайнер озиқ-овқат эвазига хизмат кўрсатмоқчи

Image caption Ўзбекистонлик вебсаҳифаловчи ўз эълонини ҳазиломуз тарзда бергани, лекин бу дунёга чиқиб кетганидан ҳайратдалигини айтади.

Ўзбекистон интернет сайтларида Интернет саҳифаларини яратиб берувчи веб дизайнер эълон бериб, озиқ-овқат эвазига хизмат кўрсатишини билдирган.

Аниқроғи, товуқ гўшти билан ҳақ тўлашингиз мумкин, дея илова қилган у. Бу эълонни 24 ёшли тошкентлик Марат Ахмедшин берган.

Би-би-си у билан телефон орқали боғланиб, нима учун ўз хизмати учун озиқ-овқат, хусусан айнан товуқ гўшти сўраётганлиги билан қизиқди.

Марат Ахмедшин: Мен Томск университетида ўқиганимда, сервер веб сайтларни яратиш касбим бўлиб қолганди. Мен ўша қобилиятимни Тошкентга қайтиб, деярли ҳар куни ўз ишимда давом эттираяпман. Март ойидан бошлаб мен спорт билан жиддий шуғулланишга қарор қилдим. (Марат Аҳмедшин бодибилдинг билан шуғулланади) Ва бу учун оқсилларни хаддан ташқари кўп тановул қилиш керак. Энг яхши протеинлар, яъни оқсиллар жўжа гуштида, унинг ёғсиз кўкрак қисмида бўлади. Шунинг учун мен бундай қарорга келдим. Яъни агар мен оддий "визитка" деб айтиладиган сайтни яратсам, мижозлар пул эмас балки товуқ гўшти билан менга тўлашлари керак бўлади. Яъни бир сайтнинг яратилиши 15 кило товуқ кўкрагига арзийди, деб ўйлаганман.

Би-би-си: Буни пулга чақадиган бўлсак, 5 кило товуқ гўшти қанчага тушади?

Марат Ахмедшин: Демак, 15 минг сўмни 15 килога кўпайтирсак, бу деярли юз доллар атрофида бўлади...оддий веб саҳифа.

Би-би-си: Демак, сиз веб саҳифани юз долларга баҳолагансиз?

Марат Ахмедшин: Ҳа, мен тахминан шундай ҳисоб- китоб қилганман. 15 кило менинг назаримда бир сайтга арзийдиган мол. Бундан келиб чиқиб, мен кейин эълон берганман. Лекин уни кўпроқ хазиломуз тарзида берганман.

Би-би-си: Бу 15 кило жўжа гўшти сизга қанчага етади?

Марат Ахмедшин: Мен протеинларни, яъни оқсилларни тановул қилиш тартибим бўйича, ҳар еганда 460 грамм ейишим керак бўлади. Шу билан бирга, бу кунига қанча спорт машқлари бажаришимга қараб. Яъни кунига ярим товуқ гўшти кетади ва 15 кило фақат ярим ойга етиши мумкин.

Би-би-си: Товуқ гўштлари тугагач, сиз яна бошқа эълон бериб, мижозларингизга мурожаат қиласиз, шундайми?

Марат Ахмедшин: Йўқ, овқат учун вебсайт яратиш, деган ғоя бўлмаган менда. Лекин мени хайратда қолдирган нарса, қандай қилиб, Ўзбекистондаги ички интернет учун мўлжалланган бу хабар ташқи дунёга чиқиб кетган? Бизда жуда примитив даражада интернет ривожланган деб ўйлаб юрардим.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда тансиқ деб саналган товуқ гўшти эвазига веб сайтларни яратишга қарор қилгансиз, бунинг тагида бошқа сабаблар ҳам борми?

Марат Ахмедшин: Йўқ. Мен бундай ўйламайман, товуқ мол гўштидан арзонроқ туради. Бундан ташқари унинг таркибий қисмларида умуман ёғ йўқлиги ва ҳар ерда сотилгани сабаб мен уни тановул қиламан.

Би-би-си: Сиз элон берганингиздан кейин одамлар сизга телефон қилишдими?

Марат Ахмедшин: Ҳа, қилишди, уч марта. Биринчи марта мижозимга, бу ярим хазил ярим ҳақиқат дея тушунтирдим. Лекин у рози бўлди. Мен сайтни қилиб бўлганимдан сўнг, ўз нормамни олдим. Лекин мен ўша мижозга фақат мана бу тумандан олинг, у ерда товуқ гўшти "свежий" яъни сифатли бўлади деб айтганман. Мен одатда ҳамиша ўша ердан сотиб оламан. Олиб келишганидан кейин мен 15 килони музхонага ташлаб қўйдим. Бугун эса яна бир қўнғироқ олдим, мураккаброқ вебсайт яратишни сўрашганида, мен кўпроқ пул ишлашга қарор қилдим. Чунки уларнинг таклифи менга жиддийроқ туюлди. Шунинг учун мен товуққа эмас, пулга ишлашга қарор қилдим.