Асфалт йўлдаги жамлоқ: муҳожирлар тақдирлари ҳал бўлишини кутишмоқда

Image caption Ҳозир муҳожирларнинг турган шароит илгари яшаган шароитидан анча яхши, дейишмоқда расмийлар.

Москвада меҳнат муҳожирларининг жамлоқларда ушлаб турилиши бир ҳафтадирки, Россия матбуотининг энг кўп ёритилаётган мавзусига айланиб турибди.

"Новые Известия" газети "Концлагер пионерлари" деб сарлавҳа қўйган мақоласида ёзишича, жамлоқдаги муҳожирлар кўчирилиши айтилган бўлсада, ҳали ўзгариш йўқ.

600 га яқин тутқун, аксарияти вьетнамликлар ўз тақдири нима бўлишини кутмоқда.

Илгари вьетнамликлар ишлаган тикув фабрикаси ҳудудида шундоққина асфалт устига ўрнатилган чодирларда 30 кишидан яшамоқда. Муҳожирлар кун тартибидаги уч маҳал ўрнига икки маҳал овқат берилаётганини айтишган.

Вьетнамликлардан ташқари бир афғон, икки суриялик, тожик ва ўзбек фуқаролар бор.

"Муҳожирларнинг бу тарзда сақланиши очиқдан-очиқ инсон ҳақларининг бузилишидир, бундан ташқари полиция муҳожирларга ўта қўпол муносабатда бўлаяпти, дейди Gulagu.net лойиҳаси фаоли Владимир Осечкин "Новая Известия"га берган интервьюсида.

Россия мусулмонлар диний бошқармаси вакили Албир Кургановга кўра, 20 га яқин муҳожир Ҳайит байрамини жамлоғда кутиб олган. Уларга байрам дастурхони ёзишга ҳаракат қилинган ва ноқонуний муҳожирликнинг зарари ҳақида гапирилган.

Газетанинг ёзишича, муҳожирлар учун ичимлик суви ва кир ювиш порошоги етишмайди. Ҳар тўрт чодирга кир ювиш битта тоғора берилган.

Расмийлар тез ёрдам хизмати жамлоқда доимий турганини айтишган. Бироқ муҳожирлар шифокорларга деярли мурожаат қилишмаяпти. Уларни мажбурий текширишга тўғри келмоқда.

"Ҳозир муҳожирлар турган шароит илгари яшаган аҳволидан анча яхши. Улар, айниқса вьетнамликлар деярли қуллик шароитида яшаб, ишлашган.

Ҳозир муҳожирлар барча керакли нарса билан таъминланган, кунига 100 рублдан сарфланмоқда улар учун", дейди Москва Ички Ишлар Бошқармаси расмийси Антон Цветков.

Москва жамоатчилик кузатув комиссиясининг аъзоси Александр Куликовскийнинг айтишича, кўп вьетнамликлар ватанига қайтишни истамамаётганлиги боис, уларни депортация қилиш узоққа қилиш чўзилиши мумкин.

Бошқа томондан, москваликлар тезроқ чодирлар шаҳри бузилишини исташади. Илгари чодирлар ўрнига одамлар машиналарини қўйиб келишган. Икки ҳафтадан буён автомашиналарини ололмаётган одамларнинг норозилиги кўпайган.

Муҳожирларнинг ушлаб турилишига қарши москваликлар "Концлагерлар тугатилсин" деган пикетлар ҳам ўтказишган.

Бу мавзуда батафсилроқ